Жаҳон | 09:38 / 17.07.2023
5916
2 дақиқада ўқилади

Салливан: «Ғалла битими»дан чиқиш Россияга қимматга тушади

Агар Москва ғалла битимини янгиламаса, дунё у муҳтож давлатларни арзон озиқ-овқат билан таъминлашдан юз ўгирганини айтади, дейди Жейк Салливан.

Фото: AFP

«Агар Россия «ғалла битими»ни янгилашдан бош тортса, бутун дунё буни кўриб, Россия глобал Жануб, Африка, Лотин Америкаси ва Осиё мамлакатларини арзон нархларда зарур озиқ-овқат билан таъминлашдан юз ўгирганини айтади», - деди АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан 16 июль, якшанба куни CBS News телеканалининг Face the Nation дастурида.

Шу билан бирга, Салливан Қора денгиз ташаббуси тақдири ҳақида аниқ прогноз беришдан бош тортди: «Мен Владимир Путин нима қилишини олдиндан айтолмайман. Охирги бир неча ой ичида у бу масала бўйича турли қарорлар чиқарди. Балки Россия бу келишувдан чиқар, балки уни узайтирар». Телеканал суҳбатдоши нуқтайи назаридан, Москва келишувни узайтиришдан бош тортгани учун «катта дипломатик нарх» тўлаши керак бўлади. 

Вашингтон ҳар қандай сценарийга тайёр ва бу масалада Украина томони билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда, деди АҚШ президентининг миллий хавфсизлик маслаҳатчиси. 

2022 йил 22 июлда имзоланган Қора денгиз дон ташаббуси БМТ, Туркия, Россия ва Украина ўртасида Украина донини Қора денгиз орқали учта порт: Черноморск, Одесса ва Южний портлари орқали хавфсиз экспорт қилиш учун денгиз йўлакларини яратиш бўйича келишувдир.

Шартноманинг иккинчи қисми Россия озиқ-овқат ва ўғитларини экспорт қилиш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашни назарда тутади. Москва келишув бу қисми амалга оширилмаётганидан бир неча бор норозилигини билдирган. 15 июль куни «РБК» интернет нашри БМТга таяниб, ташаббус давомида Россиядан бирорта ҳам юк олиб келинмаганини ёзган. 

Бундан ташқари, Москва муҳтож давлатлар Украинадан жўнатилган дондан фақат «рамзий минимум» олишини даъво қилмоқда. Ушбу шартнома муддати 17 июлда тугайди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид