Хитой ёки Япония: тезюрар поездлар бўйича ким олдинда?
Осиёнинг энг тараққий этган давлатларидан бўлган Япония ва Хитой ўртасида кўп соҳаларда азалий рақобат мавжуд.
Хитойнинг ҳудуд ва аҳоли ресурслари бўйича устунлиги кўпроқ фойда берса, японларнинг мисли кўрилмаган меҳнаткашлиги ва тиришқоқлиги кўп соҳаларда хитойликларнинг ғолиблигини йўққа чиқариб қўяди.
Ўзаро рақобат транспорт, айниқса темирйўл соҳасида ҳам кўзга ташланади. Тезкор поездлар тажрибаси икки давлат ўртасида ўзига хос пойгага айланган. Япония Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тараққиётдан сўнг, соҳада инқилобларни бошлаган бўлса, Хитойнинг муваффақиятлари асосан энг янги тарихга тўғри келади.
Олтмиш йил аввалги муваффақият
1964 йилда, яъни Япония Хиросима ва Нагасаки шаҳарлари атом бомбаси остида қолиб, урушда мағлуб бўлганидан бор-йўғи 19 йил ўтиб, Токио ва Осакани боғловчи тезюрар поезд қатновини йўлга қўйди.
Бу поезд Синкансэн дея аталади. 1964 йилдаёқ унинг тезлиги соатига 210 км/сни ташкил этди. Айни пайтда у Кюсю оролидан Хоккайдогача бўлган ҳудудни қамраб олган ва дунёдаги энг кўп йўловчи ташилувчи йўналишлардан саналади. 2008 йилга келиб, Синкансен орқали йилига 151 миллион киши ташилди.
1986 йилга келиб, Синкансэн тезлиги соатига 220 километрга оширилгандан сўнг, Токио ва Осака ўртасидаги саёҳат вақти 3 соатгача қисқарди. Кўп ўтмай, 1992 йилда янги Нозоми поездлари соатига 270 километргача юра бошлади, бунинг натижасида саёҳат вақти 2 соат 30 дақиқагача қисқарди.
2015 йилда максимал тезлик соатига 285 километрга кўтарилди, умумий вақт эса 2 соат 22 дақиқага қисқарди.
Тохоку линияси 1982 йилда очилганида соатига 210 километр тезликка эришган. 1985 йилда 240, 1992 йилда 275 ва 2011 йилда соатига 300 километрга кўтарилди.
2013 йилдан бери унинг максимал тезлиги соатига 320 километрни ташкил этди, бу барча Синкансен линиялари орасида энг тездир.
Синкансэн нафақат тезлик, балки тиғиз график билан ҳам ўзига хос саналади. Масалан Токайдо линиясида бир кунда 340 дан ошиқ рейслар бор, ҳар уч минутда поездлар қатнови ҳам кузатилади.
Поездлар тозалиги — алоҳида масала. Масалан, JR East Shinkansen Токиода бор-йўғи 12 дақиқа тўхтайди. Йўловчилар икки дақиқа ичида вагонлардан чиқиб кетиши керак, янгиларига эса кириб жойлашиш учун уч дақиқа берилади. Қолган етти минутда эса махсус тозалик бригадалари поездларни тез ва сифатли тарзда тозалаб, янги йўловчилар учун тахт қиладилар.
Cинкансэн эволюцияси бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Japan Railways Central 2015 йилда чизиқли линияда қурилишни бошлади, у соатига 500 километр тезликка эришиш учун магнитли левитация технологиясидан фойдаланди, бу эса Токиодаги Шинагавадан Нагояга атиги 40 дақиқада бориш имконини беради. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, магнитли левитация бу магнит босими ёрдамида ҳар қандай тезликни кучайтириш технологиясидир.
Aйни пайтда, янги авлод Aлфа Х поездини ишлаб чиқмоқда. Поезд соатига 360 километр тезликда тижорат мақсадларида фойдаланиш учун мўлжалланган ва дунёдаги энг тез магнит левитация технологияси иштирок этмаган поезд бўлади.
Тезлик борасидаги илк катта рекорд 2015 йилда қайд этилди. Ўшанда магнит ёстиқчаси ёрдамида дастлаб соатига 590 километр, кейинроқ 603 километрлик масофа босиб ўтилди. Лекин булар фақат тажриба эди. Тажрибани ўтказган JR Central компанияси ушбу таркибларни 2027 йилда ишга тушиши кутилаётган Токио-Нагоя йўналишида синашни режа қилган.
Ҳатто Япония АҚШдек қудратли давлатга Вашингтон ва Нью-Йорк ўртасидан ўта юқори тезликдаги темирйўл магистрали қуришда ёрдам таклиф этишни режа қилади.
Хитойнинг жавоби
Технология ва бошқа соҳаларда дунёни ҳайратда қолдираётган Хитой темирйўл соҳасида ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Жумладан, икки йил аввал, яъни 2021 йилда магнит ёстиқчаси иштирокидаги янги поезд намойиш этилди. У соатига 600 километргача йўл босиб ўтгани маълум қилинди.
Янги поезд ўнтагача вагонни тортиш имконига эга ва 1500 километрдан узоқ манзилларга қатновчилар учун айни муддаога эга эди. Лойиҳа бош муҳандиси Дин Саньсанга кўра, поезд бир вақтнинг ўзида 1000дан ортиқ йўловчиларни таший олади.
Янги поезд нимаси билан муҳим эди? Масалан Шанхай ва Пекин ўртасидаги масофа 1067 километрни ташкил этади. Бу масофани оддий поездда беш соатда (қаранг, оддий поезд ҳам чакана эмас), самолётда эса уч соатда босиб ўтиш мумкин. Янги поездда эса бу муддат 2,5 соатгача қисқаради.
Таъкидлаш мумкинки, янги яратилаётган поездлар ҳатто самолётлар билан ҳам рақобатлашмоқда. Хитой ўзининг муваффақиятли тараққиётида тезюрар поездлар масаласини муҳим қисм сифатида қайд этган. Чунки тезкор поездлар иқтисоднинг жадал ривожланиши омилидир.
Бундан ташқари CR400 «Fuxing» (магнит левитациясисиз) поезди жаҳондаги энг тезкор поездлардан саналади. У максимал соатига 350 километргача йўл боса олади. Синовларда унинг тезлиги 420 километргача чиққан. Технологик базаси аввалги тезюрар поездлар, жумладан Япония ва Европа технологиялари асосида шакллантирилган.
Япония ва Хитойни ҳисобга олмаганда ҳам, ўта юқори тезликдаги поездлардан муваффақиятли фойдаланаётганлар бор. Булар Германия, Франция каби давлатлардир.
Жумладан, Геманиянинг InterCity Express (ICE), Франциянинг Train a Grand Vitesse поездлари Европанинг энг тезюрар транпспортлари сирасига киради. Улар соатига 320-330 километр масофани босиб ўта олади.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистондаги «Афросиёб» поездлари максимал 250 км/с масофани босиб ўта олади.
Поездми ёки самолёт?
Тезюрар поездлар борасидаги муваффақиятлар самолётлар билан ҳам рақобатни вужудга келтирмоқда. Гарчи поездлар реактив ҳаво лайнерлари каби 900 км/с тезликка етмаган бўлсалар ҳам, айрим йўловчилар поездларни афзал кўрмоқда. Бунга қатор сабаблар бор:
- Одатда поезд вокзаллари шаҳар марказларида, аэропортлар эса шовқин ва тирбандлик сабаб четроқда қурилади;
- Самолётга рўйхатдан ўтиш, учиш вақтини кутиш ва қўниш ҳам анча-мунча вақтни олади. Поездларда эса бу жараён осонроқ;
- Поездлар самолётларга қараганда анча хавфсиз ва қулай.
Юқоридаги омиллар ва етакчи давлатлар эришаётган муваффақиятлар темирйўл соҳаси чўкмаслигини ва қайтанга ёрқин келажакка эришиш эҳтимолини кучайтиради.
Аброр Зоҳидов, Kun.uz
Мавзуга оид
23:34
Олимлар Ойнинг орқа томонидан олинган тупроқ намуналарини ўрганди
22:10
Хитой космик станциясида тажрибадан ўтган зайтун данаклари Ерда униб чиқди
19:03
Ҳонконгда 2019 йилги норозилик намойишларининг 45 нафар етакчисига ҳукм ўқилди
18:56