Жаҳон | 14:23 / 22.06.2023
36545
17 дақиқада ўқилади

Ҳитлернинг СССРга ҳужуми — Сталин нега немислар босқинидан огоҳлантирган совет разведкачиларига ишонмаганди?

1941 йил 22 июн. Нацистлар Германияси СССРга ҳужум қилади. Бу урушда йигирма миллиондан ошиқ совет фуқаролари ҳалок бўлади. Кўплаб шаҳар ва қишлоқлар вайронага айланади. Тарихчиларга кўра, агар ўшанда Сталин совет разведкачиларининг огоҳлантириш хабарларини эътиборга олганида ва Германия тажовузига дурустроқ тайёргарлик кўрганида, қурбонлар сони ҳамда вайроналар камроқ бўларди.

Фотоколлаж: Kun.uz

1941 йил 22 июнда Германия СССРга бостириб киргач, тўрт йил давом этган урушда аскарлар билан қўшиб ҳисоблаганда 20 миллиондан ошиқ совет фуқаролари ҳалок бўлади. Мамлакатнинг одам зич яшайдиган ва кўплаб саноат корхоналари жойлашган ғарбий қисми батамом вайрон бўлади.

Германия СССРга ҳужум қилишдан аввал чегарада қарийб бир миллион аскар ва юз минглаб турли техникалардан иборат армия йиғади. Бу ҳақда совет разведкачилари Москвага хабар жўнатишади.

Улар Германия СССРга ҳужум бошлаши муқаррар экани ҳақида огоҳлантиришади. Бироқ Сталин бошчилигидаги совет раҳбарияти бунга парво қилмайди.

Ўшанда Сталин Ҳитлернинг СССРга ҳужум қилмаслигига ишонган ва Германия тез орада ҳужум қилади деган совет разведкачиларини ҳатто сотқинга ҳам чиқаради.

Тарихчиларнинг аксарияти, агар Сталин бошданоқ Германияни жиддий хавф сифатида баҳолаб, урушга тайёргарлик кўрганида 20 миллион совет фуқароси ҳалок бўлмас, мамлакат вайронага айланмас эди, дейишади.

1941 йил 22 июндан олдинги вазият

1939 йил 23 август куни Москвада СССР ва Германия ўртасида ўзаро ҳужум қилмаслик бўйича битим имзоланади. Советлар ана шу битим имзоланишида Европа халқларига хиёнат қилишади.

Яъни Германия билан тузилган ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақидаги битимга бир нечта махфий бандлар қўшишади. Унда немислар билан бирга Шарқий Европани ўзаро тақсимлаб олиш ҳақидаги келишувлар бор эди.

Чапдан ўнгга олд қатор, Иохим фон Риббентроп, Сталин ва Молотов.
Фото: AP

«Молотов-Риббентроп пакти» деб аталган мазкур келишув имзолангандан бир ҳафта ўтгач 1939 йил 1 сентябр куни немислар Полшага бостириб киришади. 17 сентябр куни Полшага шарқдан совет армияси ҳужум қилади.

Қисқа вақтда поляк армияси тор-мор этилади ва Полша давлат сифатида тугатилгани маълум қилинади. Шу жойда энди СССР ва Германия чегарадош бўлиб қолишади.

Кўп ўтмай немислар совет армияси билан бирга Чехословакия, Венгрия, Руминия каби давлатларни ҳам эгаллашади. Бу давлатларнинг асосий қисми немисларга, шарқий қисми СССРга тегади.

1939 йил 30 ноябр куни совет армияси навбатдаги ўлжа – Финландияга бостириб киради. Немислар эса бу пайтда Европа шимоли ва ғарбидаги давлатларни босиб олаётганди.

1940 йил март ойига келиб СССР Финландияни босиб ололмаслиги ойдинлашади ва икки давлат ўртасида сулҳ тузилади. Шу тариқа, совет армияси жуда катта йўқотишлар ҳисобига финлардан озгина ҳудуд қўшиб олади.

Тарихчиларга кўра аввалига Германиянинг СССРга ҳужум қилиш нияти бўлмаган. Бироқ айнан совет-фин урушида совет армиясининг камчиликлари ошкор бўлгач Ҳитлер СССРни босиб олишни режалаштиради.

Агар худди Франциядагига ўхшаб (бу давлатни Ҳитлер бор-йўғи 40 кунда эгаллаган) фашистларга фақат совет армиясининг ўзи қарши чиққанида Ҳитлер СССРни қисқа муддатда босиб оларди.

