Жаҳон | 11:03 / 16.07.2023
15688
2 дақиқада ўқилади

Хитойда болаларни заҳарлаган тарбиячи қатл қилинди

Ҳамкасби билан жанжаллашиб қолган аёл унинг гуруҳидаги болаларнинг овқатига озиқ-овқат саноатида консервант сифатида ишлатиладиган натрий нитрит сепиб қўяди. Натижада 25 бола заҳарланиш ташхиси билан шифохонага қабул қилинади, улардан бири эса вафот этади.

Фото: AP / Andy Wong

Хитойнинг Хенан провинциясида пайшанба куни болаларини заҳарлаган болалар боғчаси тарбиячисига нисбатан суд томонидан чиқарилган ўлим жазоси ижро этилди, дея хабар бермоқда Пенгпай нашри.

Қайд этилишича, қатл этилган Ван Юн Менгмен болалар боғчасида ишлаган. У ҳамкасбларидан бири билан жанжаллашиб қолгач, ундан қасос олишни мақсад қилади. 2019 йил 27 мартда у режасини амалга ошириб аёлнинг гуруҳидаги болаларнинг овқатига натрий нитрит қўшиб қўяди. Натижада 25 нафар бола заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилади, кейинчалик улардан бири шифохонада жон беради.

Текширув давомида Ван Юннинг шахсий адовати йўлида натрий нитритдан фойдаланган биринчи ҳолат бўлмагани аниқланган. 2017 йилда аёл эри билан уришиб қолганда интернет орқали натрий нитрит моддасини сотиб олиб, турмуш ўртоғининг сувига қўшиб қўйган – сувдан ичган эркак заҳарланиб азобланган, аммо бу жиддий оқибатларга олиб келмаган.

Суд Ван Юн натрий нитритнинг одамлар саломатлиги учун хавфлилигини билган ҳолда шахсий ҳисоб-китобларида ундан икки марта фойдаланган деб топган. Бундан ташқари, суд қарорида тарбиячи болалар заҳарланган овқатни ейишини тушунгани, аммо шунда ҳам тўхтамагани алоҳида таъкидланади.

Ҳозирги вақтда ХХРда ўлим жазоси кўп ҳолларда инъекция йўли билан амалга оширилади, илгари олий жазога ҳукм қилинган шахслар фақат отиб ўлдирилган.

Натрий нитрит азот кислотасининг тузидир. Антибактериал ва антиоксидант хусусиятлари туфайли у озиқ-овқат ишлаб чиқаришда кенг қўлланади. Бошқача айтганда, у маҳсулотларнинг ёрлиқларда Е250 ёзуви билан ифодаланадиган консервантдир.

Натрий нитрит маҳсулотлардаги хавфсиз дозаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан белгиланади. Ҳозирги кунда рухсат этилган суткалик доза тана вазнининг килограммига 0,6 миллиграммни ташкил қилади. Шу билан бирга, натрий нитрит уч ёшгача бўлган болалар учун маҳсулотларда фойдаланиш тақиқланади. Чунки катта дозаларда натрий нитрит заҳарли ҳисобланади.

Мавзуга оид