Киевга яна дронлар ҳужуми ва Бахмут атрофидаги жанглар. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 505-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
58-армия қўмондони Иван Попов РФ мудофаа вазирлиги раҳбариятини танқид қилгани учун лавозимдан четлатилди.
WSJ нашри ёзишича, Пригожиннинг исёнидан кейин генерал Суровикин билан бирга ўндан ортиқ россиялик юқори мартабали ҳарбийлар қўлга олинган.
Путин Россия Украина учун хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилишга қарши эмаслиги, аммо бу «РФ хавфсизлигини таъминлашнинг мажбурий шарти» билан бўлиши кераклигини айтди.
Украина қуролли кучлари АҚШдан янги ҳарбий ёрдам пакети доирасида кассетали ўқ-дорилар қабул қилган. Володимир Зеленский НАТОнинг Вилнюсдаги саммитида бу снарядлар фақат Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларидаги ҳарбий нишонларга зарба бериш учун қўлланишини айтганди.
«Новая газета Европа» россиялик бизнесменлар орасидаги урушнинг асосий бенефициарлари номларини айтди. Булар Владимир Потанин ва Леонид Михельсон.
Киев бўйлаб дронлар зарбаси
13 июлга ўтар кечаси Россия қўшини Киевга дронлар билан ҳужум қилди. Украина ҚК ҳаво кучларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари шаҳар бўйлаб учирилган 20 дрондан «ўнга яқинини» уриб туширган, парчалар шаҳарнинг Дарницкий, Соломенский, Шевченковский, Оболонский ва Подолский районларига тушган. Украина ФВДХ хабарига кўра, ҳужум оқибатида тўрт киши жароҳат олган.
Россия Киевга қаторасига учинчи тунда дронлар билан ҳужум қилди. 11 ва 12 июл кунлари Киевда жабрланганлар ва вайронгарчиликлар бўлмаганди, барча дронларни уриб туширишга муваффақ бўлишганди.