Иқтисодиёт | 15:05 / 18.07.2023
41137
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда камбағаллик чегараси янгиланди

Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари миқдори киши бошига 1 ойга 568 минг сўм деб белгиланди. Бу 18 ой аввал белгиланган кўрсаткичдан 14 фоизга юқори, лекин ўтган даврда йиғилган расмий инфляция кўрсаткичи 16 фоиз эди.

Фото: KUN.UZ

2022 йилдаги йиллик инфляция даражасидан келиб чиқиб, 2023 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 568 минг сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Статистика агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги минимал истеъмол харажатлари миқдори 2021 йилда 440 минг сўмни ташкил этган, 2022 йилда январидан бошлаб эса 498 минг сўм деб белгиланганди.

568 минг сўмлик янги миқдор аввалги 498 минг сўмдан 14 фоизга юқори. Бироқ, қайд этиш керакки, ўтган 18 ой давомида расмий инфляция даражаси 16 фоизни ташкил этган.

Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатларидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

  • давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
  • мамлакатнинг камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;
  • камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
  • пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида.

Мавзуга оид