Арзонлашган “растаможка”, сотилган Ипотекабанк, Uzum ва Click бирлашуви – иқтисодий таймлайн
Двигател ҳажми 1,2 литр ва ундан камроқ бўлган автомобиллар учун божхона божи пасайтирилди. Uzum ва Click'нинг бирлашуви фаолларда монополия хавотирини уйғотди. Ҳукумат сувдан фойдаланиш бўйича “кескин таклифлар” тайёрлаяпти. Якунланаётган ҳафтанинг иқтисодий янгиликлари – иқтисодий таймлайнда.
Энг арзон сегментдаги автомобиллар учун бож тўсиғи пасайди
Жума куни кечқурун ҳафтанинг энг асосий янгиликларидан бири – айрим тоифадаги автомобиллар учун бож тўловларини камайтириш бўйича президент қарори эълон қилинди.
Қарорга кўра, ишлаб чиқарилганига 1 йилдан ошмаган, двигател ҳажми 1000 см кубдан юқори бўлмаган янги енгил автотранспорт воситалари учун божхона божи 2026 йил 1 январгача 0 фоиз деб белгиланди. Двигател ҳажми 1000–1200 см куб бўлган автомобилларни олиб киришда эса 5 фоизлик бож ставкаси қўлланади.
Бу икки тоифадаги автомобиллар учун амалдаги ставкалар 15 фоиздан бўлиб, асосий ставкага қўшимча коэффициентлар ҳам белгиланган эди.
Расмийларга кўра, янги қарор натижасида нархи 10 минг доллар, двигател ҳажми 1 000 см кубгача бўлган автомобилни Ўзбекистонга олиб киришдаги жами божхона тўловлари тақрибан 4 минг доллардан 2 минг долларга камаяди. Нархи 20 минг доллар, двигател ҳажми эса 1,2 литр бўлган автомобилни олиб кириш харажатлари эса 10 минг доллардан 7 минг долларга пасаяди.
Икки йирик молиявий IT-компания бирлашмоқда
Uzum ва Click компаниялари бирлашяпти. Бирлашиш бўйича кейинги қадамлар тўғрисидаги битим 12 июн куни Тошкентда имзоланди.
“Компаниялар кундалик муаммоларни ҳал қилиш ва бизнесни ривожлантириш учун бир вақтнинг ўзида бир нечта янги сервисларни ишга туширишни режалаштирмоқда” дейилади Uzum компанияси хабарида. Компаниялар Clickни superapp'га айлантиришни режалаштиряпти.
Ўтган йил декабрда Uzum компанияси “Капиталбанк”нинг 50 фоиз улушини сотиб олди, ундан аввалроқ эса банкнинг шуъба корхонаси бўлмиш “Apelsin” рақамли банки Uzum экотизимига қўшилди ва ўз номини Uzum Bank деб ўзгартирди. Айни пайтда бу бренд остидаги маркетплейс оммалашиб боряпти.
Click ва Uzum компанияларининг қўшилиши борасида жамоатчиликда рақобат қонунчилиги юзасидан саволлар туғилди. Иқтисодчи Отабек Бакиров бу компанияларнинг бирлашишига Рақобат қўмитаси рухсат берганми, деган саволни ўртага ташлади.
Унинг таъкидлашича, Uzum гуруҳининг молиявий хизматлар ва бошқа рақамли маҳсулотлар сегментини космик тезликда эгаллаб бораётгани, Click эса тўлов тизими бозорида 11 миллион фойдаланувчи билан энг катта ўйинчи бўлгани ҳисобга олинса, талабгорлар ўзлари мурожаат қилмаган тақдирда ҳам Антимонополия органи ўзи мустақил ўрганиш ўтказиши керак эди.
Рақобат қўмитаси бунга жавобан бирлашиш ҳақидаги расмий битим ҳали тузилмагани, Click таъсисчилари рўйхатига ўзгаришлар киритилмагани ва компаниялар қўмитага мурожаат қилмаганини билдирди.
Шу ўринда айтиш керакки, компанияларнинг расмий баёнотида Click мулкдорлари Uzumʼнинг акциядорларига айланиши маълум қилинган.
Сув бўйича “кескин таклифлар”
Ҳукумат сувдан фойдаланиш бўйича кескин таклифлар тайёрлаяпти. Бу ҳақда ўтган йилги бюджет ижроси юзасидан парламентга ҳисоб берган иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Қудбиев маълум қилди. Унинг айтишича, 2024 йилги давлат бюджетига сувни тежашни рағбатлантирадиган механизмлар киритилади.
“Сувни сарфлаш маданияти ва уни ўлчаш, етказиб бериш бўйича жуда кескин таклифлар тайёрланяпти. Улар тайёр бўлиши билан 2024 йил бюджет лойиҳасида ҳам кўрасизлар, сувга бўлган муносабатимизни кескин ўзгартирадиган ва уни тежашни рағбатлантирадиган механизмлар ҳақида ўйлаяпмиз”, – деди вазир.
Қудбиевнинг маълум қилишича, 2022 йилда 1 млн 600 минг аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланган, 3,4 млн аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Ўзбекистонга келган Халқаро валюта жамғармаси раиси Кристалина Георгиева сув муаммосига эътибор қаратганди. У Ўзбекистонда сувнинг бозор нархи шаклланмагани, бу сувни тежашга рағбат уйғотиш учун биринчилардан бўлиб қилиниши керак бўлган ислоҳот эканини айтганди.
