Иқтисодиёт | 18:44 / 24.06.2023
33020
9 дақиқада ўқилади

Рекорд миқдордаги электр, камаяётган газ, кун тартибига чиққан сув — иқтисодий таймлайн

Ўзбекистон Россиядан газ сотиб олиш бўйича шартноманинг айрим тафсилотларини очиқлади, айни пайтда газ қазиб олиш ҳажми пасайишда давом этяпти. Ҳукумат сув исрофини камайтириш бўйича чоралар коришни бошлади. Собиқ Алгоритм заводи ва йирик логистика компанияларидан бири хусусийлаштирилди. Ҳафтанинг иқтисодий янгиликлари иқтисодий таймлайнда.Россиядан газ сотиб олиш бўйича шартноманинг айрим тафсилотлари очиқланди

Энергетика вазирлиги Россиядан газ сотиб олиш бўйича шартноманинг айрим шартларини очиқлади. Маълум бўлишича, октябрдан бошлаб Россия Ўзбекистонга кунига 9 млн куб табиий газ етказиб беради. Йиллик ҳажм эса қарийб 2 миллиард 800 миллион кубометрни ташкил этади. “UZGAsTrade” ва “Газпром” экспорт компаниялари ўртасидаги битим 2 йил муддатга тузилган.

Тижорий битимдан ташқари, томонлар бу битимни амалга оширишга тайёргарлик кўриш бўйича “Йўл харитаси” ҳам имзолаган. Унинг доирасида Россия газини қабул қилиб олиш учун Ўзбекистоннинг газ-транспорт тизимидаги 3 та газ ҳайдаш ускунаси янгиларига алмаштирилади ва 11 та турли русумдаги газ ҳайдаш ускунасида мукаммал таъмирлаш ҳамда тиклаш ишлари бажарилади. Шунингдек, 22 километрлик янги магистрал газ қувурлари қурилади, 56 километрлик газ қувурлари таъмирланади.

Энергетика вазирлиги харид нархини очиқламади. Расмий хабарда айтилишича, табиий газ нархи минтақадаги бозор нархлари асосида, шунингдек, республикадаги амалдаги нархлар ҳамда уларни бозор тамойиллари асосида шакллантириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб келишилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Россиядан газ сотиб олиш бўйича музокара ўтказаётгани ўтган йили охирида маълум бўлганди. Расмий Москва Ўзбекистон ва Қозоғистонни уч томонлама газ иттифоқи тузишга ундаяпти. ОАВга сиздирилган хабарларга кўра, Россия томони газ эгасига Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг газ узатиш тармоқлари эгалигини қўлга олмоқчи бўлган, лекин ҳар икки мамлакат буни рад этган.

Газ қазиб олиш камайишда давом этяпти

Газ мавзусидан узоқлашмаймиз. Ўзбекистонда газ қазиб олиш пасайишда давом этяпти. Жорий йилнинг январ-май ойларида газ қазиб олиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,8 фоизга қисқарди. Статистика агентлигига кўра, жорий йилнинг дастлабки 5 ойи давомида газ қазиб олиш ҳажми 19,86 млрд куб метрни ташкил этган, бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,15 млрд кубга кам.

Аҳамиятлиси шундаки, ўтган йилнинг айни шу даврида газ қазиб олиш 4 фоизга камайган эди, жорий йил эса пасайиш қарийб 10 фоизга етган.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда газ қазиб олишнинг қисқариши ва ички бозорда талаб ортиб бораётгани сабабли хорижга табиий газ сотишни жиддий қисқартирди. Хусусан, 2020 йилда Россияга газ экспорти бутунлай тўхтатилди ва Хитойга етказиб бериш ҳажми камайди. Хитой Бош божхона бошқармаси маълумотларига кўра, 2023 йил январ-май ойларида Ўзбекистондан Хитойга газ етказиб бериш ҳажми қиймат жиҳатидан 60,7 фоизга камайиб, 118,6 миллион долларни ташкил этган. Газ таъминотининг физик ҳажми кўрсатилмаган.

Хитой томони статистикасидан кўринишича, Ўзбекистон май ойида газ етказиб беришни оширган. 5 ой давомидаги қарийб 120 млн долларлик экспортнинг 78 млн долларлик қисми биргина май ойига тўғри келади. Лекин бу ҳам ўтган йилнинг май ойи билан таққослаганда анча кам: 2022 йилнинг майида Ўзбекистондан Хитойга 161,5 млн долларлик газ етказиб берилганди.

Май ойида электр токи ишлаб чиқариш рекорд даражага етди

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, май ойида Ўзбекистонда 7,3 млрд KW-соат, яъни рекорд даражада кўп электр энергияси ишлаб чиқарилган. Жорий йилнинг 5 ойидаги ўсиш кўрсаткичи атиги 3 фоизни ташкил қилса-да, май ойининг ўзида электр энергияси ишлаб чиқариш апрелга нисбатан 34 фоизга ўсган.

Агентликнинг изоҳ беришича, бу ноодатий ўсиш электр энергияси ишлаб чиқарувчи кичик корхоналардан тўрттаси йирик корхона тоифасига ўтгани сабаб улар ойлик ҳисобот тақдим қила бошлагани билан боғлиқ. Ҳар ойлик пресс-релизлар эса якуний эмас, дастлабки маълумотлар ҳисобланади.

Ўзбекистон йил бошидан бери электр энергияси импортини ҳам оширган. Энергетика вазирлигига кўра, январ-май ойларида 2,5 млрд куб электр токи импорт қилинган, бу ўтган йилнинг мос даврига қараганда 18,6 фоизга кўп. Электр энергияси экспорти эса аксинча 18,5 фоизга қисқарган.

Сув бўйича чоралар кўриш бошланяпти

Ўтган ҳафта иқтисодиёт ва молия вазири маълум қилганидек, ҳукумат ичимлик суви исрофини камайтириш борасида маълум чоралар кўришни бошлаяпти. Президент фармонига асосан, истеъмолчиларга сув етказиб бериш давлат-хусусий шерикликка ўтказилади. Бунинг тартиби 2023 йил сентябргача ишлаб чиқилади.

Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси деб қайта номланади. Инспекция ерусти сувларидан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини ҳамда сув олиш тартибини бузиш ҳолатлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш, шунингдек, жисмоний шахсларга нисбатан маъмурий жазо қўллаши мумкин.

Сенатнинг 42-ялпи мажлисида Тошкент шаҳрида сув сарфи айрим пайтларда аҳоли жон бошига суткасига 400 литрни ташкил қилаётгани ва бу дунё шаҳарлари кўрсаткичидан каррасига юқори экани айтилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида ҳар бир гектарга сув сарфи айрим давлатларга нисбатан 2-2,5 баробар кўп. Экин майдонларига сув етказиб беришда сезиларли йўқотишлар бор. Ирригация тизимларида носозликлар мавжуд. Қолаверса, ерости сувларининг ҳажми ва сифати ҳам тобора пасайиб бормоқда.

“Охирги пайтларда сув билан боғлиқ тизимли муаммолар ҳақида жамоатчилик бонг урмоқда. Турли танқидий-таҳлилий чиқишлар, асосли мулоҳазалар билдирилмоқда. Бироқ масъуллар жим. Сувдан рационал фойдаланишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни кўрмаяпмиз”, - деди Сенат раиси Танзила Норбоева.

Собиқ “Алгоритм” заводи сотилди

E-Auksion платформасидаги аукционлар бўйича энг юқори нарх рекорди янгиланди. 23 июн куни 16 дақиқа-ю 32 сония давом этган аукционда Тошкентнинг Чилонзор туманидаги собиқ “Алгоритм” заводи 307,6 млрд сўмга сотилди. 16 гектарлик майдонга эга объект учун “Strategic Development Team” МЧЖ бошланғич нархдан 5 фоиз юқори нарх таклиф қилди. Аукционнинг бошқа иштирокчилари эса таклиф билдирмади.

“Strategic Development Team” 2018 йилда ташкил этилган, Тижорат фаолияти ва бошқарув масалалари бўйича маслаҳат бериш билан шуғулланади. Устав капитали 7 млн сўм, таъсисчиси сифатида Садиков Фатхулла Хайруллаевич кўрсатилган.

Собиқ “Алгоритм” заводи бинолари 2022 йилда сотувга қўйилган. 2012 йилда бу ерда “Candy” жаҳон бренди ва миллий “Roison” бренди остида музлаткичлар, кондиционерлар ва кир ювиш машиналари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди.

307,6 млрд сўмлик таклиф E-Auksion платформасида ўйналган аукционлардаги энг юқори нархга айланди. Бундан олдинги рекорд 2021 йил декабрида қайд этилган, ўшанда Doʻmbirobod City Group Чилонзор туманидаги 28 гектарлик ҳарбий шаҳарча ҳудудини 266,4 млрд сўм таклиф билан ютиб олганди.

“Hyper Partners” “Ўрта Осиё Транс”даги 51 фоизлик давлат улушини сотиб олди

Яна бир йирик хусусийлаштириш битими “Ўрта Осиё Транс” акциядорлик жамиятига оид. Логистика компаниясидаги 51 фоизлик давлат улуши 65 млрд сўмга “Hyper Partners” МЧЖга сотилди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарига кўра, хусусийлаштириш жараёнида 3 та таклиф келиб тушган, улардан иккитаси якуний босқичга ўтказилган. Ғолибни аниқлашда унинг малака ва тажрибаси, битимни ёпиш шартлари ва энг яхши нарх таклифи инобатга олинган. Жараёнда консултант сифатида Мерритз иштирок этган.

Харидор “Hyper Partners” 2018 йилда рўйхатдан ўтказилган. Жорий устав фонди – 194 млрд сўм. Жамиятнинг 100 фоизлик улуши “Hyper Partners GMBH”га тегишли бўлиб, бу компания Германияда рўйхатдан ўтган. Инвестор Тошкент сити ва Жиззах цемент заводи каби лойиҳаларда иштирок этгани ҳақида маълумотлар бор.

“Ўрта Осиё Транс” АЖ эса 1992 йилда ташкил этилган. 1,5 млрд сўмлик устав капиталига эга компания юк автомобиллари асосидаги логистика билан шуғулланади.

Мадина Очилова тайёрлади.
Оператор ва монтажчи – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид