Ўзбекистон | 15:12 / 23.07.2023
26398
20 дақиқада ўқилади

Футболга имтиёз, камбағаллик чегараси ва антирейтингдаги сўм — ҳафта дайжести

Қоп-қоп пул берилаётган футбол клубларига қоп-қоп имтиёзларнинг янги дозаси: энди легионерлар ҳам солиқ тўламайди. Ойига 568 минг сўмдан кўп пул топган одам камбағал эмас: статистика органи иқтисодчи билан баҳслашди. Навоий-кўчада кўприк қурилиши: фойдасидан зарари кўп ортиқча харажат. Ҳафтанинг асосий мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Футбол – солиқдан озод

Аввалги ҳафта аския ва қизиқчилик санъатини ривожлантириш учун бюджетдан доимий равишда катта маблағ ажратиш йўлга қўйилаётгани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларни келтириб чиқарган эди. Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Пахтакор” клубидаги ойликлар ва бошқа харажатлар учун, Ёшлар ишлари агентлиги эса ёшларга мўлжалланган мотивацион тренинглар учун миллиардлаб пул ажратаётгани ҳам танқидларга сабаб бўлганди.

Бюджет, яъни солиқ тўловчиларнинг пулларини қаерга ишлатиш ва кимга қанақа солиқ имтиёзи бериш масаласи бу ҳафта ҳам фаол жамоатчилик кун тартибида турди. Хусусан, футбол клубларининг деярли барча солиқлардан озод қилингани эътирозларни келтириб чиқарди.

Солиқ кодексига киритилган ўзгартириш билан, футбол ташкилотлари ижтимоий солиқдан бошқа бирорта ҳам солиқни тўламайдиган бўлди. Уларга бу борада берилган имтиёз муддати 2026 йилгача узайтирилди. Футбол ташкилотлари бундан кейин ҳам кўплаб турдаги товарларни Ўзбекистонга ҚҚС тўламасдан олиб киришда давом этаверади. Қонундаги асосий янгилик шу бўлдики, эндиликда нафақат чет элдан келган футбол мутахассислари, балки легионер футболчилар ҳам даромад солиғидан озод қилинди.

Эътирозларга сабаб бўлаётган биринчи ҳолат ҳам ана шунда. Ўзбекистонда ҳатто 800 минг сўм маошга ишлайдиган ҳамшира ҳам ойлигидан 12 фоиз даромад солиғи тўлаётган пайтда, нега маошининг миқдори миллионлаб еврогача етадиган легионерлар бир тийин ҳам солиқ тўламайди? Ёки қайси мантиққа кўра маҳаллий тренер тўлайдиган солиқни чет эллик тренер тўламаслиги керак?

Умуман, футбол – 2016 йилдан кейинги даврда ислоҳотларнинг ҳатто шабадаси ҳам етиб бормаган соҳалардан бири бўлиб қоляпти. Бу ислоҳот қанақа бўлиши керак деганда эса, идеал вариантда, давлат профессионал футболдан буткул чиқиб кетиши керак. Шунчаки тан олиш керакки, Ўзбекистон араб давлатлари каби бой эмас. Ўнлаб клублар ва уларга қўшиб ўғри амалдорларни боқишга сарфланаётган триллионларни бошқа, бундан каррасига фойдали йўналишларга сарфлаш тўғрироқ бўларди.

Давлатнинг футболдан кетиши, яъни ҳокимликлар ва давлат компаниялари томонидан клубларни молиялаштириш тўхтатилиши, узоқроқ муддатда бўлса ҳам, ҳозиргидан кўра соғломроқ, ҳозиргидан кўра қизиқроқ ва ҳозиргидан кўра кучлироқ рақобатга эга футбол бозорининг табиий равишда юзага келишига йўл очади. Футболда давлатнинг ҳозиргидек мутлақ монополияси сақланиб қолиши эса, худди сиёсий ва иқтисодий монополиялар каби, ривожланишга тўғаноқ бўлиб қолаверади. Ҳозирги тизим миллий жамоамизни қачонлардир, бир амаллаб жаҳон чемпионатига олиб чиқиши мумкин, лекин ҳеч қачон мундиалдаги аутсайдерлар рўйхатидан олиб чиқа олмайди. Бошқача айтганда, мабодо жаҳон чемпионатига чиқсак ҳам, фақат музқаймоқ ялашгагина борамиз холос.

Тошкентнинг қоқ марказида кўприк?