Немисларга қарши халқ оёққа турди ва аввалига немисларнинг ҳужуми тўхтатилди. Сўнг СССРдан қувиб чиқарилиб, ғалаба қозонилди.

Бугун Россиядаги аксарият сиёсатчилар, юқори лавозимли мансабдорлар фашистлар устидан қозонилган ғалабани фақат рус халқига нисбат беришади. Аслида эса ўша ғалабага барча бирдай ҳисса қўшганди.

1941 йил 22 июнга қадар немислар Британиядан ташқари Европанинг барча қисмини эгаллаган, совет раҳбарияти эса «немислар бизга ҳужум қилмайди» деган хомхаёлда юрганди.

Совет ва немис зобитлари Полшадаги фронт чизиғида. 1939 йил сентябр.
Фото: Alamy Stock Photo

Беҳуда кетган огоҳлантиришлар

Ҳитлер Германия армиясининг илғор кучларини СССР билан чегарада тўплар экан, ана шу пайтда совет разведкачилари Москвани немислар тез орада СССРга ҳужум қилиши ҳақида огоҳлантира бошлашади.

Москвага немисларнинг ҳужуми ҳақида маълумот жўнатганлардан бири Рихард Зорге эди. Бу шахс Бокуда туғилган бўлиб, отаси немис, онаси рус бўлган. Унинг лақаби «Рамсай» эди.

1929 йилдан бошлаб СССР Мудофаа вазирлиги таркибидаги разведка бош бошқармасида иш бошлаган Зоргени 1930 йилда Японияга жўнатишади.

Миллати немис бўлган Зорге Японияда Германия фуқароси сифатида яшайди. Ҳеч ким унинг СССР фуқаросилигини ва совет разведкачиси эканини билмайди.

Зорге Германиянинг Япониядаги элчиси Ойген Отт ва бошқа ходимлар, шунингдек, Токиода бўлиб турган турли немис зобитлари билан яқин алоқада бўлади. Улардан билиб олган турли маълумотларни Москвага юбориб туради.

Рихард Зорге
Фото:  godliteratury.ru

Гап немисларнинг СССРга бостириб кириши ҳақида кетар экан, тарихда «Зорге телеграммалари» номи билан аталган хабарлар жуда машҳур. Унга кўра Зорге 1940 йилдан бошлаб Москвадагиларни Германиянинг СССРга ҳужум қилиши ҳақида огоҳлантира бошлайди.

«Германиядан Японияга келаётган ҳар бир немис зобити Германиянинг СССР сиёсатига таъсир ўтказиш учун шарқий чегарада 80га яқин дивизияси борлигини айтмоқда. Агар СССР Болтиқбўйи республикаларида бўлгани каби Германия манфаатларига қарши ишларни қила бошласа, немислар Харков-Ленинград-Москва линияси бўйлаб ҳужум қилиб, улкан ҳудудни эгаллаб олишлари мумкин», дейди Зорге 1940 йил 28 декабрда Токиодан Москвага юборган хабарида.

Эртаси куни, 29 декабрда Москвага Берлиндаги Совет элчихонасидан ҳам «Ҳитлер СССРга қарши урушга тайёргарлик кўриш буйруғини берган» деган радиохабар келади.

Бу 1940 йилда Германиянинг СССРга режалаштирилган ҳужуми ҳақидаги илк огоҳлантириш хабарлари эди. Тез орада бундай хабарлардан яна ўнлаб олинади.

Зорге 1941 йил 2 май куни Москвага юборган навбатдаги хабарида шундай дейди:

«Ойген Отт менга Гитлер СССРни мағлуб этишга қарор қилганини айтди. СССР билан уруш бошлаш тўғрисида қарор Ҳитлер томонидан май ойида ёки Англия билан урушдан кейин қабул қилинади».

19 май куни Зоргедан қўйидаги телеграмма келади:

«Берлиндан Токиога келган немис зобитлари Германия ва СССР ўртасидаги уруш май ойининг охирида бошланиши мумкинлигини айтишмоқда. Улар ўшангача Берлинга қайтиш ҳақида буйруқ олишган. Май ойи тугамоқда. Бироқ ҳужум бошланмади. Демак хавф тугадими? Йўқ».

