Иқтисодиёт | 15:04 / 15.06.2023
58679
2 дақиқада ўқилади

“Сув бўйича кескин таклифлар тайёрлаяпмиз” – Шерзод Қудбиев

Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Қудбиев 2024 йилги давлат бюджетига сувни тежашни рағбатлантирадиган механизмлар киритилишини айтди. “Сувни сарфлаш маданияти, уни ўлчаш ва етказиб бериш бўйича жуда кескин таклифларимизни тайёрлаяпмиз”, - деди вазир.

Фото: KUN.UZ

14 июн куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йилдаги ҳамда 2023 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси кўриб чиқилди.

Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Қудбиевнинг сўзларига кўра, ҳукумат сувни сарфлаш маданияти ва уни ўлчаш, етказиб бериш бўйича жуда кескин таклифларни тайёрлаяпти.

“Улар тайёр бўлиши билан 2024 йил бюджет лойиҳасида ҳам кўрасизлар, сувга бўлган муносабатимизни кескин ўзгатирадиган ва уни тежашни рағбатлантирадиган механизмлар ҳақида ўйлаяпмиз”, - деди вазир.

ИМВ вазирининг айтишича ҳисобот даврида 1 млн 600 минг аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланган, 3,4 млн аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланган.

Бунинг учун сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармасига 172та лойиҳа учун 2, 1 трлн сўм маблағ ажратилиб, 1800 км ичимлик ва 50 км оқава сув қувурлари ўтказилган, 270та иншоотда қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилган.

“Ирригация йўналишида 235та объект учун 1 трлн сўм, мелиорация йўналишда 99 объект учун қарийб 360 млрд сўм сарфланди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида ирригация ва мелиорация объектларини техник ҳолати яхшиланиб, ҳудудлардаги 348 минг гектар майдонлардаги сув таъминоти ва 150 минг гектар суғориладиган ер майдонларининг ҳолати яхшиланишга эришилди”, - деди вазир ўз ҳисоботида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июн ойи бошида Ўзбекистонга келган Кристалина Георгиева сув муаммосига эътибор қаратганди. У Ўзбекистонда сувнинг бозор нархи шаклланмагани, бу ҳукумат биринчилардан бўлиб амалга ошириши керак бўлган ислоҳот эканини айтганди.

Аввалроқ, Сув хўжалиги вазирлиги 2030 йилга бориб Ўзбекистонга 7 миллиард куб метр сув етишмаслигини маълум қилганди.

Мавзуга оид