Давлат бюджетини оқилона бошқариш масаласи – энг кўп харажат қилинадиган пойтахт Тошкентда доим актуал. Бу сафар Алишер Навоий кўчасида йўл ўтказгич қурилиши кўпчиликнинг эътиборини тортди. Маълум бўлишича, бу тарихий шоҳкўчанинг Абай ва Ботир Зокиров кўчалари билан кесишган чорраҳасида автомобиллар учун кўприк қурилиши кўзда тутилган. Бунга сабаб сифатида бу чорраҳада тирбандликлар юзага келаётгани кўрсатилди.

Фаоллар бу қурилишнинг иқтисодий, ижтимоий, экологик ва эстетик оқибатларидан жиддий хавотирда. Иқтисодий томондан, кўприкни қуриш давлат бюджетига бир неча миллион долларга тушади. Лекин энг асосийси, шунча маблағ амалда ҳавога совурилган бўлиб чиқиши эҳтимоли катта. Чунки шаҳарларда йўлларни кенгайтириш, кўприклар қуриш тирбандлик муаммосини ҳал қилмайди, аксинча, вазиятни баттар ёмонлаштиради. Бу – халқаро тажрибада ҳам, Тошкентнинг ўзидаги тажрибада ҳам қайта-қайта ўз исботини топиб бўлган. Қисқа қилиб тушунтирганда, автомобиллар учун қанча кўп шароит яратилса, шунча кўп одам шахсий автомобил сотиб ола бошлайди, натижада яратилган шароит тирбандликнинг баттар ошишига сабаб бўлади.

Ривожланган давлатларда бу борада аллақачон илмий тадқиқотлар ўтказилган ва уларда ўхшаш хулосаларга келинган. Яъни шаҳарларда автомобиллар ҳаракатини имкон қадар қийинлаштириш ва қимматлаштириш, жамоат транспортини ривожлантириш орқали унинг нисбий афзаллигини ошириш, кўчалар ва чорраҳаларнинг геометрик параметрларини оқилона ташкил қилиш, аввало пиёдалар ва жамоат транспортига устунлик бериш, велосипедлар учун шароит яратиш ва ақлли светофорларга ўтиш кабилар тирбандликларга қарши энг самарали ечимлар деб топилган.

Масаланинг ижтимоий, экологик ва эстетик томонлари эса таклиф этилаётган кўприкнинг жойлашуви билан боғлиқ. Замонавий шаҳарсозликда умумқабул қилинган принципларга кўра, шаҳарларнинг айниқса марказий ҳудудларида автомобиллар учун кўприклар қурилмайди, чунки бундай лойиҳалар одамлар билан гавжум ва жонли ижтимоий маконларни совуқ бетон эгаллаган ўлик ҳудудга айлантириб қўяди. Қолаверса, бу қурилиш натижасида тарихий кўча бўлмиш Навоий шоҳкўчасининг қиёфасига жиддий путур етади. Боз устига, тарихий бинолардан бири бузилиши, дарахтлар кесилиши мумкин.

Ўзбекистонлик урбанистлар ва бошқа соҳалар вакиллари бу масалада ўз қарашларини билдириб, ҳукуматни кўприк қуриш лойиҳасини бекор қилишга чақиряпти. Президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов бу чақириқларга жавобан, хулоса чиқаришга ҳали эрта эканини айтди.

“Шаҳарда тирбандлик масаласи долзарб муаммо бўлиб турибди. Йилдан йилга вазият оғирлашяпти. Агар бундай лойиҳа бўладиган бўлса ҳам, уни ишлаб чиқишга энг яхши мутахассислар жалб этилади ва, табиийки, жамоатчилик фикри инобатга олинади. Ҳозир эса бирор-бир хулоса чиқариш ёки тахминлар билдиришга эрта”, – деди Шерзод Асадов.

Маълумот учун, президент Шавкат Мирзиёев сайловолди кампанияси давомида Тошкентнинг кўп тирбандлик бўладиган кўчаларида 12 та йўл ўтказгич қурилишини айтганди. Бу кўприклар қаерларда қурилиши маълум эмас.

