Жаҳон | 16:11 / 19.06.2023
9288
2 дақиқада ўқилади

Россия Грециядаги авариявий кемадан 68 йўловчини қутқарганини эълон қилди

Фото: Russian Defense Ministry/AP/picture alliance

«Адмирал Горшков» фрегати ва «Пижма» юк кемаси ҳалокатга учраган кема йўловчиларини қутқаришда иштирок этди, деб хабар қилди Россия Мудофаа вазирлиги. SOS сигналини юборган Avalon кемаси Германия ва Греция байроқлари остида бўлган.

19 июнь, душанба куни Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, Россия ҳарбий кемаси Ўрта Ер денгизида ҳалокатга учраганларни қутқаришда ёрдам кўрсатди. «Бугун тунда Шимолий флотнинг Совет Иттифоқи флоти адмирали Горшков» фрегати ва у ҳамроҳлик қилган «Пижма» юк кемаси экипажлари Ўрта Ер денгизида 68 кишини қутқарди. Улар Греция ҳудудий сувларида ҳалокатга учраган хорижий Avalon кемасининг йўловчилари эди», дейилади хабарда. 

Россия ҳарбий идорасида таъкидланганидек, Суриянинг Тартус шаҳрига йўл олган «Адмирал Горшков» биринчи бўлиб Германия ва Греция байроқлари остида сузиб юрган Avalon яхта типидаги кемадан авария сигналини олди, шундан сўнг Россия кемалари йўналишини ўзгартирган ва «дарҳол фалокат ҳудудига ўтишни бошлади». 

Avalon йўловчилари «Пижма» юк кемасига эвакуация қилинди, у ерда уларга тиббий ёрдам кўрсатилди, сўнг Калимнос ороли кўрфазига олиб борилди ва Греция қирғоқни қўриқлаш хизмати қайиқларига ўтказилди. Россия ҳарбий идораси ҳалок бўлганларнинг миллати ва ҳалокат характери ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади. 

Илгари «Адмирал Горшков» гипертовушли ракеталарни синовдан ўтказиш ва қўллаш билан шуғулланган. Marinetraffic.com маълумотларига кўра, «Пижма» Россия байроғи остида рўйхатдан ўтган юк кемасидир. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид