Ўзбекистон | 21:09 / 14.07.2023
21168
3 дақиқада ўқилади

Боғчаларга болаларни қабул қилиш бўйича муҳим маълумотлар берилди 

2023 йил якунига қадар 2 миллиондан ортиқ 3-7 ёшли болаларни боғчаларга жалб қилиш режалаштирилмоқда. 

Фото: Kun.uz

Мактабгача таълим агентлиги масъул ходими Гулбаҳор Парпиева боғчаларга болаларни қабул қилиш бўйича муҳим масалалар ҳақида маълумот берди. 

Қайд қилинишича, 2023 йил якунига қадар 2 миллиондан ортиқ 3-7 ёшли болаларни боғчаларга жалб қилиш режалаштирилмоқда. 

Мактабгача таълим ташкилотларига болаларни қабул қилиш асосан боғча тарбияланувчилари мактабга йўл олгандан кейин бошланади. Бўшаган ўринларга мос равишда мактабгача таълим ташкилотига жойлашиш учун навбатга қўйилган болалар ҳукумат томонидан тасдиқланган регламентга асосан навбат асосида кетма-кетликда қабул қилинади. Болаларга йўлланма асосан май ва август ойларида шакллантирилади.  

Регламентга асосан болаларнинг қуйидаги контингенти имтиёзли рўйхатга киритилади:

- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг болалари;

- кўп болали оилаларнинг болалари;

- етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар;

- «Аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг фарзандлари;

- контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг ва ички ишлар органлари ходимларининг болалари;

- талабалар ва педагогларнинг болалари;

- акаси ёки опаси ушбу муассасанинг тарбияланувчиси жумласидан бўлган болалар;

- кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлардан умумий турдаги мактабгача ташкилотларга ўтказилаётган соғайган болалар. 

Маълумот учун: Оила кодексининг 41-моддасига асосан, тўрт нафар ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган боласи бўлган оила кўп болали ҳисобланади. 

Мактабгача таълим агентлиги томонидан ҳар ой кесимида болалар навбати масаласида таҳлил олиб борилади ва унинг натижасига кўра, қайси ҳудудда МТТ қурилиши ёки ДХШ асосидаги оилавий МТТ сони кўпайтириш зарурлиги кўриб чиқилади. Агар боғчаларда бўш гуруҳлар вужудга келса, албатта, ушбу боғчада қўшимча гуруҳлар шаклланади. 

Агар ариза берувчи болаларни ташкилотга қабул қилишни йўлланма шакллангандан сўнг 15 иш куни мобайнида расмийлаштирмаган тақдирда, йўлланма бекор қилинади. 

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида бўш хоналари мавжуд бўлса, унга жойлаш учун навбатда турган болалар бўлмаган тақдирда, пуллик хизмат кўрсатиш шаклида 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болалар учун гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйишга рухсат этилган. 

Агар ушбу боғчада мактабгача таълим ёшидаги болалар навбати шаклланса, пуллик хизмат кўрсатиш шаклида 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болалар учун ташкил этилган гуруҳлар фаолияти тўхтатилиб, мактабгача таълим ёшидаги 3-6 ёшли болалар учун гуруҳлар шакллантирилади. 

Жамоатчилик ва фаоллар орасида боғча ёшини 2 ёш деб белгилаш бўйича мулоҳазалар кўпаймоқда. Жамоатчилик фикри ва ота-оналар билан ўтказилган сўровнома натижаларини инобатга олган ҳолда, умумий турдаги боғчаларга қабул қилинадиган болаларнинг ёшига бўлган талабни қайта кўриб чиқиш бўйича таҳлилий маълумотлар ва таклифлар тайёрланмоқда. 

Мавзуга оид