ИИБда тўхтамаётган ўлимлар, Тошкентда микро-блэкаут ва пачақланган электробуслар — ҳафта дайжести
Бир йил ичида олтита ўлим: ИИВнинг сиёсий жавобгарлиги ҳақида ўйлаш вақти келмадими? Электрсиз қолган Тошкент: президент топшириғи нима бўлди? Қаерга кетгани номаълум олтинлар: ташқи қарз миқдори ва бюджет дефицити нега яшириляпти? Ҳафтанинг асосий мавзулари – Kun.uz дайжестида.
Терговдаги қийноқлар – охирги бир нечта ҳафталардаги дайжестларимизнинг доимий мавзусига айланиб қолди. Афсуски, бундай нохуш ҳолатларнинг яна бири ўлим билан якун топди. Навбатдаги фожиа 3 июн куни Тошкент вилоятининг Бўка тумани ички ишлар бўлимида рўй берди.
Шу куни ўғриликда гумонланиб ушланган 36 ёшли эркак аввалига махсус тергов хонасида, камера қаршисида кўрсатма берган, кейин эса бошқа хонага олиб чиқилиб, бошқа бир жиноятга алоқадорлиги бўйича сўроқ қилинган. Ана шу иккинчи сўроқ пайтида қийноққа солингани айтилаётган фуқаро, шу куннинг ўзида, шифохонада жон берган.
Дастлабки экспертиза хулосасига кўра, марҳумнинг кўкрак ва қорин соҳаларига зарба берилган, бўйнидан бўғиб қийноққа солинган. Натижада эркакнинг қовурғаси синган, ички аъзоларига қон қуйилган. Интернетда унинг яқинлари Бўка тумани ИИБ биноси олдида тўплангани акс этган видео тарқалди. Ёлланма ишчи бўлиб ишлаган фуқаронинг 4 нафар фарзанди етим қолди.
Воқеа бўйича тергов бўлимининг икки нафар тезкор ходими ишдан бўшатилиб, қамоққа олинган. Расмийларга кўра, улар жиноий қилмишини бўйнига олмаган. Ҳолат бўйича Бўка туман ИИБ бошлиғи, унинг биринчи ўринбосари, жиноят-қидирув бўлими бошлиғи, тергов бўлими бошлиғи ва навбатчилик қисми масъул ходими ҳам лавозимларидан олинган.
Воқеа жамоатчиликни жунбишга келтирди, бу каби ноинсоний қийноқлар муттасил давом этаётгани фаолларнинг жиддий норозилигига сабаб бўлди. Биздаги ҳисобларга кўра, охирги 1 йил ичида камида 6 фуқаро ички ишлар органига олиб келиниши ортидан вафот этди. Бу – фақат кенг оммага маълум бўлганлари. Ёпди-ёпди қилиб юборилган ҳолат, аввалги йиллардаги ўлимлар ва шафқатсиз қийноқдан тирик чиққанлар бу саноққа киритилмаган.
Ўртача ҳисобда ҳар икки ойда битта ўлим рўй бериб турган тизимнинг раҳбари, агар бошқа давлатда бўлганида, аллақачон ўз хоҳиши билан ишдан кетган бўларди. Бизда эса, шунча воқеадан кейин ҳам ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов қийноқлар масаласида ҳисоб бериш учун бирор марта парламентга ҳам чақирилмади. Омма олдига чиқиб шахсан изоҳ бериш, матбуот анжумани ўтказиб, саволларга жавоб қайтариш, марҳумларнинг яқинларига таъзия билдириш каби нормал давлатлардаги одатлар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади.
Бу қон тўкилишлари бўйича тизимнинг энг биринчи раҳбарлари шахсан жавоб бериши керак, деган фикрни билвосита бўлса-да илгари сураётган расмийлар ҳам йўқ эмас. “Юксалиш” ҳаракати Бўкадаги воқеадан кейин қийноқларга барҳам беришга қаратилган 10 та таклиф билан чиқди. Таклифлардан бирига кўра, тизимдаги инсон қадрини камситувчи ҳар битта ҳолат бўйича ИИВ раҳбарияти жамоатчиликка шахсан ахборот бериб бориши керак. Агар таклиф инобатга олиниб, бундай шаклдаги ҳисобдорлик механизми мажбурий қилиб қўйилса, бир марта халқ олдига чиқиб юзи ерга қараган вазир иккинчи марта бунақа аҳволга тушмаслик учун ҳам тизимни эпақага келтиришга уринган бўларди балки.
