Фан-техника | 22:37 / 13.07.2023
73775
2 дақиқада ўқилади

Ёруғликка асосланган Li-Fi стандарти қабул қилинди 

У Wi-Fi стандартидан 100 баробар тез ишлайди. 

Фото: Getty Images

Электр ва электроника муҳандислари институти (IEEE) ёруғликка асосланган симсиз алоқа стандарти сифатида 802.11bb стандартини қабул қилди. У 224 ГБ/с гача уланиш тезлигини қўллаб-қувватлайди. 

Li-Fi деб номланган тизим маълумотларни радиочастота ёрдамида эмас, балки инфрақизил нурланиш орқали, махсус узатувчи ва қабул қилувчи ёрдамида узатади. Мисол учун, масофадан бошқариш пульти ҳам худди шундай усулда ишлайди. 

Радиочастота ўрнига ёруғликдан фойдаланишнинг афзаллиги нафақат тезроқ уланиш, балки Wi-Fi ва 5G каби анъанавий технологияларга нисбатан «мисли кўрилмаган хавфсиз» эканида. 

Ёруғлик фақат кўриш чегарасида тарқалгани сабабли, у деворлар орқали тарқалиш, алоқа сифатига таъсир қилиш ва хуфиёна уланиш хавфини камайтиради. Бино ичида навигация қилиш орқали уланишнинг махфийлигини сезиларли даражада оширади. 

Тўғри, Li-Fi фақат бино ичида ишлайди, шунинг учун бундай стандарт, албатта, Wi-Fi ва 5G тармоқларини сиқиб чиқара олмайди. Радиотўлқинлар ҳавода ва шаффоф бўлмаган объектлар орқали узоқ масофаларга маълумот узатишда ҳамон устун афзалликларга эга. Li-Fi эса фақат мақсадга мувофиқ бўлган жойларда жорий этилади. 

Энди IEEE 802.11bb стандарти қабул қилингач, ишлаб чиқарувчилар экотизимга кўпроқ ишонч ҳосил қилиши ва иложи борича технологияни интеграциялашни бошлаши мумкин. Биринчи тижорий Li-Fi тармоқ қурилмалари бўлажак электроника кўргазмаларида намойиш этилиши мумкин.

Мавзуга оид