Жаҳон | 16:24 / 16.07.2023
17433
7 дақиқада ўқилади

Россия ФХХ Симонян ва Собчакка суиқасд тайёрлангани ҳақида хабар берди

Терговга кўра, уларни «Украина хавфсизлик хизмати топшириғи билан» неонацистлар ўлдирмоқчи бўлган. Гумонланувчилар қўлга олинган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) мамлакат бош пропагандачиларидан бири Маргарита Симонян ва мухолиф журналист Ксения Собчакка суиқасднинг олди олинганини хабар қилди. ФХХ хабарида айтилишича, бу қотилликларни гўёки Украина хавфсизлик хизмати буюртма қилган.

Ғалати «қотил»

ФХХ эълон қилган видеода ўзини 18 ёшли Михаил Балашов деб таништирган Россия фуқароси гўёки Украина махсус кучлари унга икки журналистни ўлдиришни буюртма қилганига «иқрор бўлган».

«Мен Михаил Балашов, 2005 йилда туғилганман. Москвада яшайман. «Параграф-88» номли неонацистик гуруҳ тузиб, унга вояга етмаган дўстларимни жалб қилганман. Биз ташқи кўриниши славянча бўлмаган одамларга ҳужум қилиш билан шуғулланганмиз.

Украина махсус кучлари мен билан боғланиб, аввалига реле шкафларини (темирйўл ҳаракатини таъминловчи қурилма – тарж.) портлатишни таклиф этишди. Кейин эса Маргарита Симонян ва Ксения Собчакни ўлдиришни буюртма қилишди. Мен Симоняннинг яшаш манзилини ўрганиб разведка қилдим ва бунинг учун пул олдим.

Кейин менга Калашников автомати ва пул қаерда бўлишини айтган куратор билан ёзишдим. Ваъда қилинган нарсаларни олиш учун борганимда [Россия] махсус кучлари томонидан қўлга олиндим», деган Балашов.

Бу «иқрор»да йигит ўзини ғалати тутганига кўпчилик эътибор қаратди. Мухолиф каналлар ФХХнинг бу хабарини саҳналаштирилган томоша деб аташди.

7 киши қўлга олинган

Москвадаги Басманний район суди қарори билан ушбу иш доирасида 7 киши қўлга олинган. Улардан 4 нафари 2005 ва 2006 йилларда туғилган ўсмирлар бўлган. Яна бир қўлга олинган шахс вояга етмаган. Суд хабарида айтилишича, уларга нисбатан безорилик бўйича иш очилган, суиқасд ҳақида эса хабарда сўз бормаган. Шунингдек, миллатчилик кайфиятидаги гуруҳ вакиллари хорижлик фуқароларга ҳужум қилгани айтилган.

Ҳар бири учун 1,5 миллион рубл

ФХХ хабарида айтилишича, Украина хавфсизлик хизмати ҳар бир қотиллик учун Россия фуқароси бўлган неонацистик гуруҳ вакилига 1,5 миллион рубл таклиф қилган. Икки журналистнинг иш ва яшаш манзилларида разведка ишларини амалга оширган гуруҳ вакиллари 14 июл куни Москва ҳамда Рязан областида қўлга олинган. Айбланувчилардан Калашников автомати, 90 та патрон, пичоқ, кастет, резина калтак, кишан, шеврон, нацистик байроқ, нацистик символлар, нацистик адабиётлар, алоқа воситалари ва «жиноий қилмишларини исботловчи» компютерлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

ФХХ хабарига кўра, Россия Тергов қўмитаси қўлга олинганларга нисбатан экстремизм ва терроризм айблови бўйича иш очади.

