Ўзбекистон | 15:23 / 21.07.2023
3789
3 дақиқада ўқилади

Археолог ва реставраторларни тайёрлашда Франция билан ҳамкорлик қилинади

Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Францияда бўлди. Ташриф доирасида Ўзбекистон-Франция ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар, ижтимоий, маданий-гуманитар, парламентлараро ҳамкорлик масалалари бўйича учрашувлар ўтказилган.

Фото: Senat.uz

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси расмий ташриф билан Францияга борди. Ташриф доирасида бир қатор учрашувлар ўтказилиб, муҳим келишувларга эришилган. 

 Хусусан, “Rothschild&Co” Кузатув кенгаши аъзоси A.Ротшильд билан суҳбат чоғида томонлар халқаро инвестициялар соҳасидаги жорий тенденцияларни, уларни амалга ошириш истиқболларини, шу жумладан Ўзбекистоннинг асосий активларини хусусийлаштириш дастурларини амалга оширишда компаниянинг тажрибасини самарали қўллашни муҳокама қилган. Ўз навбатида, Баронесса Ариэль Малар де Ротшильд “Rothschild&Co” молиявий гуруҳи Ўзбекистонда бошланган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашни давом эттиришга, иқтисодиётни ислоҳ қилишда, жумладан, камбағалликни тизимли қисқартириш масалаларини ҳал этишда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирган.

Учрашув якунида “Rothschild&Co” компанияси иштирокида давлат объектлари ва корхоналарини хусусийлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида доимий ўзаро алоқаларни давом эттиришга келиб олинган.

Делегация ташрифи доирасида “Total Eren” ижро этувчи вице-президенти Фабьен Демол билан ҳам учрашув бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган. Самарқанд вилояти Нуробод туманида 100 МВт қувватга эга фотоэлектр станциясини муваффақиятли ишга туширган “Total Eren” компанияси янги йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш орқали Ўзбекистондаги иштирокини кенгайтиришга интилаётганини маълум қилган. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси Франция миллий мероси институти директори Ш.Персонназ билан ҳам мулоқот ўтказган. Унда икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинган.  

 Мулоқот чоғида Ўзбекистондаги маданий мерос объектларини реставрация қилиш соҳасида Франциянинг илғор тажрибасини татбиқ этиш муҳимлиги таъкидланган. Хусусан, Франция Миллий мерос институтининг етакчи мутахассисларини жалб этган ҳолда маҳаллий мутахассисларнинг малакасини ошириш, икки мамлакат етакчи экспертлари иштирокида маданий меросни ривожлантириш юзасидан қўшма амалий семинарлар ўтказишга урғу берилган.

Учрашув якунида Ўзбекистонда маданият ва санъат ҳамда моддий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш, ўзбек археологлари ва реставраторларини махсус тайёргарликдан ўтказиш ва уларнинг Франция Миллий мерос институтида илмий-техник билим олишлари борасида келишувга эришилган.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид