Жаҳон | 13:13 / 06.07.2023
17125
7 дақиқада ўқилади

Қорабоғ учун Донбасс сценарийси: арман-озарбойжон можароси кескинлашувидан ким манфаатдор?

Озарбойжон ва Арманистон сулҳ шартномаси имзолаш сари қадамлар ташлар экан, Россия Кавказ ортида ўз таъсир кучини сақлаб қолишга уринишлардан асло воз кеча олмаяпти. Бироқ Озарбойжон кичик ва катта провокацияларга қийналмасдан жавоб қайтара оляпти.

Қорабоғда Озарбойжон армияси аскарлари. Фото: caliber.az

Ўтган ҳафтада Вашингтон остонасидаги Арлингтон шаҳарчасида Озарбойжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирлари Жайхун Байрамов ва Арарат Мирзоян ўртасида уч кунлик музокаралар ўтказилди. Музокаралар мавзуси 2020 йил ноябрида Озарбойжоннинг тўлиқ ғалабаси билан якунланган Иккинчи Қорабоғ урушидан сўнг иккитомонлама муносабатларни тартибга солиш мавзусига бағишланди. Музокараларда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен фаол иштирок этди.

Музокаралар якунида Блинкен Кавказорти давлатларида тинч тартибга келтиришда олға силжиш кузатилгани ҳақида гапирди. «Уч кун давомида олиб борилган кенг кўламли ишлар учун раҳмат. Эришилган илгарилаш ва кейинги ҳафталар ва ойлар давомида бу йўналишда ишларни давом эттириш қатъияти учун ташаккур билдираман», — деганди Блинкен 29 июн куни.

Лекин ҳаммаси бу қадар хайрли якунланмаслиги ҳам мумкин эди. Музокаралар ўтказилаётган чоғда Қорабоғ можароси зонасида кескинлашув кузатилди. РФ мудофаа вазирлиги ва бир қатор арман нашрлари хабарларига кўра, 28 июн куни Озарбойжон қуролли кучлари артиллерия ва пилотсиз учар қурилмалардан фойдаланиб, Қорабоғнинг Оқдара ва Хўжаванд туманларида жойлашган арман гуруҳлари позицияларига зарба берган ва оқибатда тўрт (бошқа маълумотларга кўра беш) нафар арман ҳарбийлари ҳалок бўлган.

Бу воқеалар фонида тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси Миллий йиғилиши (парламенти) Вашингтондаги арман делегациясидан «Қорабоғдаги ва Арманистон чегарасидаги тўқнашув чизиқларида оташкесимга тўлиқ эришилгунга қадар бошланган музокараларини зудлик билан тўхтатиш»ни талаб қилди. Бироқ тан олинмаган республика парламентчиларининг бу оташин чақируви Вашингтондаги расмий арман делегацияси томонидан рад этилди. Музокаралар давом эттирилди ва АҚШ Давлат департаменти раҳбари томонидан муваффақиятли деб баҳоланди.

Ўша кунлари Қорабоғда рўй берган воқеалар бўйича Озарбойжон томонининг ўз талқини бор. Унга кўра, 27 июн куни (яъни, Вашингтонда музокаралар бошланаётган чоғда) Қорабоғдаги «ноқонуний арман гуруҳлари» Озарбойжон кучлари позицияларига қарата ўт очган ва натижада озарбойжонлик ҳарбий ярадор бўлган. Бунга жавобан 28 июн куни Озарбойжон армияси «Қаҳр» операциясини ўтказган ва Қорабоғдаги арман айирмачиларига қарата ўт очган.

Сиёсатшунос ва журналист Александр Желенин Қорабоғдаги бу кескинлашув ким учун керак бўлгани ва у қандай йўллар билан ўз мақсадига эришмоқчи экани ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Расмий Ереваннинг Қорабоғ можаросини ва расмий Боку билан муносабатларнинг бутун мажмуасини тартибга солиш бўйича принципиал позицияси аввалроқ мамлакат бош вазири Никол Пашинян томонидан баён қилинган эди: Арманистон Озарбойжоннинг халқаро эътироф этилган чегараларини тан олишга тайёр. Бу оддий, бироқ унинг мамлакатидаги жуда кўпчиликка ёқмайдиган нарсани англатади. Яъни кўпроқ арман тилида сўзлашувчи аҳоли жойлашган, унинг учун кўп қон тўкилган Қорабоғ 30 йиллик чала мустақилликдан сўнг Озарбойжон таркибига қайтарилади.

Арманистонда, табиийки, ўзларининг «уруш партияси» бор ва улар албатта Қорабоғнинг Озарбойжонга қайтарилишини эшитишни ҳам хоҳламайди. Бироқ, ёдда тутиш жоизки, бу «партия» (аслида бир неча партиялар) 2020 йилнинг ноябрида Иккинчи Қорабоғ урушидан сўнг 2021 йилги парламент сайловларида қақшаткич тарзда мағлубиятга учраган. Ўшанда реалист Никол Пашиняннинг «Фуқаролик келишуви» тинчлик партияси ғолиб чиққан эди. Сирасини айтганда, бу арман жамоатчилигининг Қорабоғ учун курашни давом эттириш-эттирмаслик масаласига жавоби эди.

Бу томонда тан олинмаган ТҚР раҳбарияти Озарбойжон таркибига қайтишга қатъий қарши. Ўзини мустақил дея эълон қилиб олган республика миллий йиғилиши раиси Артур Товмасян шундай деган: «Қорабоғ ҳеч қачон мустақил Озарбойжон таркибида бўлмаган ва бўлмаслиги керак, бу борадаги ҳар қандай мулоқотларни биз қабул қилмаймиз. Бу бизнинг қизил чизиғимиз ва уни ҳеч ким бузиш ҳуқуқига эга эмас».

Қорабоғдаги парламентчилар ўзлари топинадиган Россия раҳбариятидан «РФ тинчликпарвар миссияси доирасида Озарбойжоннинг аксилинсоний ва геноцидиал ҳаракатларига янада қатъийроқ усуллар билан жавоб қайтариш»ни талаб қилмоқда.

Лекин кўриб турибмизки, бу оташин истаклар ҳам, қуролли провокациялар ҳам ўз мақсадига эриша олмади. Тан олинмаган ТҚР вакилларининг мурожаатига Вашингтонда нафақат Озарбойжон делегацияси, ҳаттоки Арманистон делегацияси ҳам эътибор қаратмади.

Қорабоғдаги провокациялар муаллифи кимлигига тўхталадиган бўлсак, очиқ-равшан кўриниб турибдики, Озарбойжон музокараларнинг айни босқичи барбод бўлишидан манфаатдор эмас, чунки улар музокараларни ғолиблар позициядан олиб бормоқда. Боз устига, улар арманларни энг асосий ён беришга — халқаро эътироф этилган чегаларни тан олиш ва Қорабоғ устидан ўз суверенитетини тиклаш ҳуқуқига эга эканлигига мажбур қила олишди.

Пашинян ҳукумати Боку билан конструктив музокараларни давом эттириш ва у билан сулҳ шартномаси имзолашдан манфаатдор. Озарбойжон билан янги урушга куч ҳам, маблағ ҳам йўқ. Ўзининг КХШТ бўйича иттифоқчиси Россиядан умид қилмаслик кераклигини 2020 йил воқеалари ҳам кўрсатиб берди. Украинага уруш очишидан аввалги ҳолатда ҳам Москва ҳарбий блок бўйича расмий шериги ҳимоясига туриб бермади. Энди 16 ойлик бу урушдан сўнг Кремлнинг позициялари янада заифлашди. Пригожиннинг исёни, Путин ва унинг «вертикали»нинг эсанкираб қолиб, нотавон аҳволга тушиб қолгани Россия нуфузини янада пасайтирди.

Бироқ, Кремл кичик, жойи келса йирик нобоп ишлардан бўйин товламоқчи эмас. Улар Кавказ ортида ўз таъсири кучини сақлаб қолишдан ҳам воз кечмоқчи эмас.

Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги сулҳ шартномаси Кремлнинг бу минтақадаги таъсир кучи тугаганини англатади. Сулҳ шартномаси тузилгач, энг камида Россиянинг Арманистоннинг Гюмри шаҳрида жойлашган, Қорабоғ урушида ўзининг бефойда эканини намойиш этган ҳарбий базасининг мақсадга мувофиқлиги масаласи кўтарилади.

Тан олинмаган ТҚРнинг Вашингтондаги арман делегациясига мурожаатида «тўқнашув чизиқларида оташкесим тўлиқ таъминланмагунича бошланган музокараларни зудлик билан тўхтатиш» талаби қўйилгани бежиз эмас. Моҳиятан, бу Донбасс сценарийсининг ўзгинаси. Чунки тан олинмаган республика ҳеч қачон «тўлиқ оташкесим»га риоя қилмайди ва қачонлардир Москва ўзига келиб, бир баҳона ўйлаб топиб, улар учун жангга киришиши учун замин ҳозирлаб туради. Украинада айнан шундай бўлди.

Озарбойжонни ҳам, унинг ортида турган Туркияни ҳам, Европа Иттифоқини ҳам, АҚШни ҳам, ҳаттоки Арманистонни ҳам бу вариант асло қониқтирмайди. 27-28 июн ҳодисалари шуни кўрсатдики, кичик, жойи келса катта провокацияларга Боку қийналмасдан жавоб қайтара олади. 

Мавзуга оид