Жаҳон | 11:17 / 28.06.2023
4438
2 дақиқада ўқилади

ЕМБ банкларни Россиядан чиқиб кетишни тезлаштиришга чақирди

Европа Марказий банки Россияда фаолият юритаётган банкларнинг ҳуқуқий ва молиявий таваккалчилиги ошишини таъкидламоқда.

Фото: Kai Pfaffenbach / Reuters

Европа Марказий банки Евгений Пригожин исёни ортидан хавф-хатар кучайгани сабабли молия институтларини Россиядан чиқиб кетишни тезлаштиришга чақирди. Бу ҳақда Reuters 27 июнь, сешанба куни Европа Марказий банки кузатув кенгаши раиси Андреа Энриага таяниб хабар берди.

Энриа Европа парламенти депутатларига йўллаган мактубида унинг бўлими «банкларни аниқ йўл хариталарини қабул қилиш орқали қисқартириш ва чиқиш стратегияларини тезлаштиришга чақиргани», шунингдек, «ЕМБ бошқарув органларига ва банк назоратига ушбу режаларни амалга ошириш тўғрисида мунтазам равишда ҳисобот беришни» айтди. Россияда фаолиятини давом эттириш ҳуқуқий ва молиявий хавфларни оширади, деди Энриа. 

Россияда бизнес юритишда давом этаётган Европанинг энг йирик кредит ташкилотлари Австриянинг Raiffeisen Bank International (RBI), Венгрия OTP Group ва Италиянинг UniCredit бўлиб қолмоқда, деб ёзади Reuters. RBI бош директори Иоганн Штроблнинг айтишича, ташкилот Россияни «тўлиқ» тарк этиш сценарийлари устида ишламоқда. Аввалроқ австриялик гуруҳ Россия бизнесини сотиш ёки ажратиш масаласини кўриб чиқаётгани хабар қилинганди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид