Ўзбекистон | 21:03 / 16.06.2023
7220
3 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева Халқаро меҳнат конференциясида Ўзбекистондаги ислоҳотлар бўйича маълумот берди

Хусусан, давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлган аҳолининг барча қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга оширишга қатъий интилиши алоҳида таъкидланди. 

Фото: senat.uz

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Халқаро меҳнат конференциясининг 111-сессияси доирасида «Меҳнат дунёси: ижтимоий адолат ҳамма учун» саммитида иштирок этди.

«Адолатли ўтиш мақсадида иш ўринлари ва ижтимоий ҳимоя» мавзусидаги тадбирнинг панель сессиясини Танзила Норбоева ва Германия меҳнат вазири Хубертус Хайл билан бирга асосий маърузачи сифатида очиб берди. 

Норбоева ўз чиқишида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берди. Хусусан, давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлган аҳолининг барча қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга оширишга қатъий интилиши алоҳида таъкидланди. 

Яқинда қабул қилинган Конституциясида Ўзбекистон ижтимоий йўналтирилган давлат сифатида эълон қилингани, бундан ташқари, Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси, ижтимоий-меҳнат соҳасига оид 40 дан ортиқ қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилаётгани айтиб ўтилди.

Ўзбекистонни иш ўринлари яратиш ва адолатли ўтиш учун умумий ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ «Глобал тезлаткич» ташаббусида иштирок этишга таклиф қилингани учун миннатдорлик билдирилди. Шу билан бирга, айни пайтда Ўзбекистонда мазкур механизмнинг барча элементлари амалиётга жорий этилаётгани алоҳида таъкидланди. 

Ўзбекистон делегацияси раҳбари, ижтимоий адолатга эришишда давлат ва ижтимоий шериклар, молия институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигини қайд этди. 

Сўзга чиққан Германия, Испания, Венесуэла каби давлатлар вакиллари ҳамда БМТ Бош котиби ўринбосари Ўзбекистон томонидан билдирилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлади. 

Саммит якунларига кўра, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, ижтимоий шериклар ва халқаро ташкилотлар жаҳонда ўсиб бораётган тенгсизлик ва қашшоқликка қарши курашиш учун бутун халқаро ҳамжамиятни келишилган ва мувофиқлаштирилган чоралар қабул қилишга, ҳукуматларни эса халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўли билан саъй-ҳаракатларининг инсонлар ва умуман олганда, сайёрамиз манфаати учун таъсирини максимал даражада оширишга чақирдилар, иқтисодий, ижтимоий, молиявий, савдо ва экология масалаларига оид барча қарорлар ва келишувлар ижтимоий адолатни таъминлаш заруратини ҳисобга олиши шартлигига келишиб олдилар. 

Мавзуга оид