Ўзбекистон | 07:31 / 06.07.2023
9030
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ўрик экспорти бўйича дунёда етакчи ўринни эгаллаши кутилмоқда

Германиянинг Fruchtportal ихтисослашган янгиликлар порталида “Ўзбекистон жорий йилги мавсумда янги ўрик экспорти бўйича дунёда етакчи ўринни эгаллайди” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

EastFruit таҳлилий платформа маълумотига таяниб айтилишича, Ўзбекистон 2023 йилда ўрикнинг рекорд ҳосилини йиғиб олиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, ўрик экспорти ҳажмининг ўсишига ва мамлакатнинг ушбу кўрсаткич бўйича жаҳон етакчилари сафига қайтишига ёрдам беради.

Таъкидланишича, ҳозирги кунда мамлакатда ўрик нархи тарихан паст даражада. Бундан паст кўрсаткич коронавирус пандемияси туфайли экспорт вақтинча тўхтатилган 2020 йилда қайд этилган.

EastFruit мутахассислари фикрига кўра, мавсумнинг дастлабки икки ойида Ўзбекистон ўрик экспорти бўйича рекордни такрорлашга муваффақ бўлди ва 40 минг тоннага яқин маҳсулотни ташқи бозорларга сотди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,4 бараварга кўпдир.

Шунингдек, Ўзбекистон мавсум давомида камида 65-70 минг тонна ўрикни ташқи бозорларга сотиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Маълум шароитларда экспорт ҳажми ҳатто 75 минг тоннадан ошиши ҳам мумкин.

Ўзбекистон мавсум якуни бўйича жаҳон бозорида янги ўрик экспорти рейтингида иккинчи ўринни эгаллаши, авваламбор, 2023 йилда Италия ва Испанияда ўрик ҳосили кутилганидан анча камлиги ва сўнгги йиллардаги ўртача кўрсаткичдан паст экани билан боғлиқ.

Ўзбекистонда ўрик мўл ҳосиллигини инобатга олган ҳолда, EastFruit мутахассислари мамлакат қуритилган ўрик мевалари ишлаб чиқаришни кўпайтириши ва мавсум давомида ушбу бозорга ҳам босим ўтказишини тахмин қилмоқда.

Мавзуга оид