Симонян – Россия «пропаганда маликаси»

Маргарита Симоньян (Фото: RT / РИА Новости)

Гўёки Украина ўлдирилишини буюртма қилган икки журналистдан бири – Маргарита Симонян. Беслан воқеаларидаги шов-шувли репортажи (асир олинганлар сонини камайтириб айтган) билан танилган арман миллатига мансуб Симонян ҳозирда Россиянинг бош пропагандачиларидан бири ҳисобланади. У Кремл пропагандасини хорижий тилларга тарқатувчи «Russia Today» телеканали бош муҳаррири ҳамдир. Унин турмуш ўртоғи, арман миллатига мансуб Тегран Кеосаян билан бирга узоқ вақтдан буён Россия ҳукумат позициясини ифода этиб келади. Россиянинг Украинага босқинини фаол қўллайди ва урушга тарғиб қилади.

Россияда Симонянга суиқасд ҳақида аввал ҳам хабарлар берилган. Масалан, пропагандачининг ўзи уруш бошланганидан 3 ой ўтиб уни ўлдирмоқчи бўлишганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, ишхонасига портловчи модда изи бўлган жўнатма юборилган. Бу хабардан бироз аввал Владимир Путин мамлакат бош пропагандачиси Владимир Соловевга суиқасд уюштиришга уриниш бартараф этилганини айтганди.

Симонян ўзига нисбатан ташкиллаштирилгани иддао қилинган суиқасдга муносабат билдирди. «Федерал хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Тергов қўмитаси Украина буюртмасига кўра мени ўлдиришга чоғланган гуруҳни қўлга олди. Мени кузатишган, манзилларимни билишган. Бўшашмаймиз, дўстлар!» деб ёзди Симноян ўз каналида.

Кейинроқ у шармандалик ўлимдан ҳам ёмон нарса эканини айтиб, видео эълон қилди. Дарвоқе, ФХХ қўлга олган Россия фуқаросининг «иқрори» ҳам айнан Россия «пропаганда маликаси» раҳбарлик қиладиган RT телеканалида эълон қилинди.

Собчак – либераллар хушламайдиган «либерал»

Ксения Собчак. (Фото: Валерий Мельников / РИА Новости)

Ксения Собчак Россиядаги энг машҳур журналистлардан бири ва мухолиф сиёсатчи ҳисобланади. У 2018 йил Россия президентлигига номзод ҳам бўлган ва шармандали натижа қайд этган (1,68 фоиз). Собчак Россиянинг ўзгармас президенти Путиннинг собиқ устози, Петербургнинг собиқ мэри Анатолий Собчакнинг қизи ҳисобланади. Собчак Путинга алоқаси борлигини рад этиб келса-да, Россиядаги либерал сиёсатчилар уни хушламайди.

Пригожиннинг исёни вақтида Собчак ёзиб қолдирган ушбу пост уни навбатдаги танқидлар гирдобида қолдирганди: «Хуллас, мана бунақа гап, ўртоқлар: ҳарбий ҳолатдаги исён ҳар қанақасига жанг қилаётган нариги томон фойдасига ишлайди. Бу нафақат фронтдагилар, балки тинч аҳоли учун ҳам хавфни оширади».

Собчак ҳам ФХХ эълон қилган суиқасд ҳақидаги хабарга муносабат билдирди. «Агар бу рост бўлса, уни бартараф этишда иштирок этган ҳаммага раҳмат. Агар бу ёлғон бўлса ва мақсад мени Симонян билан бир қаторга қўйиш бўлса, бу – пасткашлик. Ҳар қандай ҳолатда террор бу – зулмкорлик, ҳеч қандай истисносиз», деб ёзди Собчак ўз каналида.

Киев рад этди

Украина томони россиялик журналист аёлларни ўлдиришга уринишга алоқаси йўқлигини маълум қилди. «Уларнинг бизга умуман кераги йўқ, бу кўриниб турган нарса. Ахир бу инсонлар ҳеч нарсага таъсир қила олмайди», деди Украина президент девони вакили Михайло Подоляк. Унинг фикрича, Симонян ҳам, Собчак ҳам уруш натижасига ва Россиянинг глобал дунёдаги позициясини йўқотишига ҳеч қандай таъсир қилиш кучига эга эмас.

Мавзуга оид