Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қўқондаги воқеа биринчиси эмас. Нега Ўзбекистонда бозорлар кўп ёнади?
Электр симлари очиқ жойлардан тартибсиз тортилган. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига умуман риоя қилинмайди. Ўт ўчириш бурчаклари номига қилинган. Расталар орасидаги йўлаклар эгаллаб олинган. Ўзбекистондаги аксарият деҳқон ва буюм бозорларидаги умумий вазият шундай.
Кеча, 12 июн куни Қўқон шаҳридаги йирик бозорлардан бирида ёнғин содир бўлди ва юздан ортиқ тадбиркор зарар кўрди. Ёнғинни ўчиришга 20 та ўт ўчириш машинаси жалб қилинган.
Ҳозирча ёнғинга нима сабаб бўлгани очиқланмади. Бироқ Қўқон бозоридаги ёнғинга ўхшаш ҳодисаларнинг аксариятида ёнғинга қисқа туташувлар сабаб бўлгани тахмин қилинади. Қуйида сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида содир бўлган бозор ёнғинлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва ечимлар ҳақида сўз юритамиз.
Сурхондарё вилояти Бойсун тумани. 2020 йил 5 феврал куни Бойсун туманидаги Ибодулло бобо савдо комплексида ёнғин келиб чиқади. Оқибатда жами савдо комплексидаги 253 та савдо дўконидан 36 таси ёниб кетган. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати тарқатган хабарда “Ёнғин сабаби аниқланмоқда. Қўшимча маълумотлар берилади” дейилган бўлса-да, Бойсундаги ёнғинга нима сабаб бўлгани очиқланмаган.

Тошкент вилояти Паркент тумани. 2020 йил 7 март куни тунда Паркент туманидаги деҳқон бозорида ёнғин содир бўлди. Ёнғинни ўчиришга 11 та ўт ўчириш машинаси ва 10 дан ортиқ ёрдамчи техника жалб қилинган.
Дастлабки хулосаларга кўра, ёнғиннинг келиб чиқишига электр энергиясидан нотўғри фойдаланиш сабаб бўлган. ФВВ матбуот хизмати ёнғин оқибатида қанча тадбиркор зарар кўргани ва нечта дўкон ёнгани ҳақида маълумот бермаган.

Тошкент шаҳри. 2020 йил 22 июл куни Олмазор тумани Қорасарой кўчаси 314-уйда жойлашган қурилиш моллари дўконида ёнғин келиб чиқади. Оқибатда, қурилиш моллари дўконларининг 200 метр квадрат майдони ёниб кетади.
Самарқанд вилояти Оқдарё тумани. 2020 йил 12 ноябр куни соат 18:25 ларда Оқдарё туман маркази Лойиш шаҳарчасининг Амир Темур кўчасида жойлашган «Оқдарё Савдо комплекси» МЧЖга қарашли буюм бозорида ёнғин содир бўлди. Мазкур ёнғинда 14 та дўкон ёниб кетган. ФВВ мазкур ҳодисага ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмагани сабаб бўлган.

Андижон вилояти. 2020 йил 17 ноябр куни тунда Андижон туманидаги Султонобод маҳалласи ҳудудида жойлашган «Ёрбоши водий савдо» МЧЖга тегишли ошхона ва савдо дўконларида ёнғин содир бўлди. Оқибатда 20 та дўкон ёниб кетди. Ҳодисага ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмагани сабаб бўлган.