30 май куни Зорге уруш бошланиши муддати бироз кечга сурилганини маълум қилади:

«Берлин Оттга Германия СССРга июн ойининг иккинчи ярмида ҳужум бошлаши ҳақида хабар берди. Отт уруш бошланишига 95 фоиз ишонч ҳосил қилмоқда».

СССРга ҳужум қилаётган немис аскарлари BMW мотоциклларида
Фото: ebay.de

У 1941 йил 30 май куни Москвага телеграмма жўнатиб немисларнинг тез кунларда ҳужум бошлаши ҳақида совет раҳбариятини огоҳлантиради:

«СССРга кенг фронт бўйлаб ҳужум 15 июн куни тонг пайтида бўлиши кутилмоқда».

Немислар 15 июнда ҳужум қилишмайди. Москвада унга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлади. Шунда Зорге уруш июн ойининг учинчи ўн кунлигида бошланишига ишончи комил эканини айтади.

1941 йил 17 июн куни Зорге «Германия СССР билан чегарада биринчи қаторнинг ўзида 900 минг аскарга эга. Уларнинг ортида эса яна бир миллион ҳарбий захирада турибди» деб телеграмма жўнатади.

Кейинчалик Зорге ҳақ бўлиб чиқади. Немислар у аввалроқ айтган сана 15 июнда эмас, орадан яна бир ҳафта ўтказиб 22 июнда ҳужум бошлашади.

Кейинчалик, унинг Япония СССРга ҳужум қилмаслиги ҳақидаги маълумотларига асосланиб Узоқ Шарқдаги қўшинларнинг бир қисми Москва ҳимояси учун олиб келинади ва пойтахт сақлаб қолинади.

Сталин нега совет разведкачиларига ишонмаган?

1. Разведкачиларнинг нотўғри маълумотлари туфайли. Хрушчевнинг эслашича, Сталин совет разведкачиларининг биронтасига ишонмаган. Уларни ёлғон маълумот тарқатувчи бузғунчилар деб атаган.

Сталин разведкачиларни нафақат ёлғончилар деб атайди. Ҳатто улардан бир неча нафарини халқ душмани деб эълон қилишни буюргани ҳақида гаплар юради.

Хусусан, Вадим Кожевников ўзининг «Қилич ва Қалқон» романида шундай ишлар бўлганини эслаб кетган.

Совет разведкачилари Москвадагиларни Германиянинг СССРга ҳужуми ҳақида огоҳлантирар экан улар юбораётган хабарларнинг бир қисми нотўғри бўлиб чиқади.

Масалан, Рихард Зорге ўзининг илк хабарларида немисларнинг СССРга баҳорда ҳужум қилишини айтади. Бироқ ҳужум бўлмайди. Кейинроқ у аниқ санани айтиб немислар 15 июн куни ҳужум бошлашини ёзиб юборади. Бу ҳам содир бўлмайди.

Уруш бошлангандан сўнг 1941 йил 14 сентябр куни Зоргедан келган хабарда шундай дейилганди:

«Пауда (Токиодаги Германия денгиз атташеси) менга Германиянинг навбатдаги йирик ҳужуми Днепр дарёси орқали Кавказ йўналишида бўлишига ишончи комил эканлигини айтди. Пауданинг фикрича, немисларда ёқилғи таъминотида муаммолар бор. Улар тез орада нефт олишмаса ўз вазиятларини оғирлаштиришади ва мағлубиятга ҳам учрашлари мумкин. Шу учун Ленинград ва Москва яқинидаги жанглар сусайтирилиб, асосий ҳужум Кавказга бўлиши керак».

Орадан икки ҳафта ўтгач бу маълумотлар ҳам нотўғри бўлиб чиқади. 1941 йил 30 сентябр куни немислар ўзларининг тўртта танк гуруҳидан учтасини Кавказга эмас, аксинча Москва йўналишига ташлаб «Тайфун» операциясини бошлашади. Оқибатда ҳимоя ёриб ўтилади ва немислар Москва остонасига етиб келишади.

Рихард Зорге Японияда
Фото: alamy.com

Немислар СССРга бостириб кирган пайтда советлар учун яна бир катта таҳлика – Япония бор эди. Агар ўшанда японлар шарқдан ҳужум бошласа совет армияси ҳатто халқнинг ёрдамида ҳам иккита фронтга дош бера олмас ва қисқа вақтда мағлубиятга учрарди.

