Жаҳон | 22:10 / 24.06.2023
41937
2 дақиқада ўқилади

Олимлар мия қаришининг олдини олиш усулларини санаб ўтди

Соғлом турмуш тарзи мия қаришига қарши курашнинг асосий усули сифатида тан олинган.

Фото: Depositphotos.com / AndreyPopov

АҚШ Миннесота университети олимлари кекса одамларда мия саломатлигини мустаҳкамлашнинг энг самарали стратегияларини кўриб чиқди. Тадқиқот The Lancet Healthy Longevity журналида чоп этилди.

Олимлар 2002 йил 1 январдан 2023 йил 1 январигача PubMed маълумотлар базасида чоп этилган илмий мақолаларни кўриб чиқдилар. Улар турли омиллар, жумладан, гипертония, чекиш, ҳаракатсиз турмуш тарзи ва етарлича уйқусизлик туфайли стресснинг тўпланиши вақт ўтиши билан мияга зарар етказишини аниқлади. Ушбу стресс компенсацион тикланиш механизмларини бостиради, бу эса миянинг тикланмас шикастланишига олиб келади.

Кўпгина тадқиқотлар шуни кўрсатдики, етарли когнитив захира — миянинг инсульт, жароҳатлар, сурункали касалликлар ёки ёшга боғлиқ ўзгаришлар оқибатларини бартараф қилиш қобилияти мия қаришини секинлаштириши мумкин. Таълим ва соғлом турмуш тарзи когнитив захирани тўплашга ёрдам беради.

Мия билан боғлиқ касалликларни даволаш усуллари чекланган. Шу сабабли, касалликнинг олдини олиш энг самарали восита бўлиб кўринмоқда. Кекса одамлар сони тез суръатлар билан ошиб бориши билан бутун дунёда неврологик касалликлар юки ҳам ортиб бормоқда. Олимлар фикрига кўра, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш дастурлари зудлик билан зарур.

Соғлом одатларга мисол сифатида тадқиқотчилар Америка кардиология ассоциациясининг (AMA) Life's Simple Eight концепциясини мисол қилиб келтиришади: етарли уйқу, соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик, чекишни ташлаш, соғлом вазнни сақлаш, қонда липид ва шакарнинг меъёрдаги даражасини ва қон босимини меъёрида сақлаш.

Мавзуга оид