Иқтисодиёт | 13:50 / 13.07.2023
33115
8 дақиқада ўқилади

ЖСТ сари одимлаш: хорижий тадбиркорларга «миллий режим» бериш керак

Инсоният яхши яшаш учун иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга уриниб келяпти. Жаҳон савдо ташкилоти айнан шунинг учун тузилган: ЖСТ мамлакатларнинг савдо тартибларини бир-бирига яқинлаштириш асносида ўзаро иқтисодий алоқаларни қулай қилишга сафарбар этилган. Kun.uz колумнисти Шаҳноза Aлмосова Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши йўлида қилиши керак бўлган баъзи ишлар ҳақида сўз юритади.

ЖСТ давлатлар ўртасидаги савдо қоидалари билан шуғулланадиган ягона глобал халқаро ташкилот сифатида савдо битимлари бўйича музокаралар учун форум вазифасини бажаради, ўз аъзолари ўртасидаги савдо низоларини ҳал қилади ҳамда ривожланаётган ва қолоқ мамлакатлар тараққиётини қўллаб-қувватлайди.

ЖСТнинг асосий мақсади савдони либераллаштириш, товар ва хазматларнинг тўсиқларсиз эркин айланмасини таъминлашдир. Ташкилот фаолияти марказида давлатлар томонидан имзоланган ва уларнинг парламентларида ратификация қилинган ЖСТ келишувлари туради.

ЖСТ битимлари кенг кўламли фаолиятни қамраб олувчи ҳуқуқий ҳужжатлар бўлиб, улар қишлоқ хўжалигидан тортиб хизматлар савдоси, тўқимачилик, телекоммуникация, давлат харидлари, саноат стандартлари ва маҳсулот хавфсизлиги, озиқ-овқат санитарияси қоидалари, интеллектуал мулк ва бошқа соҳаларни ўз ичига олади. Aммо бу ҳужжатларнинг барчаси бир қатор тамойиллар асосида қўлланади. Ушбу тамойиллар, шунингдек, кўп томонлама савдо тизими асоси ҳамдир.

Шаффофлик, ўзаролик, самарадорлик билан бир қаторда камситмаслик принципи ҳам ЖСТнинг асосий тамойилларидан бўлиб, у энг кўп қулайлик берувчи режим ва миллий режимга бўлинади. Миллий режим халқаро ҳуқуқда бошқа давлат фуқароларига ўз фуқаролари билан бир хил муносабатда бўлиш тамойили бўлиб, агар давлат ўз фуқароларига маълум ҳуқуқ ва имтиёзлар берса, у айни пайтда мамлакатда бўлган чет элликларга ҳам тенг ҳуқуқ ва имтиёзларни тақдим этиши кераклигини билдиради.

ЖСТ ҳуқуқида миллий режим субъекти фақат хорижий давлатлар юридик шахслари ҳисобланадиган энг кўп қулайлик берувчи режимдан фарқли равишда, чет элликлар ва маҳаллий аҳолига тенг муносабатда бўлиш – импорт қилинган ва маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга тенг муносабатда бўлиши кераклигини англатади. Худди шу тартиб хорижий ва маҳаллий хизматларга, хорижий ва маҳаллий товар белгиларига, муаллифлик ҳуқуқи ва патентларга нисбатан қўлланиши керак. Ушбу «миллий режим» тамойили (бошқаларга ҳам ўз фуқаролари ва/ёки резидентлари билан бир хил муносабатда бўлиш) ЖСТнинг учта асосий келишувида (ГAТТ, ГAТС, ТРИПС) ҳам ўз аксини топган.

ЖСТ доирасида, мазмунан миллий режим – аъзо давлатлар импорт ва «ўхшаш (like product)» маҳсулотлар ўртасида камситувчи режимни қўлламасликлари кераклигини англатади (божхона тарифлари ўрнатилиши бундан мустасно). Ушбу тамойил орқали мамлакатларга импортга нисбатан камситувчи чораларни қўллаш ва тарифлар таъсирини нотариф чоралар орқали қоплашга йўл қўймайди. Бунга қуйидаги ҳолатни мисол қилиб олса бўлади, A давлат Х маҳсулотга бўлган божхона импорт тарифини 10 фоиздан 5 фоизга пасайтиради, лекин фақат ушбу импорт қилинадиган Х маҳсулотга 5 фоизли ички истеъмол солиғини қўяди, бу ички солиқ эса тарифнинг беш фоизлик пунктига пасайтиришнинг ўрнини самарали қоплайди.

Шу сабабли ҳам, миллий режим ЖСТ аъзоларидан импорт қилинадиган маҳсулотларга миллий ишлаб чиқариш маҳсулотларига нисбатан қўлланганидан кам бўлмаган қулай режим яратишни талаб қилиш орқали савдодаги «яширин» ички тўсиқларни бартараф этишни ҳам мақсад қилади.

Янада аниқроқ айтганда, миллий режим тамойили «яширин протекционизм»ни тақиқлаш ва тариф тўсиқларига эквивалент чораларни тақиқлаш учун ишлаб чиқилган бўлиб, ЖСТ аъзо давлатларининг тариф ва бошқа савдо тўсиқларини камайтириш ва рақобат шароитлари тенглигини таъминлаш бўйича ўз зиммаларига олган мажбуриятларини виждонан бажаришга қаратилган. Aммо яширин протекционизмни ёки тўсиқларсиз савдо қоидаларни четлаб ўтадиган чораларни аниқлаш жуда қийин.

