“Ривожланиш сари юрмоқчи бўлсак, бунга фақат таржима йўлидан ўтамиз” – сиёсатшунос
“Бугун жамиятимизни қандай ривожлантириш мумкинлиги ҳақида жуда кўп ўйланаман ва фикримча, бу барибир таржимадан бошланса керак. Биз ўтказиб юборган узоқ йиллар давомида (бу СССР давридаги мустамлака даврини ҳам, Ислом Каримов даври турғунлигини ҳам ўз ичига олади) кўплаб китобларнинг ўзбек тилига таржимасидан четда қолиб кетдик. Табиий, бу китоблар ўзбек тилида гапирмади ва тафаккуримизда ҳам акс этмади”, – деди Ҳамид Содиқ.
17 июл куни Тошкентда “Тирилиш” нашриёти томонидан таржима ва нашр қилинган учта сиёсий асар: “Манипулятив диктаторлар”, “Кучсизлар кучи” ва “Юмшоқ куч” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда таржимон ва қатор сиёсатшунослар томонидан бир-бирини куч ва ҳокимият масалалари боғлаб турувчи ушбу китоблар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, сиёсатшунос Ҳамид Содиқ ўзининг бош муҳаррирлигида нашр қилинган “Манипулятив диктаторлар” асари ва таржимонликнинг жамият ривожидаги ўрни ҳақида гапирди.
Таржимонликнинг жамият ривожидаги ўрни ҳақида
Сиёсатшуносга кўра, ҳар қандай жамият маълум таназзулдан кейин ривожланиш босқичига қадам қўяркан, бунда албатта таржима йўлидан ўтади. Хусусан, тарихда ислом тамаддуни ҳам ёки темурийлар давридаги ренессансга ҳам аввало таржиманинг ривожи сабаб бўлган.
“Бугун жамиятимизни қандай ривожлантириш мумкинлиги ҳақида жуда кўп ўйланамиз ва фикримча, бу барибир таржимадан бошланса керак. Биз ўтказиб юборган узоқ йиллар давомида (бу СССР давридаги мустамлака даврини ҳам, Ислом Каримов даври турғунлигини ҳам ўз ичига олади) кўплаб китобларнинг ўзбек тилига таржимасидан четда қолиб кетдик. Табиий, бу китоблар ўзбек тилида гапирмади ва тафаккуримизда ҳам акс этмади. Чунки ҳар қандай китоб бирор тилга таржима бўлар экан, ўша халқ тафаккурига сингади.
Фикримча, биз учун ҳали ҳам кеч эмас. Биз айни шу мақсадда, гарчи қатор жузъий камчиликлар билан бўлса-да, китоблар нашрини бошладик. Шу жараён бошланганининг ўзи қувончли.
Биз бугунга қадар айниқса, сиёсий китоблар таржимасида бошқа халқлардан орқада қолиб кетганмиз. Бу ортда қолиш халққа ўз ҳукуматини, ундаги режимни тўлиқ координация, картина сифатида кўришига йўл қўймайди. Ёки ҳокимият билан бўладиган муносабатларга тўғри баҳо беролмаслик, унинг ҳаракатларини башорат қилолмай қолиш каби муаммоларни келтириб чиқаради. Бугун таржима қилинаётган китоблар бизга ҳокимиятни тушуниш сари илк қадамларни қўйишга ёрдам беради”, – деди Ҳамид Содиқ.
“Манипулятив диктаторлар” асари ҳақида
Ҳамид Содиқ ўз чиқишида ўзбек тилига илк бор таржима қилинган “Манипулятив диктаторлар” асари ва унинг бугунги кун учун аҳамияти ҳақида ҳам гапирди. Унга кўра, китоб бугунги кунлар учун шунчалик муҳимки, уни тезроқ чоп этиш учун ҳатто муаллифнинг рухсатини олишга ҳам улгурилмаган.
“Бугун сиз кўриб турган янги асарларнинг аслида моҳияти бир хил. Яъни ҳокимиятнинг сокрал ҳуқуқларидан бири бу куч ва уни легитим ишлатиш ҳисобланади. Бу куч бугун сиз кўраётган китобда “юмшоқ куч”, биз таржима қилган китобда эса манипуляция дея талқин қилинган. Яъни халқаро ҳуқуқий масалаларда у юмшоқ куч дейилса, бугунги кунда демократик ва шу билан бирга автократик режимларда бу кучнинг қўлланиши манипулятив усулларда ҳам намоён бўлмоқда. Асар мана шу жараён бўйича қилинган таҳлилларга асосланади.
Китоб муллифи Сергей Гуриев ва Дэниел Трейсман ҳисобланади. У 2022 йилда, инглиз тилида ёзилган.
Китоб муаллифларидан бири Гуриевни кўпчилик танийди. У Россияда Медведев президент бўлган вақтда президент маслаҳат гуруҳининг аъзоси ҳам бўлган. Гуриев шунингдек, Россиядаги олий Иқтисод университети ректори ва сиёсий режимларни ўрганувчи яхши политолог ҳам.
Китобнинг асосида эски классик диктатуралар ва замонавий автократияларни солиштириш, қиёслаш ётади. Бу қиёслаш асосида маълум назариялар илгари сурилади. Бу китоб мутолааси орқали ўзимиздаги ва атрофдаги режимлар фаолиятини тушуна бошлаймиз, тўғри баҳо берамиз. Бу орқали ҳокимиятларнинг келгусидаги яхши бўлсин, ёмон бўлсин ҳаракатларини башорат қила оламиз.
Шунингдек, яна бир муҳим жиҳат борки, ҳозирги замонавий, манипулятив автократиялар кўринишидан гўё демократия ҳисобланади. Билимсиз эса буни тушуниши мумкин эмас.
Хўш, биз нега “Манипулятив диктаторлар” китобини таржима қилдик ёки унинг бугунги кунларимизда муҳим эканини англаб етдик? Биз бунинг учун ҳатто китоб муаллифининг рухсатисиз таржимани бошладик. Тўғри, биз муаллиф Сергей Гуриевнинг электрон почтасига, ўтказаётган жонли эфирларида изоҳлар қисмига кўплаб хабарлар ёздик. Аммо Сергей Маратовичдан жавоб келмади. Биз шу ҳолатда ҳам китобнинг ўта муҳим эканини инобатга олган ҳолда, унинг таржимасига киришдик. Буни айтиш жуда муҳим эди, чунки боғланишга имкон бўлмади.
Бу китобни шу қадар тез таржима қилиб халққа бериш керак, чунки у бугунги кунларнинг китоби. Бугунги автократияларнинг замонавий тенденциялари ҳақида ёзилган китоб.
Биз бугун шундай ҳаракат қиляпмизки, Сергей Маратович кейинчалик хабар топиб, муаллифлик бўйича тўловларни сўраса, биз уни тўлаб, шартнома шартларини бажаришга тайёрмиз. Биз китобнинг муҳимлигидан келиб чиқиб шундай йўл тутишга мажбур бўлдик. Мен шу қатори миллатимиз учун ўта муҳим китоб устида ишлаган барчага миннатдорчилик билдираман”, – деди у.
Ўзбек жамиятида манипуляцияга ўчлик ҳақида
Сиёсатшунос шунингдек, бугунги ўзбек жамиятини таҳлил қилиб, унда манипуляцияга ўчлик даражаси юқори эканини сезиши ҳақида ҳам фикрларини билдирди.
“Бугун таҳлил қиладиган бўлсак, ўзбек жамиятида манипуляцияга нисбатан талаб, чанқоқлик жуда юқори. Бу қандайдир пародаксал ҳолат. Агар жамиятимизни кузатадиган бўлсак, дейлик, одамлар манипуляция қилинадиган бўлса, улар ҳали тугалланмаган уйга миллиардлаб пул тўлайди. Манипулятив маърузалар бўладиган бўлса, миллионлаб пул тўлаб бўлса ҳам уларга киради. Бугун миллионлаб инсонлар бундай ҳаракатларни қилмоқда. Бугун 100 долларингни эртага минг доллар қилиб қайтараман, дейилса, одамлар уйини ҳам сотмоқда.
Манипуляцияга бўлган чанқоқлик қаердан келган, мен буни билмайман. Аниғи шуки, биз ҳатто ёлғон эканини билиб турсак ҳам манипуляцияга алданишни яхши кўрамиз. Бу ўрганилиши керак бўлган ҳолат. Чунки бу тафаккур ҳокимиятда ҳам акс этмоқда. Фикримча, авторитар давлатларда мана шундай манипуляцияларга чанқоқлик кучли бўлса керак.
Янги нашрдан чиққан китобнинг моҳияти шундаки, манипулятив ёки ахборий автократия, диктатуранинг янги кўринишларини бартараф этиш учун биздаги манипуляцияга бўлган чанқоқликни ўзгартириш керак. Манипуляция қилинишга бўлган истакка қарши курашишимиз керак. Бизнинг тафаккуримизда бўлган ана шу ўзгариш эса келгусида ҳокимиятни ҳам ўзгартиради. Яъни яхши, алдамайдиган, манипуляция қилмайдиган ҳокимиятни пайдо қилади. Бунинг учун жамиятга фақат китоб керак.
Бежиз кўплаб автократик жамиятларда десидентларнинг (маълум тузумга мухолифлар) энг хавфлиси ёзадиганлари дейилмайди. Бу ҳақда янги нашрдан чиққан учинчи китоб “Кучсизлар кучи”да ҳам сўз боради. Гапирилган гаплар маълум ҳудудда қолади, лекин китоблар чегара билмайди”, – дея сиёсатшунос Ҳамид Содиқ фикрларини келтиради Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
20:22 / 30.08.2024
“Бюджет халқники, унинг ҳисобини сўрайвериш керак” — фаоллар билан суҳбат
18:36 / 17.01.2024
«Журналист – таҳдидларга қарши яхлит ва ягона куч» — фаоллар президентнинг миллий контент яратишга оид чақириғи ҳақида
18:10 / 07.12.2023
«Ҳуқуқий давлат қонунлар орқали бошқарилади» – «кўча»га қарши рейдлар экспертлар нигоҳида
19:49 / 18.11.2023