Саудия Арабистони Ўзбекистонда «яшил» водород соҳасида лойиҳаларни амалга ошириши мумкин
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш ва янги ташаббусларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни янада фаоллаштиришни келишиб олди.
Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ билан видеоконференция тарзида музокара ўтказди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, томонлар инвестициявий, савдо-иқтисодий соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Энергетика, кимё саноати, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, инфратузилмавий ривожланиш ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди.
Суҳбат чоғида мамлакатда «яшил» водородни ривожлантириш соҳасидаги истиқболли лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш ва янги ташаббусларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни янада фаоллаштиришга келишилди.