Ипотека банк Европа компаниясига сотилди
Ўзбекистоннинг бешинчи йирик банки бўлмиш Ипотека банкнинг 73,7 фоиз улуши Венгриянинг OTP гуруҳи назоратига ўтди. OTP банк Ўзбекистон ҳукуматининг Ипотека банкдаги улушларидан 75 фоизи учун келишилган суммани 13 июн куни ўтказиб берган. Қолган 25 фоиз уч йил ичида сотиб олинади.
Венгрия банки ва Ўзбекистон ҳукумати бу борада 2020 йилдан бери музокара ўтказади. 2022 йил охирида томонлар ўртасида олди-сотди шартномаси тузилган.
OTP банк бошқарув раиси ўринбосари Ласло Волфнинг Kun.uzʼга маълум қилишича, биринчи босқичда сотиб олинган банкнинг 74 фоиз улуши учун ОТП гуруҳи 240 млн доллар тўлаган. Банкнинг умумий нархи эса 324 млн долларга баҳоланган.
Ҳозирча Ипотека банк номи ўзгартирилмади, аммо банк назоратчилари кейинчалик унинг номини OTP банкка ўзгартириши мумкин.
Банк бошқарув раиси ўринбосари банкнинг молиявий имкониятлари катталигидан келиб чиқиб арзон хизматлар таклиф эта оладими, деган саволга ҳам жавоб берди.
“Мен бозор нархидан паст нархда хизматлар таклиф қиламиз деб ўйламайман. Лекин, албатта, биз нарх оралиғининг пастки қисмида бўлишни хоҳлаймиз. Қайта молиялаш ва депозитлар OTP банки учун ҳам [бошқалар билан] бир хил нархга эга бўлади. Шунинг учун биз нисбатан арзонроқ банклар қаторида бўлишга ҳаракат қиламиз, лекин мен кўпчилик рақобатчиларимизга қараганда анча арзон бўлишига ваъда бера олмайман”, - деди Ласло Волф.
Муомаладан чиққан пулларни алмаштириш давом эттирилади
Марказий банк муомаладан чиққан 50, 100, 200 ва 500 сўмлик пулларни алмаштириш муддатини узайтирди.
2023 йилнинг 1 январигача қобилиятини йўқотган пул белгилари – 50 ва 100 сўмлик тангаларини, шунингдек, 50, 100, 200 ва 500 сўмлик банкнотларни амалдаги пул белгиларига алмаштириб олиш мумкин эди. Марказий банк матбуот хизматининг маълум қилишича, муомаладан чиққан бу банкнотларни алмаштириш давом этади.
Лекин буни тижорат банкларида қилиб бўлмайди, фақат Марказий банкнинг Ҳисоб-китоб касса марказларига мурожаат қилиш керак. Расмий релизга кўра, муддат узайтирилганига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар асос бўлган.
Асосий ставка ўзгаришсиз қолди
Марказий банкдан узоқлашмаймиз. 15 июн куни регуляторнинг бошқарув йиғилиши асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Расмий баёнотга кўра, иқтисодиётда инфляциянинг фундаментал ва мавсумий омиллар таъсирида секинлашиш динамикаси давом этяпти. Йил охиригача жорий тенденциялар сақланиб қолиниши билан бирга, инфляцияни кескин оширувчи хатарлар вужудга келиши эҳтимоллари камайяпти.
Нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг сақланиб қолиниши ва ташқи шароитларнинг нархларга нисбатан таъсирлари мўътадиллиги инфляцияни пасайтирувчи омиллар бўлган.
Марказий банк келгусида асосий ставкани пасайтириш имкониятлари юзага келиши мумкинлигини таъкидлади, бунинг учун базавий инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг барқарор пасайиш траекториясига ўтиши, иқтисодиётда нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари сақланиб қолиши керак.
Солиқлардан енгилликлар эълон қилинди
Жисмоний шахсларнинг айрим солиқ қарзларидан воз кечилмоқда. 14-июнда қабул қилинган президент фармонига мувофиқ, жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларига ҳисобланган пеня суммалари ҳисобдан чиқариляпти. Яъни бунда 2023 йил 1 июн ҳолатига кўра, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича муддатида тўланмаган қарзига ҳисобланган пеня суммалари бекор қилинди.
Бундан ташқари:
- охирги 6 ой мобайнида молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ЯТТнинг қатъий белгиланган миқдорлардаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқдан вужудга келган қарзи ҳамда уларга ҳисобланган пеня ва жарималар суммаси;
- хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги учун қўлланган жарималар суммаси ҳам бекор қилиняпти.
Ушбу солиқ қарзи, пеня ва жарималарни ундириш билан боғлиқ суд ва ижро ишлари тугатилади.
2024 йил 1 июнгача ер участкаларидан ҳужжатларсиз фойдаланаётган жисмоний шахсларга ер солиғининг 3 карра оширилган ставкасида солиқ ҳисоблаш тартиби тўхтатилади.
Фермер хўжаликларига 2023 йил 1 июн ҳолатига шаклланган сув солиғидан қарзини 12 ой мобайнида тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилди.
Мадина Очилова тайёрлади.
Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов.
Монтажчи – Асрор Алмуродов.
Мавзуга оид
17:56 / 06.11.2024
Тезкор қидирув тадбирлари тизимининг техник воситалари бождан озод қилинди
12:37 / 05.11.2024
Сирдарёда буви ва невара қарийб 7 кг тилла тақинчоқни чегарадан яширинча олиб киришга уринди
15:30 / 23.10.2024
9 ойда божхонада қанча қурол ва ўқ-дори ушлаб қолингани айтилди
19:00 / 18.10.2024