Жаҳон | 13:32 / 14.07.2023
7625
2 дақиқада ўқилади

Дунёда қашшоқлик чегарасида яшаётганлар сони ортиб бормоқда

Коронавирус пандемияси ва ундан кейин юзага келган иқтисодий нотинчлик қашшоқлик чегарасидан пастда яшаётганлар сонини яна 165 миллионга оширди, дея маълум қилди БМТ.

Фото: Shutterstock

БМТ ҳисоботига кўра, сўнгги йилларда дунёда яна 165 миллион киши қашшоқлик чегарасига тушиб қолган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт агентлиги (БМТТД) хабарига кўра, коронавирус пандемияси ва ундан кейин юзага келган иқтисодий нотинчликлар туфайли 2020 йилдан бери бундай шахсларнинг кунлик пул миқдори 3,65 АҚШ доллари (тахминан 3,26 евро) чегарасидан пастга тушди. Умуман олганда, 1,65 миллиардга яқин одам қашшоқлик чегарасида яшайди.

«Агар ҳукуматлар COVID-19 пандемияси сабаб бўлган инқироз даврида ижтимоий дастурлар ва иқтисодий рағбатлантириш пакетларини ишга туширмаганида бу кўрсаткич янада юқори бўлиши мумкин эди», деди БМТТД раҳбари, немис дипломати Ахим Штайнер. Бироқ, камбағал мамлакатлар учун бундай ёрдамнинг юки кўпинча оғир бўлиб, кенг қамровли ижтимоий оқибатларга олиб келади. «Касалхоналарга шифокор ва ҳамшираларни ёллай олмайдиган, қишлоқ врачлик пунктларини дори-дармон билан таъминлай олмайдиган ҳукумат мамлакат ижтимоий инфратузилмасини тубдан бузмоқда», деди Штайнер. Бу тиббий ёрдам ҳажми камайиши, таълим даражаси пастлиги ва одамлар оилаларини боқолмай қолганда ишини осонлаштириш учун ижтимоий хавфсизлик тармоқларининг йўқлиги демакдир, дейди немис дипломати.

12 июль куни БМТ дунёнинг 52 давлати ташқи ёрдамсиз уддасидан чиқа олмайдиган қарз бўшлиғида экани ҳақида огоҳлантирди. 2023 йилда дунё бўйлаб давлат қарзи рекорд даражадаги 92 триллион долларга (тахминан 82,5 триллион евро) етади. Бу 2000 йилга нисбатан беш баравар кўп ва кўрсаткичда камбағал мамлакатлар улуши номутаносиб равишда катта. Ҳисоботда айтилишича, дунё аҳолисининг қарийб 40 фоизи (3,3 миллиард киши) давлат кредитлари тўловлари соғлиқни сақлаш ва таълимга сарфланадиган харажатлардан кўп бўлган мамлакатларда яшайди. 

Мавзуга оид