Шаҳарларнинг «ўпкаси» – яшилликни қандай қилиб кўпайтириш мумкин?
2050 йилга бориб дунё аҳолисининг 68 фоизи шаҳарларда яшаши прогноз қилинган. Шаҳарларга ҳамма сиғиши мумкин, лекин кислород ҳаммага етиши, экологиянинг аҳволи хароб бўлмаслиги учун нималар қилиш керак?
Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида яшиллик қисқаряпти. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари Ўзбекистонда шаҳарларнинг кенгайиши ва бунинг атроф-муҳитга таъсирини таҳлил қилди. Унга кўра, Тошкентдаги қурилишлар сабаб яшиллик қисқариб борган. Яшиллик 2022 йилда 2017 йилдагига нисбатан Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида 26 фоиз, Яккасаройда 23 фоиз, Олмазорда 33 фоиз, Мирзо Улуғбекда 18 фоизга қисқарган. Бундай ҳолат республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам аниқланган. Бухоро шаҳрининг марказий қисмида яшиллик даражаси 37 фоизга камайган.
Лекин экосевар давлатлар аллақачон экология саломатлик учун ўта аҳамиятли эканини, бунинг учун яшил зоналар муҳимлигини тушунган. Айниқса, иқлим ўзгариши муаммолари йириклашиб бораётган бир пайтда яшиллик қанча кўп бўлса, унинг таъсири камроқ ҳис қилинади.
Экология – даво
Табиатнинг инсон руҳий ва жисмоний саломатлиги учун фойдаси катта. 18 та давлатдан 16 минг одам қатнашган тадқиқотда яшил ва қирғоқбўйи ҳудудларда яшовчи иштирокчиларнинг умумий ҳолати бошқаларникидан яхшироқ экани маълум бўлган. Бундан ташқари, яшил зоналар ва сув бўйига тез-тез бориб турадиганларнинг соғлигида ҳам муаммолар кам, стрессга камроқ йўлиқишади.
Японларда табиатдан даво олиш усули – “Ўрмон души” мавжуд. Бу терапияга кўра, инсон ўрмон ёки дарахтлар орасида чуқур нафас олган ҳолда пиёда сайр қилади. Табиатни ҳис қилиш ва дарахтлар исини туйиш билан қон босими тушади, стресс камаяди.
Шунинг учун ҳам олимлар ҳафтасига камида 2 соатни яшил зона ёки қирғоқ бўйида сайр қилиб ўтказишни маслаҳат беришади.
Шаҳарларни чўллантириш эмас, яшиллантиришнинг қандай тажрибалари бор?
Йирик ва аҳоли зич яшайдиган шаҳарларда яшиллик яратишяпти ёки сақлаб қолишяпти. Қандай қилиб?
Мўл-кўл парклар яратиш: шаҳарлар ичида яшил боғлар ўпка вазифасини бажаради. Улар шаҳар аҳолисига нафақат тоза ҳаводан тўйиб нафас олиш имконини беради, балки иссиқ шаҳарларнинг совиткичи бўлиб хизмат қилади.
Масалан, Нью-Йорк шаҳридаги Central Park 1858 йилдаёқ одамларга шаҳар ҳаётидан бироз чекиниб, табиатни тўла ҳис қилишлари учун имкон берувчи зона сифатида қурилган. Ҳозир ҳам бу вазифани бажараётган паркка ҳар йили 42 млн атрофида одам келади.
Самарали жамоат транспортининг бўлиши. Юқори технологияларга асосланган, арзон ва тезкор, одамларга шахсий машиналаридан фойдаланишга эҳтиёж туғдирмайдиган жамоат транспорти шаҳар тозалиги учун муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, электрокарлар ҳам шаҳар ифлосланмаслигига ёрдам беради.
Масалан, жамоат транспорти энг ривожланган давлатлардан бири Швейцарияда транспортлар танлови турлича. Жамоат транспортига оид турли иловалар ҳам одамларга максимал қулайлик яратади.
Велойўлаклар ташкиллаштириш. Тирбанд шаҳарларда велосипедларда ҳаракатланиш анча ноқулай. Аммо махсус йўлакларга эга, одамларни велосипедларда ҳаракатланишга рағбатлантириш билан шаҳар ҳавоси тоза сақланиб қолади.
Масалан, дунё бўйича велотизими энг яхши ривожланган шаҳар Копенгагенда аҳолининг 62 фоизи кундалик қатновларини велосипедда амалга оширади.
Юқори профилли яшил бинолар қуриш. Одамлар зич яшаётган шаҳарларда турли парклар қуриш билан бирга яшил зона яратишда кўп қаватли биноларни ҳам яшилликка уйғун ҳолда қуриш кислород манбаини яратишга ёрдам беради. Яшиллик биноларда фақатгина дераза безаги вазифасини ўтамайди.
БМТ таҳлилларига кўра, 2050 йилга бориб дунё аҳолисининг 68 фоизи шаҳарларда яшай бошлайди. Иқлим ўзгариши таъсири эса ортиб боряпти. Горизонтал яшил зоналардан ташқари вертикал биноларда ҳам яшилликнинг яратилиши шаҳарликларга иқлим ўзгариши таъсирини камроқ ҳис қилишга ёрдам беради.
Дунёнинг энг топ яшил бинолари
Яшил лидерлик. Экологияга эътибор берадиган раҳбарларнинг шаҳарларда асосий вазифаларга бириктирилиши унинг обод бўлишида анчайин аҳамиятли.
Лекин фақат яшил зоналарнинг борлиги, яхши жамоат транспортининг ўзи шаҳарларнинг яшил ва кўркам бўлиши учун етарли эмас. Жамиятдаги одамларнинг экопарвар бўлиши ҳам аҳамиятли.
Мавзуга оид
16:34 / 18.11.2024
“Манзил”: Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликдаги кўл – Арашан булоққа саёҳат
15:30 / 13.11.2024
Қозоғистонга йўлбарслар қайтарилмоқда. Улар бундан 70 йил аввал йўқолиб кетганди
18:18 / 12.11.2024
Жаҳонда 10 йил давомидаги табиий офатлардан кўрилган зарар 2 триллион доллардан ошди
16:17 / 07.11.2024