Жаҳон | 10:02 / 10.07.2023
4230
3 дақиқада ўқилади

Зеленский ва Дуда биргаликда Волин қирғини қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирди 

«Хотира бизни бирлаштиради! Биргаликда биз кучлироқмиз!» – деди Зеленский Луцкда Полша президенти Дуда иштирокидаги хотира тадбирига эълон қилинмаган ташрифини изоҳлар экан.

Фото: Telegram / V_Zelenskiy_official

Украина президенти Володимир Зеленский ва Полша давлат раҳбари Анжей Дуда 9 июль, якшанба куни Украина ғарбидаги Луцк шаҳрида бўлиб ўтган эълон қилинмаган учрашув чоғида Иккинчи жаҳон уруши пайтида юз берган Волин қирғини қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

«Биз биргаликда Волиннинг барча бегуноҳ қурбонлари хотирасини ҳурмат қиламиз! Хотира бизни бирлаштиради! Биз биргаликда кучлироқмиз!» - дея Зеленский Telegram’да хотирлаш маросимидан олинган суратлар остида украин ва поляк тилларида ёзди.

Аввалроқ, Волиндаги фожиали воқеаларнинг 80 йиллиги муносабати билан Полша ва Украина черковлари вакиллари уларни ҳар томонлама текширишга чақирган эди. 

Май ойида Полша Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лукаш Ясина Onet нашрига берган интервьюсида Володимир Зеленский «кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олиши» ва Волин қирғини учун Варшавадан кечирим сўраши кераклигини айтди. 

«Ўйлайманки, Украина томони ҳозирда бу масала поляклар учун қанчалик муҳим эканини ҳалигача тўлиқ тушуниб етмаяпти», — деди Ясина. Унинг қайд этишича, поляклар Полша томонидан украиналикларга қарши содир этилган жиноятлар учун жавобгарликни ўз зиммаларига олган. «Украина томонидан бундай масъулият йўқ, гарчи кўп нарса яхши томонга ўзгарган бўлса ҳам», - деди у. 

Ясинанинг бу баёнотига муносабат билдирган Украинанинг Полшадаги элчиси Василий Зварич баёнотларда ҳурмат ва мувозанатга чақирди. «Украина ёки Украина президентига умумий ўтмишимизга нисбатан нима қилишимиз кераклигини юклаш бўйича ҳар қандай уринишлар қабул қилиб бўлмайдиган нарсадир. Биз тарихни эслаймиз ва баёнотларда ҳурмат ва мувозанатни сақлашга чақирамиз», деб ёзди Зварич Twitter’да.

Дипломат, шунингдек, «Украина-Полша муносабатларида ҳақиқий ярашув формуласи» - «кечириш ва кечирим сўраш»ни эслатди, бу эса ҳар икки томоннинг хатоларини тан олишни назарда тутади. 

2016 йилда Полша Сейми Волин қирғинини геноцид деб тан олган ва 11 июлни ушбу воқеалар қурбонларини хотирлаш куни деб ҳисоблашга қарор қилган эди. 

Гап Иккинчи жаҳон уруши давридаги қирғин ҳақида кетмоқда, у Украинада Волин фожиаси деб аталади, Полшада эса - Волин қирғини. 1942 ва 1943 йилларда Украина миллатчилари ташкилоти - Украина исёнчилар армияси (ОУН-УПА) жангчилари, турли манбаларга кўра, 30 дан 100 минггача полякларни - асосан Иккинчи жаҳон урушидан олдин замонавий Волин вилоятида яшаган тинч аҳолини йўқ қилиб ташлаган.

Dpa агентлигига кўра, қасос олиш ҳаракатлари давомида, баъзи маълумотларга кўра, 20 мингга яқин украиналик ҳалок бўлган. 

Мавзуга оид