Ўзбекистон | 08:04 / 08.07.2023
6381
2 дақиқада ўқилади

Юридик хизмат ходимларини ишга қабул қилиш тартиби белгиланди

Адлия вазирининг “Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш ҳамда биринчи марта юридик хизмат ходими лавозимига тайинланган шахсларнинг адлия органларида стажировкадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи қабул қилинди.

Низом давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимларини лавозимга тайинлаш ва озод этиш ҳамда уларни биринчи марта лавозимга тайинлашда стажировкадан ўтказиш тартибини белгилайди.

Келишиш учун адлия органларига бир ёки бир нечта номзоднинг ҳужжатлари юборилиши мумкин. Келишиш учун қуйидагилар тақдим этилади:

давлат органи ёки ташкилоти раҳбарининг ходимни лавозимга тайинлаш бўйича тақдимномаси;
белгиланган шаклга мувофиқ номзод ва унинг яқин қариндошлари ҳақида маълумотнома.

Номзодни лавозимга тайинлаш масаласини келишишда у билан суҳбат ўтказилади. Бунинг учун тегишли адлия органида 5 нафар аъзодан иборат комиссия ташкил этилади.

Суҳбат номзоднинг бўлажак иш соҳасига оид мавзулар, жумладан конституциявий ҳуқуқ, меҳнат ва фуқаролик ҳуқуқи, шартномавий-ҳуқуқий фаолият ва суд иш юритуви асослари бўйича ўтказилади.

Суҳбатдан сўнг уч иш куни ичида номзод комиссия томонидан уни лавозимга тайинлашни келишиш ёки рад этиш ҳақида қарор ҳақида хабардор қилинади.

Илк бор юридик хизмат ходими сифатида лавозимга тайинланаётган шахслар адлия органларида 2 ҳафталик стажировкадан ўтади.

Мавзуга оид