Масалан, бизда аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлашни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида, тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарида чуқур қайта ишлаш ва уларнинг экспортини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида, чекка туманларда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида, ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш учун ажратиладиган субсидиялар ва бошқа кўринишдаги давлат молиявий кўмаклари маҳсулотлар ва хизматлар бозорига кириб келаётган хорижий тадбиркорларнинг тенг рақобатга бўлган ҳуқуқларини бузилиши саналади.

Ёки баъзи ишлаб чиқарувчиларга солиқ тизимида дифференциал имтиёзли тартибни қўллаган ҳолда уларни иқтисодий жиҳатдан кучли брендлар таъсиридан асраш амалиёти, айрим хизмат кўрсатиш турларини фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учунгина очиқлигини таъминлаш ҳам хорижий ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчига нисбатан камситувчи ҳолатдир.

Aммо, баъзан тўғридан тўғри хорижий инвестициялар соҳасида амалда миллий инвесторлар, айниқса, «чақалоқ саноат» ёки «чақалоқ тадбиркорлар» деб таърифланиши мумкин бўлганлар, иқтисодий жиҳатдан кучли трансмиллий корпорациялар (ТМК) каби хорижий инвесторлар билан солиштирганда иқтисодий жиҳатдан нотенг аҳволда бўлиши мумкин. Бундай «иқтисодий носимметриклик» айниқса ривожланаётган мамлакатларда, миллий инвесторларга нисбатан миллий режимдан истиснолар бериш орқали маълум даражада мослашувчанликни талаб қилиши мумкин. Бу истиснолар миллий менталитетдан келиб чиқиб, давлат хавфсизлиги талабларидан, озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли саломатлигини сақлашга қаратилган бўлиши мумкин.

Миллий режим фақат маҳсулот, хизмат ёки интеллектуал мулк объекти бозорга киргандан кейингина қўлланади. Шу сабабли, импорт учун божхона тўловини ундириш миллий режимни бузиш ҳисобланмайди, ҳатто маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотларга нисбатан эквивалент солиқ ундирилмаган тақдирда ҳам.

Ўзбекистон Республикаси ЖСТга аъзо бўлишга ва шунга мос равишда ЖСТ тизимининг асосий келишувларига қўшилишга фаол ҳаракат қилмоқда, шу сабабли ҳозирда ушбу тамойилни ўрганиш, шубҳасиз, долзарб. ЖСТга аъзо бўлишдаги вазифалардан бири миллий қонунчиликни ЖСТнинг ҳуқуқий нормаларига мувофиқлаштиришдир. Шундай қилиб, замонавий Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини таҳлил қилиш, шунингдек, унда миллий режим тамойилининг ўрни ва роли, уни икки томонлама, кўп томонлама шартномаларда ва бир томонлама тартибда мустаҳкамлаш долзарб масала сифатида кун тартибида турибди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ГAТТ (миллий ишлаб чиқаришни ҳимоя қилишга қаратилган ички солиққа тортиш ва бошқа чоралар бўйича импорт ва маҳаллий ишлаб чиқарилган товарлар ўртасидаги камситишга йўл қўймаслик), ГAТС (ҳар бир аъзо давлат бошқа ҳар қандай аъзо давлатнинг хизматлари ва хизматларни етказиб берувчиларига хизматлар кўрсатишга таъсир қилувчи барча чораларга нисбатан миллий «ўхшаш хизматлар ва хизматлар етказиб берувчи»ларга тақдим этганидан кам бўлмаган қулай режимни тақдим этиш), ТРИПС (ҳар бир аъзо давлат бошқа аъзо давлатлар фуқароларига интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича ўз фуқароларига тақдим этганидан кам бўлмаган қулай режимни тақдим этиш, яъни интеллектуал мулк объектларининг ножисмоний хусусиятларини инобатга олиб айнан интеллектуал мулк ҳуқуқ эгалари – аъзо давлатлар фуқаролари миллий режим объекти қилиб олинади) ва ЖСТнинг бошқа шартномаларидаги миллий режим билан боғлиқ нормалар билан уйғунлаштириш масаласи бугунги кунда кун тартибидаги асосий масалалардан биридир.

Ўзбекистон қонунчилиги ташкилотнинг ушбу принципи талабларига мувофиқлигини таҳлил қилиш давомида бир неча қонунчилик ҳужжатлари, солиқ (маҳаллий ва хорижий солиқ резидентларига нисбатан фарқланувчи солиқ тартиби), божхона қонунчилиги (тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар ва тариф преференциялари), «Рақобат тўғрисида»ги, «Давлат божи тўғрисида»ги (резидент ва норезидентларга нисбатан айни турдаги давлат хизматини амалга оширганлик учун ўзаро фарқли бож ставкалари) қонунларимиз ҳамда бошқа қонуности ҳужжатларимиздаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва чет эл фуқаролари (асосан, юридик шахсларига) нисбатан камситувчи тартиб-қоидаларни назарда тутувчи нормалари миллий режимни қўллаш нуқтайи назаридан таҳлил қилиниши лозим.

Шаҳноза Aлмосова,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси

Шокир Шарипов
Муаллиф Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид