Жаҳон | 23:57 / 06.07.2023
12195
2 дақиқада ўқилади

Чўкиб кетган «Титан»га эгалик қилувчи компания фаолиятини тўхтатди

OceanGate компанияси барча тижорат операциялари тўхтатилганини эълон қилди. 

Фото: Reuters

Атлантика океанида ҳалокатга учраган «Титан» сувости кемасига эгалик қилувчи OceanGate Expeditions компанияси фаолиятини тўхтатганини маълум қилди. 

«OceanGate батискафларнинг барча разведка ва тижорат операцияларини тўхтатди», дейилади компания веб-сайтида. 

19 июнь куни бортида беш киши бўлган «Титан» батискафи «Титаник» кемасининг Атлантика океанида ғарқ бўлган жойига экспедиция вақтида ғойиб бўлган эди. 

22 июнь куни АҚШ қирғоқ хавфсизлиги қидирув гуруҳи аъзолари батискаф бўлаклари топилгани ҳақида хабар берди. Уларнинг ҳолати сувости кемасида ичкарига йўналтирилган портлаш содир бўлганини кўрсатди. Тахминларга кўра, унинг бортидаги одамлар бир зумда ҳалок бўлган. 

«Титаник» 1912 йил 15 апрелда Саутҳэмптондан Нью-Йоркка кетаётганда айсберг билан тўқнашиб, чўкиб кетган. Ҳодиса оқибатида 1,5 мингга яқин одам ҳалок бўлган эди. 

OceanGate компанияси «Титаник» кемаси ғарқ бўлган ҳудудга экспедиция уюштириш билан шуғулланган. Сувости туристлари кема қолдиқларини томоша қилиш учун 250 минг долларга чипта сотиб олишган. 

Мавзуга оид