Иқтисодиёт | 21:50 / 06.07.2023
51831
3 дақиқада ўқилади

Damas Россияга “параллел импорт” кўринишида етказиб берилаётган бўлиши мумкин

Россиядаги дилерлик марказларида Damas сотуви йўлга қўйилган . Нарх – 11 минг доллар атрофида. Бу автомобиллар Қозоғистон орқали “параллел импорт” кўринишида етказиб берилаётган бўлиши мумкин. UzAuto Россияга автомобил етказиб беришни ўтган йили март ойида тўхтатганини маълум қилганди.

Фото: Kun.uz

Россиялик автомобиль дилерлари Chevrolet Damas автомобилини мамлакатга олиб кириб, сотув жараёнини ташкил қилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Российская газета” хабар берди.

Қайд этилишича, 2023 йилда ишлаб чиқарилган Chevrolet Damas Россия бозорида 994 900 рублдан (тахминан 11 минг доллар эквивалентида) сотилмоқда. Автомобиллар Ўзбекистон ва Қозоғистонда йиғилган.

Ўтган йилнинг февраль ойида Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши фонида АҚШнинг General Motors компанияси Россия бозорига ўз брендларидаги автомобилларни етказиб беришни тўхтатганди.

2022 йилнинг март ойидан UzAuto Motors ҳам Россияга автомобил экспортини тўхтатди. Eurasianet буни компанияга яримўтказгичлар ва микрочиплар етказиб берувчи Жанубий Корея Россияга қарши киритилган санкцияларга қўшилгани билан боғлиқлигини келтириб ўтганди.

Ўз навбатида, GM Eurasianet сўровига жавобан, Chevrolet бренди остидаги автомобиллар UzAuto томонидан Россияга етказиб берилиши 2022 йилнинг 9 мартидан тўхтатилганини тасдиқлаганди.

Шундай бўлса-да, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, бир қанча маркадаги Chevrolet моделлари 2022 йил давомида “параллел импорт” схемалари асосида Россияга етказилган ва сотилган бўлиши мумкин.

UzAuto Motors Ўзбекистонда сотувда йўқ автомобилларни энг кўп ишлаб чиқармоқда

Статистика агентлигининг ҳисоботида келтирилишича, UzAuto Motors 2023 йилнинг январ-май ойларида 120 631 дона енгил автомобил ишлаб чиқарган. Эътиборга молик жиҳати, ўтган 5 ой давомида 39 264 дона Cobalt, 27 961 дона Lacetti-Gentra, 26 815 дона Damas ишлаб чиқарилган. Бу – умумий ишлаб чиқарилган автомобилларнинг 78 фоизини ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, Damas, Labo, Cobalt ва Gentra каби энг оммабоп моделлар учун шартнома бериш 2022 йилнинг декабр ойи бошида тўхтатилган эди. Қарийб 7 ойга яқин вақт ўтган бўлса-да, бу жараён қайта тиклангани йўқ.

Статагентлик ахборотига кўра, жорий йилнинг январ-май ойларида Ўзбекистонда қуйидаги автомобиллар ишлаб чиқарилган:

  • Cobalt – 39 264 дона (ошиш – 0,9 фоиз);
  • Lacetti-Gentra – 27 961 дона (қисқариш – 21 фоиз);
  • Damas – 26 815 дона (қисқариш – 9,4 фоиз);
  • Tracker – 8 853 дона;
  • Onix – 6 943 дона;
  • Nexia T-250 – 1 992 дона (қисқариш – 78,7 фоиз);
  • Spark – 187 дона (қисқариш – 95,1 фоиз);
  • Махсус енгил автомобиллар – 8 612 дона (ошиш – 18,5 фоиз).

Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида Ўзбекистонда 122 200 та енгил автомобил ишлаб чиқарилган. Яъни ўтган бир йил ичида ишлаб чиқариш 1 569 тага камайган.

Ишлаб чиқариш қисқариб, ички бозорга автомобиль етказиб бериш чекланганига қарамай, UzAuto Motors четга автомобил экспорт қилишни давом эттирмоқда. Хусусан, қўшни Қозоғистонда 2023 йилнинг январь-май ойларида 17 636 дона Chevrolet брендидаги янги автомобиллар сотилган. Айни пайтда қўшни республикадаги дилерлик марказларида Damas'га ҳам, Cobalt'га ҳам, Gentra'га ҳам ва ҳаттоки Nexia-3 ва Spark учун ҳам шартнома олиш мумкин.

Мавзуга оид