Наполеонни «чўктирган» уруш. Франциянинг Россияга юриши
Бундан роппа-роса 211 йил аввал, 1812 йил 24 июнь куни Наполеон Бонапарт бошчилигидаги Франция империяси кучлари Неман дарёсини кечиб ўтиб, Россия империясига ҳужум бошлайди.
Тарихда Францияни улкан империяга ва Европанинг катта қисмини ўзининг вассалига айлантирган Наполеоннинг Россияда омади келмайди. Айнан шарққа қилинган катта ҳужум Наполеоннинг шуҳратига путур етказиб, унинг ҳокимиятдан қулашини тезлаштиради.
Урушгача вазият ва қитъа қамали
Ҳеч қандай уруш ўз-ўзидан содир бўлмайди, унга бўлган вазият йиллар давомида пишиб етилади. Францияда амалда 1799 йилда ҳокимиятни қўлга олган Бонапарт «Наполеон юришлари» дея аталувчи зафарли урушларни бошлади. 1805 йилда Австрия, 1806-1807 йилларда Польша ва Пруссияга қарши муваффақиятли жанглар қилинди, бунгача Италия ва бошқа ҳудудлар ҳам бўйсундирилганди.
1806 йилда Пруссия эгаллангач, Наполеон кескин қарор қабул қилди: ғалабалардан маст бўлган император жаҳоннинг энг катта мустамлакачиларидан бири — Британия империясига қитъа қамали эълон қилди. Қитъа қамали Наполеон ҳукмронлиги остидаги ерларда Британия билан савдо қилишни тақиқлади. Океанорти мустамлакаларига бой инглизлар иқтисоди катта жабр кўрса-да, инқирозга учрамади. Франциянинг иқтисодий қамали тескари таъсир бера бошлади. Бунинг устига Россия қоғозда қитъа қамалига қўшилишга рози бўлса-да, бетараф байроқ остида Британия билан фаол алоқаларни давом эттирди. Бу Наполеонни ғазаблантирди.
Ишнинг орқага кетгани сабаб императорга яна бир йирик ва ғолибона уруш керак эди. Пруссия ва Австрия қўлловига эришган Наполеон катта, аммо иқтисодий заифроқ бўлган Россия империясига уруш очишга қарор қилди.
Уруш
Франциянинг «Буюк армия»сида 600 мингдан ошиқ аскар бўлгани айтилади. Айтиш жоизки, уларнинг ярмини французлар ташкил этган, қолгани вассал давлатлар вакиллари эди. Французлардан сўнг немис ва поляклар кўпчиликни ташкил этган. Россия армиясининг 450 мингдан ошиқ жангчиси бор эди, шунингдек, 600 мингдан ошиқ киши мобилизация қилинади.
Манбаларга кўра, Наполеон урушни тез тугатишни мақсад қилган. У бевосита Россияни қўшиб олишни эмас, уни вассалга айлантиришни истарди. Асосий ният Британияни чўктириш бўлса, Россия бу ишда унга ёрдам бериши керак эди. Ҳатто Наполеон Россия ёрдамида Ҳиндистонга юришни ният қилгани айтилади.
Наполеон кучлари уч йўналишда: шимол, марказ ва жанубдан ҳужумга ўтади. Дастлаб французлар яшин тезлигида ғалаба қозона бошлайдилар. Россия кучларида ягона қўмондонлик йўқ, император Александр Биринчи ҳарбий илмга нўноқ эди. Ниҳоят 17 августда Фавқулодда қўмита тузилиб, Михаил Кутузов унга раҳбар этиб тайинланади.
Кутузов ва Наполеон ўртасидаги илк катта тўқнашув сентябрда, Москвадан 125 километр узоқликдаги Бородино қишлоғида юз беради. Икки томон ҳам (айниқса руслар) катта йўқотишларга учрайди. Кутузов чекинишга буйруқ беради.
Кули кўкка совурилган Москва
Кутузов анча эҳтиёткор саркарда эди. Рус армияси фаол чекина бошлайди. Натижада 15 сентябрда француз армияси Москвани қўлга киритади. Аммо уларнинг хурсандчилиги кўпга чўзилмайди — шаҳарда катта ёнғин бошланади. Гарчи Россия томони босқинчиларни айбласа-да, фактларга кўра, русларнинг ўзи Москвани тарк этишдан аввал шаҳарга ўт қўяди.
Москвада бироз муддат туриб, ёнғин сабаб чиқишга мажбур бўлган Наполеон қуйидаги гапларни ёзади: "Даҳшатли спектакл — олов денгизи, аланга уммони. Умрим бино бўлиб, бунақа даҳшатли ва катта спектаклни кўрмаган эдим..."
Шаҳарга қайтиб кирганлар култепаларни кўради холос. Французлар шаҳарда бир ойдан ошиқ туришади. Москвадан туриб Наполеон Петербургга тинчлик сулҳларини таклиф этади ва рад жавоби олади.
Россия ичкарисига кириб борган сари армия кучсизлана бошлайди, таъминот қийинлашади, французлар оддий халқнинг жиғига тегиб талончилик қила бошлайди. Бунинг оқибатида халқ норозилиги ортидан партизанлик ҳаракатлари авж олади.
Октябрда французлар Москвани тарк эта бошлайдилар. Об-ҳаво кескин совиб кетади. Айрим жойларда французларнинг чекиниши қочишга айланади. Малоярославец ва Краснийда Наполеон қақшатқич мағлубият қабул қилиб олади.
Интиҳо ва Наполеоннинг қулаши
Ноябрь охирида томонлар Березина дарёси бўйида тўқнашади. Французлар катта йўқотишга учраб, амалда жанговарликни йўқотишади. 600 минг кишилик буюк армиядан фақатгина қочоқ ва ёмон аҳволдаги бир неча минг аскарлар қолади холос. 15 декабрда чиқарилган армия ҳужжатида Наполеон катта йўқотишларни тан олиб, амалда мағлубиятни қайд этади.
Россиялик тарихчи А.Н.Троицкийга кўра, Наполеоннинг мағлубиятига уч асосий сабаб бор: француз императорининг нўноқ тактикаси, рус армиясининг қаттиқ қаршилиги ва Россиянинг кучли совуғи. Айнан совуқ туфайли француз армияси катта қийинчиликларга учрайди.
Бундан ташқари Британия империяси Россияга катта ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатади. Маълумотларга кўра, урушдан кейин 200 мингдан ошиқ француз аскарлари Россияда асирда қолади. Улар мамлакатдаги ижтимоий-маданий ҳаётга таъсир қилади, руслар орасида франуз маданияти ва тилига қизиқиш кучаяди.
Наполеон эса 1813 йилда Европа иттифоқчи кучларидан Лейпциг остонасида мағлубиятга учраб Элба оролига сургун бўлади. Аммо бу буюк императорнинг охири эмасди. Наполеон яна қайтиб, ҳокимиятни эгаллайдики, энди бу бошқа, катта ҳикоя...
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
13:52 / 20.11.2024
Франция Ўзбекистонда француз тилини ўргатиш жараёнини йўлга қўяди
12:07 / 20.11.2024