Самарқанд вилояти Иштихон тумани. 2021 йил 13 июн куни тунда Иштихон тумани «Қора қўйли» МФЙ, Алишер Навоий кўчасида жойлашган «Иштихон деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудида ёнғин содир бўлади. Оқибатда қарийб 150 метр квадрат майдонда қурилган очиқ савдо растаси ёниб кетади. Қизиғи, айнан шу бозорда 2019 йилда ҳам ёнғин содир бўлган ва савдо дўкони ёниб кетганди.
Самарқанд вилояти Булунғур тумани. 2021 йил 31 август куни Булунғур тумани «А.Темур» МФЙ Булунғур шоҳкўчасида жойлашган, «Булунғур буюм савдо комплекс» МЧЖга қарашли икки қаватли савдо дўконларида ёнғин содир бўлади. Оқибатда МЧЖга қарашли 5 та, унга туташ бўлган 15 та дўкон ёниб кетган.
Самарқанд вилояти Ургут тумани. 2021 йил 24 декабр куни соат 9:10 ларда Ургут тумани «Мерганча» МФЙ ҳудудида жойлашган Ургут кийим-кечак бозорида ёнғин содир бўлган. Оқибатда 6 та савдо дўкони ёниб кетган.
Наманган шаҳри. 2022 йил 21 июл куни тунда Наманган шаҳри марказидаги Чорсу бозорида йирик ёнғин содир бўлади. Расмий хабарда айтилишича мазкур ёнғинда бозорнинг нон растаси шифт ҳамда том қисмидан 600 метр квадрат жойи ва жиҳозлар, бозор ҳудудига туташ «Зулайҳо саноат савдо» МЧЖга қарашли дорихона ва учта савдо дўконининг шифт, том қисмидан 200 метр квадрат жойи жиҳозлари билан, жами 800 квадрат метр майдон ёниб кетган. Ёнғинга электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлгани тахмин қилинган.
Самарқанд вилояти Нарпай тумани. 2022 йил 5 июн куни Нарпай тумани “Сари бозор” МФЙда жойлашган озиқ-овқат дўконларида ёнғин содир бўлади. Гарчи расмий маълумотда учта дўкон ёнгани айтилса-да, ижтимоий тармоқларда ўндан ошиқ дўконлар ёнаётгани тасвирланган видеолар тарқалган.
Андижон шаҳри. 2022 йил 19 октябр куни саҳар пайти Андижон шаҳридаги “Жаҳон савдо комплекси” АЖга қарашли дўконларда ёнғин содир бўлган. Оқибатда бозор ҳудудидаги 56 та дўкон ёниб кетган. Ёнғинга электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлгани тахмин қилинган.

Қарши шаҳри. 2023 йил 7 июн куни Қарши шаҳар Ерқўрғон бозори ҳудудида жойлашган икки қаватли дўконнинг 2-қаватида ёнғин содир бўлади. Оқибатда савдо дўконининг 210 метр квадрат жойида ичи, том қисми ёниб кетади.
Тошкент шаҳри. 2023 йил 8 июнь куни соат 12:50 ларда Юнусобод тумани Амир Темур кўчасида жойлашган дўкон ва дорихонада ёнғин содир бўлади. Оқибатда, дўкон ва дорихонанинг олд томони қисмида 80 метр квадрат жой ёниб кетади.

Нега бозорларда тез-тез ёнғин содир бўлади?
Ўзбекистондаги турли бозорларда тез-тез содир бўлаётган ёнғинлар ҳақида расмий хабар берилганда айрим ҳолларда уларнинг келиб чиқиш сабаблари тахминан айтилади. Қолганларида «Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда», дейилади холос.
Бироқ бозорларда тез-тез ёнғин содир бўлишининг сабаблари масъул ташкилотларга маълум. Шундай бўлса-да ўз тахминларимизни келтирамиз.
Электр энергияси тармоқлари палапартиш ва тартибсиз тортилган.
Эътибор берилса, турли бозорларда электр симлари жуда тартибсиз равишда ўтказилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Бунда кимдир симларни очиқ жойда девор бўйлаб тортган. Бошқаси ҳатто оёқ остига ташлаб қўйган бўлиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатда қизиб кетган симлар бозордаги тез ёнувчан нарсаларнинг осонгина ўт олишига сабаб бўлади.
Аслида аксарият бозорлардаги савдо дўконларида симлар девор орасидан тортилади. Бироқ кейинчалик турли носозликлар пайдо бўлганда тадбиркорларнинг аксарияти уни тузаттириш ўрнига электр симларини очиқ жойдан тортиб келишни афзал билишади. Оқибатда, бу қисқа туташув ва ёнғинларга сабаб бўлади.
Ёнғин қоидаларига амал қилмаслик
Аксарият бозорларда на сотувчилар, на бозор маъмурияти ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мутлақо амал қилмайди. Бозор ҳудудида сув олиш мумкин бўлган жойлар номига қилиб қўйилган. Ёки ўт ўчириш бурчаклари қилинмаган. Қилинганлари ҳам талабга жавоб бермайди.
Янги бозорлар қурилаётган вақтда ер остидан қувурлар ётқизилиб, фавқулодда вазиятларда сув олиш учун ҳар-ҳар жойда жўмрак ўрнатилиб кетса бўлади. Бироқ аксарият бозорларда бундай қилинмаган. Бозор четларида сув сақлаш сиғими қилиб қўйилган, бироқ ёнғин бозорнинг нариги чеккасидан бошланса, бундай сиғимлардан сув олишнинг мутлақо имконияти йўқ.
Бозорларда ўт ўчирувчи машиналар кириб бориши учун қўйилган йўлаклар эгаллаб олинган
Бу ишда фақат ўшандай жойларда савдо қилаётган одамларни айблаб бўлмайди. Аксарият бозорларда, савдо комплексларида раҳбарият йўлаклар ўрнини якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи одамларга ижара шартномаси билан бериб юборган.
Оқибатда, йўлаклар ўт ўчирувчи машиналар уёқда турсин, одамлар зўрға ҳаракатланадиган ҳолатга келиб қолган.
Исми сир сақланишини сўраган тадбиркорлардан бири йўлаклар эгаллаб олинганидан жабр чекишларини, бозор ўртасидаги савдо дўконига ҳатто аравада юк олиб кириш муаммо бўлишини, бироқ йўлакларни ижара шартномаси билан одамларга бўлиб берган бозор директорига эътироз билдира олмасликларини айтди.
Аксарият ҳолларда ёнғин содир бўлганда ўт ўчириш бўлинмаларини кеч келганликда айблашади. Бундай ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин. Бироқ гап бозорларда содир бўладиган ёнғинлар ҳақида экан, тез етиб келган ўт ўчириш машиналари йўлаклар эгалланиб олингани учун ёнғин содир бўлаётган жойга анча-мунчада етиб боролмаслиги ҳам бор гап.
Шу сабабли аксарият ҳолларда бозор ҳудудида содир бўлган кичик ёнғинлар ўт ўчириш машиналари амаллаб кириб келгунча йирик ёнғинларга айланиб кетяпти.
Ҳолатни тартибга олиш мумкинми?
Бозорларда ёнғин содир бўлиши билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, уларни камайтириш ёки оловнинг кенг миқёсда тарқалиб кетишининг олдини олиш аслида жуда қийин иш эмас.
Бунинг учун энг биринчи навбатда бозорларда йўлакларни очиб қўйиш керак.
Бозордаги электр симларининг тортилиши билан боғлиқ ишлар қатъий назоратга олиниши, ўзбошимчалик қилишда давом этадиганларга қонуний чора кўрилиши зарур.
Шунингдек, бозорлардаги ёнғин хавфсизлиги масаласига жиддий қараш лозим. Бозорларнинг аксарияти жуда яхши даромад келиб тушадиган жой ҳисобланади. Шундай экан, бозор ҳудудида ўт ўчириш бурчаклари сонини кўпайтириш, қувурлар орқали сув тортиш ишлари бажарилиши керак.
Айрим бозорларда мабодо йўлакларни умуман бўшатишнинг иложи бўлмаганда ана шу сув тортилган қувурлар ёнғин ўчиришда асқатиши мумкин.
Масъулларнинг эътиборсизлиги
Юқорида бозорларда ёнғинларга сабаб бўлаётган, уларнинг кўламини ошираётган сабаблар ва ечимлари келтирилди. Бироқ катта эҳтимол билан ҳеч нарса ўзгармайди ва бозорларда ёнғин келиб чиқиши давом этаверади.
Чунки узоқ йиллардан буён бозорлардаги ёнғин хавфсизлиги ва йўлаклар эгаллаб олингани билан боғлиқ муаммо сақланиб қоляпти. Ҳар бир вилоятда СЭОЖС бўлимлари ва ФВБдан ташқари бозорлардаги ҳолатларга жавобгар бўлган масъул шахслар бор. Шундай бўлса-да, муаммолар бартараф этилиши ўрнига баттарлашиб боряпти.
Масъул шахслар бошчилигидаги комиссия йил бўйи тинмайди ва турли бозорларга бориб у ердаги салбий ҳолатлар аниқ мисоллар билан танқид қилинади. Вазиятни тўғрилаш бўйича топшириқлар берилади. Бироқ ҳеч нарса ўзгармайди. Зудлик билан бажарилиши лозим бўлган ишлар «эски ҳаммом, эски тос» қабилида қолаверади.
Энг ёмони, бозорлар бўйича вилоятдаги масъуллар жойларда ўзлари берган топшириқлар бажарилмаганини яхши билишади. Кўп ўтмай яна бориб танқид қилишади. Ҳолатни видеога тушириб, расмий Telegram-каналларига жойлашади. Бироқ орадан йиллар ўтса ҳам, ҳеч нарса ўзгармайди.
Бунинг сабабини маҳаллий амалдорларнинг бозорлар маъмуриятлари билан ўз ҳисоб-китобларига эгалиги билан изоҳлаш мумкиндир эҳтимол.
Оқибатда эса, яна қаерлардадир бозор ёнса, давлат зарар кўрмайди. Бозор назорати бўйича масъуллар жабрланмайди. Фақат шўрпешона тадбиркорлар зарар кўради.
Ғайрат Йўлдош,
журналист