Вазият бироз ноаниқ ва таҳликали, Япония армияси исталган вақтда ҳужум бошлаши мумкин эди. Шу вақтда Рихард Зорге яна бош «план»га чиқади. У Япония СССРга ҳужум қиладими-йўқми, бу ҳақда аниқ маълумотлар юбориши лозим эди.

1941 йил 3 июл куни Зорге японлар СССРга бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар беради:

«Японияликларнинг илк ҳужуми Владивосток, Хабаровск ва Сахалинга бўлади. Сўнг Сахалиндан Приморе қирғоғига ўтишади».

30 июлга бориб Зорге Японлар СССРга бостириб киришга тайёрлигини, улар немислар советлар устидан ғалаба қозонган заҳоти ҳужум бошлашларини маълум қилади.

1941 йил 11 август куни Москвадагилар ундан шундай хабар олишади:

«Сиздан эҳтиёткорлик билан ҳушёр бўлишингизни сўрайман, чунки японлар ҳужумни август ойининг биринчи ва охирги ҳафтаси оралиғида ҳеч қандай эълон қилмасдан бошлайди».

Бироқ бу ишлар содир бўлмайди ва Зоргенинг маълумотлари яна нотўғри бўлиб чиқади.

Ниҳоят, 1941 йил 14 сентябрда Зорге Япония ҳукумати СССРга қарши чиқмасликка қарор қилганини, аммо японлар кейинги йил баҳорда ҳужум қилиши эҳтимоли сақланиб қолаверишини маълум қилади.

Зоргенинг ҳар учта хабаридан иккитасида айтилган ишлар содир бўлмас экан, Москвада уни икки томонлама жосус деган гумонга боришади. Бироқ советларда унинг немислар фойдасига ишлагани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ эди.

2021 йилда Россия ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин уруш арафасида содир бўлган ҳодисалар ёзилган баъзи архив материалларини ошкор қилади.

Россия ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин
Фото: ura.news

Унга кўра, 1941 йил 17 июн куни Сталин вазиятни муҳокама қилиш учун ҳузурига СССР давлат хавфсизлик халқ комиссари Всеволод Меркулов ва ташқи разведка бўлими бошлиғи Павел Фитинни чақиради.

Шу ерда улар Берлиндан «Старшина» лақабли разведкачидан келган маълумотни ошкор қилишади. («Старшина» Германия авиация вазирлиги ходими Харро Шулце-Бойзен бўлиб, уни 1942 йилда немислар отиб ташлашган) Унга кўра яқин кунлар ичида Германия СССРга ҳужум бошлайди. Сталин бу хабарни ёлғон маълумот деб атайди ва Меркулов ва Фитинни кабинетидан қувиб чиқаради.

Россиялик тарихчилар, Зорге ва бошқа разведкачилар юборган маълумотлар нотўғри бўлиб чиқар экан, Сталиннинг уларга ишонмасликка ҳаққи бор эди дейишади.

2. Немисларнинг ёлғон тарғиботлари. Сталиннинг совет разведкачиларига ишонмаслигига немисларнинг тинимсиз ёлғон маълумотлар тарқатишлари ҳам қисман сабаб бўлади.

Немислар «Барбаросса» (фашистлар Германиясининг СССРга бостириб кириш режасининг шартли номи) режаси бўйлаб тайёргарлик кўрар экан, буни яширишнинг иложи йўқ эди.

Шу сабабли улар бир томондан СССР билан чегарада қўшин тўплайди. Иккинчи томондан советларни чалғитиш учун кенг миқёсда дезинформация кампаниясини бошлаб юборади.

Улар оммавий чиқишларда бот-бот СССРга ҳужум қилмасликларини айтишади ва қандайдир маънода Сталин бошчилигидаги совет раҳбариятини ёлғон маълумотларига ишонтира олишади.

1941 йил 14 июн куни СССРдаги барча газеталар ТАСС ахборотини тарқатади. Унда шундай дейилганди:

«Сўнгги пайтларда Германиянинг СССРга бостириб кириши ва икки давлат ўртасида уруш содир бўлиши ҳақида турли ёлғон хабарлар тарқатилмоқда. СССР ва Германия ўртасида ҳудудий, сиёсий ва иқтисодий даъволар мутлақо йўқ. Ҳар икки томон ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақидаги ва бошқа келишувларга оғишмай амал қилмоқда. Совет ҳукумати бундай хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилади».

Бироқ иккинчи томондан немислар СССР билан чегарага жуда кўп миқдорда ўз ҳарбийларини жойлаштиришар экан, Германиянинг СССРга бостириб киришига ишонмаслик ҳам аҳмоқлик бўларди.

3. Сталиннинг ён атрофидагилар. Ўша пайтда улар Сталинни Ҳитлер ҳеч қачон СССРга ҳужум қилмаслигига ишонтиришган. Бунда ўша пайтда Ташқи ишлар халқ комиссари бўлган Молотовнинг жуда катта ҳиссаси бўлган.

Молотов Германия билан тузилган битимга жавобгар эди. У агар немислар аҳдида турмаса Москвада ўзини отиб ташлашлари ҳам мумкинлигини биларди.

Шу учун Молотов бир томондан немислар билан доимий алоқада бўлиб туради, иккинчи томондан уруш бошлангунча Сталинга «ҳаммаси жойида эканлиги тўғрисида» ҳисоботлар олиб кириб туради.

Сталин ва Молотов
Фото: newyorker.com

Жумладан, Молотов-Риббентроп пакти имзолангандан сана 1939 йил 23 августдан 1941 йил 22 июнгача орада ўтган қарийб икки йил давомида Молотов Берлинга бир неча марта боради. У юқори лавозимли совет раҳбарлари орасида Ҳитлер билан учрашган ягона шахс ҳисобланади.

1940 йил ноябр ойида Молотов совет делегациясига бош бўлиб Берлинга боради. Уч кун давом этган музокараларда немислардан СССРга ҳужум қилмаслик ҳақида аниқ гап ололмайди. Бироқ Сталинга «ҳаммаси жойида» қабилида ҳисоботлар олиб киришда давом этади.

1941 йил 6 май куни Сталин Молотовни ташқи ишлар халқ комиссари лавозимидан бўшатади. 1941 йил 22 июн куни тонг соат 3:00 да Германиянинг СССРдаги элчиси Фридрих-Вулен Шуленбург Молотовнинг қўлига Германия Совет иттифоқига ҳужум бошлагани ҳақида маълумотномани тутқазади.

Ўша пайтда ўзининг ўлимга ҳукм қилиниши мумкинлигини ўйлаган Молотов немис элчисига «Нега?» дея олади холос. Сталин Молотовга раҳм қилади. Бироқ шундан кейин унинг даражаси тушиб бораверади ва Берия «доҳий»нинг «ўнг қўли»га айланади.

Зоргенинг қатл этилиши

Советларни уруш хавфидан огоҳлантирган Рихард Зоргенинг ҳаёти аянчли тугайди. 1941 йил кузда Япония хавфсизлик кучлари Зорге юбораётган радиограммалар орқали унинг ортидан тушишади.

Японлар Зорге юбораётган радиограммаларни илк марта 1937 йилда тутишган, бироқ уларни айнан у жўнатаётганини билишмаган. 1941 йил октябрда радиограммаларни ким юбораётгани аниқланади.

Охир-оқибат 1941 йил 18 октябр куни Зорге ва унинг 24 нафар агентдан иборат гуруҳи қўлга олинади. Агентлар ва Зорге яшаётган уйлар тинтув қилинганда жуда кўп махфий ҳужжатлар топилади.

1943 йил 29 сентябр куни ўтказилган суд мажлисида Зорге ўлим жазосига ҳукм қилинади. Зорге аппеляция беради. Бироқ 1944 йил 20 январда ўтказилган судда унинг аппеляцияси рад этилади. Кўп ўтмай ҳукм ижро этилади ва Зорге осиб ўлдирилади.

Рихард Зоргенинг Япониядаги қабри
Фото: www.kommersant.ru

Кейинчалик совет разведкачиларидан бири Леоролд Траппер ўша пайтда японлар советларга Зоргени Москвада ҳибсда сақланган япон генералларидан бирига алмашиш таклифини беришганини, бироқ Сталин бунга кўнмаганини айтганди.

Коммунистик тузум учун жонбозлик кўрсатиб ишлаганларнинг биронтасига раҳм-шафқат қилмаган совет тузуми Рихард Зоргега ҳам вафо қилмайди.

Москвадагилар 20 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида Рихард Зорге совет жосуси бўлганини инкор қилиб келишади. Фақат 1964 йилда Хрушчёв ҳокимиятдан четлаштирилишидан бироз аввал унга совет иттифоқи қаҳрамони унвонини беради.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид