Жаҳон | 07:33 / 16.06.2023
8135
2 дақиқада ўқилади

Донорлар конференциясида Сурия учун 5,6 млрд евро йиғилди

Пул қочқинлар муаммосини ҳал қилиш ва феврал ойидаги зилзила оқибатларини бартараф этишга сарфланади. Германия Сурияга ёрдам учун бир миллиард евродан ортиқ маблағ юборади.

Фото: AP

Халқаро ҳамжамият Сурия ва суриялик қочқинларни қабул қилувчи давлатлар учун 5,6 миллиард евро ажратади. Бу ҳақдаги қарор 15 июн, пайшанба куни Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ ва БМТнинг Сурия бўйича 7-конференцияси якунлари бўйича қабул қилинди.

Янги траншларнинг катта қисми – 4,6 миллиард евро 2023 йилда келади, яна бир миллиард кейинроқ ажратилади.

Бу маблағлар Сурия ва суриялик қочқинларни қабул қилувчи қўшни мамлакатлардаги одамларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади, дейилади конференция якунлари бўйича Европа комиссияси сайтида чоп этилган матбуот баёнотида. Евроиттифоқ бюджетидан 3,8 миллиард евро миқдоридаги грантлар ажратилади: 2,1 миллиард евро Еврокомиссия ва 1,7 миллиард евро ЕИга аъзо давлатлар томонидан алоҳида тақдим этилади.

Германия миллиард евродан кўпроқ маблағ ажратади – пул бошқа нарсалар қатори Туркия жанубида ва Сурияда 2023 йил февралида содир бўлган зилзила оқибатларини бартараф этишга йўналтирилади. Вилоятдаги муҳим муаммолардан бири сув таъминоти инфратузилмасининг бузилиши бўлиб, бунинг оқибатида маҳаллий аҳоли ичимлик суви танқислигига дуч келмоқда.

Конференция давомида халқаро молия институтлари ва донорлар Суриядаги фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш учун 4 миллиард евро миқдорида кредитлар ажратилишини эълон қилди. Бу минтақа учун умумий ажратмани 9,6 миллиард еврога етказади. Шу билан бирга, БМТ Сурияга озиқ-овқат ёрдами қисқартирилганини эълон қилди.

2011 йилдан бери Европа Иттифоқи ва унинг давлатлари Сурияни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида 30 миллиард евродан ортиқ маблағ ажратди. 

Мавзуга оид