Қийноқларга қарши курашиш учун нафақат ҳисобдорлик, балки умуман тизимда қонуний жавобгарлик ҳам бўлиши керак. Охирги ойлардаги айрим воқеаларга эътибор беринг: Фуқаронинг автомобилини олиб қўйиб, “авария” содир этган профилактика инспектори жазосиз қолди. Погонини ўзи юлиб ташлаб бунда аёлни айблаган ИИБ ходимига чора кўрилмади. Фуқарони бўғиб қийнаган “опер”лар айбсиз деб топилди. Икки блогерни ноқонуний равишда қамаб қўйган ИИБ ходимлари жавобгарликка тортилмади. Бу рўйхатни ҳали яна давом эттириш мумкин. Қисқа қилиб айтганда эса, жавобгарлик йўқ жойда қонунийликни талаб қилиш кулгили.
Шу ўринда, нафақат қонун доирасидаги жавобгарлик, балки сиёсий жавобгарлик ҳам етишмаётганини айтиш ўринли. Шавкат Мирзиёев декабр ойидаги парламентга мурожаатида ички ишлар вазиридан ушлаб туриш жойларидаги инсон ҳуқуқлари бузилишларига чек қўйишни, тизимда таъсирчан назорат ўрнатишни талаб қилганди. Кўп ўтмай президент “Ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантириш тўғрисида” қарор ҳам имзолади. Топшириқлар бажарилмаётгани, қарорлар қоғозда қолаётгани, ИИБ биноларидан ўликлар чиқишда давом этаётгани учун сиёсий жавобгарлик масаласи кўтариладими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Лекин шуниси аниқки, 6 йилдан бери Пўлат Бобожонов бошқарувида қолаётган ички ишлар тизими реал ислоҳотларга муҳтож. Ва бу ислоҳотларни тизим раҳбариятини янгиламасдан туриб амалга ошириш иложсиздек кўриняпти.
Тошкентнинг аксар туманлари яна электрсиз қолди
Ёз бошланиши билан, кутилганидек, Тошкентда яна соатлаб электр узилишлари бошланди. Ҳафта давомида шаҳарнинг аксарият туманларида микро-блекаутлар рўй берди. Сабаблар эса аввалгидек –иссиқ кунларда юкламанинг ортиши ҳисобига тармоқда авариялар юз беряпти. Шунингдек, ана шу аварияларнинг олдини олиш учун таъминотга режали чекловлар киритиляпти. Яъни шу пайтгача пойтахтдан бошқа ҳудудларда қўллаб келинган режали ўчиришлар энди Тошкент учун ҳам янгилик эмас. Айрим ҳолатларда эса чироқ бир дақиқа ичида бир неча марта ўчиб-ёнаётган ҳолатлар ҳам бўлди. Натижада ижтимоий тармоқлар яна норозилик кайфияти билан тўлди. Бир нечта туманларда узлуксиз 8 соатгача чироқ ўчиши сув таъминотида ҳам муаммоларни келтириб чиқарди. Айни шу кунларда қувурлар алмаштирилаётгани сабаб кўплаб маҳаллаларда иссиқ сув ҳам ўчирилди.
Норозиликлар фонида расмийлар бир қатор ҳолатларда электр узилишлари келгусида таъминот яхшиланишига хизмат қиладиган таъмирлаш ишлари билан боғлиқ эканини айтиб, аҳолидан узр сўради. Бу орада аҳоли мурожаатларига жавоб бериб турган марказий диспетчерлик хизмати биносида ҳам “свет” ўчиб, мурожаатларга жавоб бериш вақтинча тўхтаб қолди.
Қайд этиш керак, президентнинг март ойидаги қарорига асосан, Тошкентда 5 та янги подстанция қуриш ва 4 та подстанцияни реконструкция қилиш ишлари 5 июнгача тугаши керак эди. Узилишлар ва авариялар тез-тез бўлаётганига қараганда, бу қарор вақтида ижро этилмаганга ўхшайди.
Шу тариқа, Тошкент аҳолиси рекорд даражадаги иссиқ кунлардан бирини электр муаммолари билан ўтказди. Рекорд деётганимизга сабаб, “Ўзгидромет” маълумотига кўра, 2023 йилнинг 8 июни – Тошкент тарихидаги энг иссиқ 8 июн бўлган. Шу куни ҳарорат 40,1 даражагача кўтарилди.
Айни шу жазирама кунларда қўл келишидан умид қилинган қуёш панеллари эса ҳозирча катта ёрдам бера олаётгани йўқ. Энергетика вазирлиги 9 июн куни берган маълумотга кўра, ҳозиргача Тошкент шаҳрига 31,7 MW қувватли қуёш панеллари ўрнатилган ва улар бир суткада қўшимча 152 минг KW-соат энергия ишлаб чиқаряпти. Бу – шаҳардаги умумий кунлик истеъмолнинг атиги 0,6 фоизига тенг.
Молиявий ёпиқлик томон шаҳдам қадамлар
Аянчлиси, шу иссиқда ҳам дарахт кесишлар тўхтамаяпти. Навбатдаги дарахткушлик Мирзо Улуғбек туманидаги мактаблардан бирида рўй берди. Бу ерда 26 туп манзарали дарахт тўнка ҳолатига келтирилди. Эътиборлиси, бир неча йил олдин кесиб ташланган, лекин яна ҳаётга қайтган дарахтлар иккинчи марта ҳужумга учраган. Камера ёзувларида буни мактабнинг боғбончилик ишларини бажариб келган шахс қилгани кўринади. Табиатга етказилган зарар 312,1 млн сўмга баҳоланиб, боғбонга нисбатан жиноят иши очилди.
Айни пайтда, дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жарима миқдори 5 баробарга оширилиши кутиляпти. Президент фармонига кўра, бу ҳақдаги қонун лойиҳаси сентябргача тайёр бўлиши керак. Жарима миқдорини оширишдан ташқари, қонунбузарларга компенсациявий дарахт кўчатларини айнан дарахт кесилган жойга экиш мажбурияти ҳам юкланади.
Тугаётган ҳафтада Тошкент шаҳрида гуллар ва дарахтлар экиш учун яна пул ажратилди. Бу сафарги 15 млрд сўм маблағ Республика бюджетидан бериляпти. Шаҳарнинг ёпиқ тарзда тақсимланадиган ўз бюджетидан эмас, барча ҳудудларнинг умумий қозонидан олиб берилаётган 1,3 млн доллар пул тўғри сарфланиб, пойтахтни яшиллаштириш, соя жойларни кўпайтиришга хизмат қилади, деб умид қилиб қоламиз. Чунки жамоатчиликнинг умид билдиришдан бошқа реал таъсир чоралари анча чекланган.
Шаҳар бюджетининг етарлича очиқ эмаслиги ҳақида гапирганда, бу тенденция республика миқёсида ҳам рўй бераётганини таъкидлаш керак. Давлат бюджетининг даромадлари ва харажатлари ҳақидаги кунлик ҳисоботларни эълон қилиб бориш йил бошидан бери тўхтаб қолган. Ташқи қарз ҳақидаги чораклик ва йиллик ҳисоботлар ҳам анчадан бери очиқланмади. Яъни Ўзбекистон 2022 йилда ва умуман охирги 6 ойда қанча қарз олгани ҳақидаги маълумотлар яшириляпти. Бундан ташқари, 2023 йилнинг 6-ойи кетаётган бўлса ҳам, ҳукумат ҳалигача ўтган йилги давлат бюджети ижроси ҳақида ҳисоб бергани йўқ.
Иқтисодиёт ва молия вазирликлари бирлаштирилиб, унга Шерзод Қудбиев раҳбар этиб тайинланганидан кейин бошланган ёпилиш фонида, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари кетма-кет 2 ойдан бери камайиб бораётгани эътиборга лойиқ. Марказий банк ҳисоботига кўра, май ойида олтин захиралари қиймати салкам 1 млрл долларга, физик ҳажми 9 тоннага камайган. Бу эса ўтган ойда олтин экспорт қилинганини билдиради. Лекин олтин сотилган бўлса, расмий захираларнинг валюта қисми кўпайиши керак эди, ўтган ойда эса бундай бўлмаган. Аксинча, валютадаги захиралар ҳам 158 млн долларга камайган. Бу ҳолат олтиндан тушган тушумлар Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига ва шу орқали бюджет харажатларини қоплашга сарфланган бўлиши мумкинлигига ишора қилади. Юқорида айтганимиздек, ҳукумат энг асосий молиявий ҳужжатларни яшираётгани сабабли, ҳозир бюджет дефицити ҳақидаги очиқ маълумотлар йўқ.
Ҳафта қаҳрамонлари
Ҳафта давомида кўпчиликни тўлқинлантирган яхши янгиликлар ҳам бўлди. Самарқанд шаҳрида тўрт нафар мактаб битирувчиси кўп қаватли уй деразасидан тушиб кетган қизни тутиб қолиб, ҳафта қаҳрамонларига айланишди. Шоҳрух, Жасур, Озод ва Мурод исмли бу йигитлар 4-қават деразасидаги панжарада осилиб турган қизалоқнинг ҳаётини сақлаб қолди.
“Қизалоқ тушиб кетган кўп қаватли уйда ўртоғимиз ҳам яшайди. Ўша куни мактабда имтиҳонларни топшириб, уй яқинида дўстимизни кутиб тургандик. Тасодифан юқорида осилиб турган қизчага кўзимиз тушди. Бир синфдошимиз қизалоқнинг яқинларига хабар бериш учун югурди. Биз, уч киши бўлиб қизчани тутиб олишга интилдик. Пастдан туриб қизчага бироз сабр қил, қўйиб юборма, деб бақирдик. У бизни эшитди, лекин кучи етмай пастга қулади. Пастки қаватдаги тунукага урилиб, ҳавода икки метрча узоқлаб кетди. Ўзимни орқага олиб қўлимни тутдим, дўстларим ҳам тезда ёрдамга ошиқишди. Худога шукур, қизча қўлимизга тушди ва омон қолди”, – дейди Шоҳрух Бобораҳимов.
Маълум бўлишича, бахтли тасодифдан олдин бахтсиз тасодиф ҳам рўй берган: қизнинг онаси уйдан бирровга чиққан пайтда, кенжа ўғли эшикни беихтиёр ичкаридан ёпиб қўйган. 4 яшар қизалоқ эса эшик қуфланиб қолганидан қўрқиб, ёрдам сўраш учун дераза токчасига чиққан ва темир панжара орасига боши билан тиқилиб қолган. Ҳозир унинг аҳволи яхши. Йигитларга эса кўрсатган қаҳрамонлиги учун ноутбуклар совға қилинди.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Тошкентда бир ҳафта ичида учта янги электробус ЙТҲга учради. Душанба куни светофорнинг қизил чироғида ўтиб кетган Lacetti ҳайдовчиси Malibu автомобили ва 81-йўналишдаги электробус билан тўқнашув содир қилиб, ўзи шифохонага ётқизилди. Эртасига Cobalt ҳайдовчиси ҳам қизил чироқдан ўтиб, 89-йўналишдаги электробусга урилди ва вафот этди. Пайшанба кунги аварияда эса 94-йўналишдаги электробусга маст ҳайдовчи бошқарувидаги Lacetti келиб урилди. Бу аварияда ҳеч жароҳатланмагани хабар қилинди.
Қашқадарёда битта сайт ва беш нафар блогер фаолиятини тугатди. Nasafnews.uz нашри ҳамда блогерлар Мақсуд Музаффаров, Отабек Артиков, Умид Каримов, Азизбек Яздурдиев ва Ўролжон Камолов суддаги адолатсизлик сабаб шундай қарорга келганини айтишди. Уч блогер ва ЙПХ ходимлари ўртасидаги низо кўриб чиқилган судда блогерлар 5 суткага қамалган эди. Уларнинг жамоавий норозилигига муносабат билдирган суд блогерлар томонидан ҳукмдан норози бўлиб апелляция шикояти берилмаганига эътибор қаратди.
Абитуриентларга имтиҳон жавоблари чиққандан кейин йўналиш танлаш имкони берилиши мумкин. Агар бу амалга ошса, абитуриентлар аввалига имтиҳонга кириб чиқади, шундан кейин тўплаган баллига қараб, қайси йўналишда ўқиш бўйича бир қарорга келади. Олий таълим вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг айтишича, бу тартибни кейинги йилдан бошлаб йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқиляпти.
Италия Ўзбекистоннинг Ғарбий Европадаги биринчи стратегик ҳамкорига айланди. Бу ҳақдаги шартнома Шавкат Мирзиёевнинг Италияга расмий ташрифи вақтида имзоланди. Бу мамлакат компаниялари Ўзбекистон энергетика соҳасига 2,2 млрд евро инвестиция киритишига келишилди. Кузатувчилар расмий Тошкентнинг ривожланган Европа билан яқинлашишга интилишини ижобий баҳолаяпти. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Евроиттифоқдаги стратегик ҳамкорлари – Италия ва Венгрия Путин Россиясига нисбатан бирмунча хайрихоҳ экани билан ажралиб туришини эслатаётганлар ҳам йўқ эмас.
Қатар амири тарихда биринчи марта Ўзбекистонга ташриф буюрди. Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг ташрифи Самарқанд шаҳрида ташкил этилди. Расмий хабарга кўра, эришилган келишувларнинг умумий қиймати 12 млрд долларга етади. Ташрифнинг илк кунида Шавкат Мирзиёев имзолаган фармон билан, Қатар фуқаролари учун Ўзбекистонга киришда визасиз режим жорий қилинадиган бўлди. Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Қатар Ўзбекистонда элчихона очган эди.
Нукус воқеаларида айбланган 8 нафар судланувчи апелляция судининг қарори билан озод этилди. Уларга тайинланган қамоқ жазоси озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилди. Яна 6 нафар судланувчининг озодликдан маҳрум қилиш муддатлари қисқартирилди. Айни пайтда, намойишларнинг асосий ташкилотчиси бўлган Даулетмурат Тажимуратовга нисбатан тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилди. Эслатиб ўтамиз, у 16 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Мавзуга оид
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024
Йўллардаги қоидабузарликлар учун янги жарималар, очилган «ис гази мавсуми» ва сайлов якунлари — ҳафта дайжести
21:48 / 26.10.2024
Алламжоновга суиқасд, қонун устуворлигида пасайиш ва Европага йўл — ҳафта дайжести
22:40 / 19.10.2024