Расмий камбағаллик чегараси – 568 минг сўм

Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари миқдори ниҳоят оширилди. Статистика агентлиги 2023 йил учун ҳисобланган қийматни киши бошига 1 ойда 568 минг сўм деб белгилади. Минимал истеъмол харажатлари бир вақтнинг ўзида камбағаллик чегараси эканини инобатга олсак, оилада киши бошига тўғри келадиган ойлик даромад 568 минг сўм ёки тахминан 50 доллардан кам бўлса, бу оила расман камбағал ҳисобланади. Мисол учун, 4 кишидан иборат оиланинг жами ойлик даромади 2 млн 272 минг сўмга етмаса, давлат бу оилани расман камбағал деб ҳисоблаб, ижтимоий тўловлар тўлаш ва бошқа чоралар орқали оиланинг ойлик даромадини 2 млн 272 минг сўмга етказишга ҳаракат қилади.

Минимал истеъмол харажатлари бундан аввал охирги марта 2022 йил январ ойида 498 минг сўм деб белгиланган эди. Куни кеча эълон қилинган янги миқдор бундан 14 фоизга кўп. Лекин орадан ўтган бир ярим йил давомида 16 фоиздан кўп расмий инфляция қайд этилди. Бу эса аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига тўланадиган нафақаларнинг инфляция даражасидан паст суръатда оширилишига асос бўлиши мумкин.

Айни шу сабаб билан жамоатчилик фаоли, иқтисодчи Отабек Бакиров янги камбағаллик чегараси адолатсиз бўлганини айтиб, Статистика агентлиги билан баҳслашиб қолди. Агентлик барча ҳисоб-китобларни белгиланган тартибда амалга оширганини таъкидлаб, иқтисодчини ўз каналида доим негатив постлар ёзиш орқали халқнинг ғазабини қўзғашда айблади. Таъкидлаш керак, бу давлат идораси ва Отабек Бакиров ўртасидаги тортишувларнинг биринчиси эмасди. Бу сафарги баҳс томонларнинг бевосита учрашиб, гаплашиб олишларига замин яратди, лекин учрашув мулоқотгача етиб бормай, можаро билан якун топди.

Daryo.uz сайтининг ёзишича, сайт вакиллари икки томонга ўзаро очиқ мулоқот ташкил қилиш таклифи билан чиққан ва улар бунга рози бўлган. Учрашув вақти келганида, Статистика агентлиги директори Баҳодир Бегалов қўл остидаги қатор ходимлари билан бирга сайт студиясига келиб, юқоридан рухсат сўрамагани учун ОАВда чиқиш қила олмаслиги, бу ерга интервю бериш учун эмас, Отабек Бакиров билан очиқ мулоқот қилиш учун келганини айтган ва журналистнинг хонадан чиқиб кетишини талаб қилган. Унинг бу талаби рад этилгач, жамоаси билан студияни тарк этган.

Статистика агентлиги эса келишув бошқачароқ бўлганини таъкидлаб баёнот берди. Расмийларга кўра, томонлар очиқ мулоқот норасмий суҳбат шаклида бўлишига ва бу суҳбат видеога олинмаслигига келишиб олган. Студияга боришганида эса, журналистларнинг этикаси ва ҳаракатлари уларни ранжитган. Баёнотда масъулларни журналистларнинг қўполлиги норози қилгани сабаб улар студияни тарк этгани айтилади. Агентлик ўз расмий муносабатига насиҳат оҳангидаги 7 та афоризмни илова қилган. Улардан бирида, масалан, шундай дейилади: “Инсон боласининг минг бир қусурларидан бири шуки, у ўзининг қусурларидан кўра, бегона кимсанинг қусурларини санашни афзал кўради”.

Сўм – энг кучсиз валюталар қаторида

АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати яна янги максимумни қайд этди. Жума куни ўзбек банкларида доллар курси 11 670 сўмгача кўтарилди. Бу – ўтган ҳафта қайд этилган тарихий максимумдан 20 сўмга қимматроқ. Бундай ўсиш тенденцияси сақланиб қолган тақдирда, яқин орада 11 700 сўмлик янги психологик нуқта ҳам забт этилиши мумкин.

Шу ҳафта Марказий банк эълон қилган ҳисоботдан маълум бўлишича, регулятор сайловдан олдин сўмнинг барқарорлигини сақлаш учун валюта бозорида йирик интервенцияларни амалга ошириб келган. Йилнинг иккинчи чораги – апрел-июн ойларидаги жами интервенциялар ҳажми 2,4 млрд долларни ташкил этган. Бу – ўтган йилнинг биринчи чорагидаги кўрсаткич билан тенг. Ўшанда Россиянинг Украинага босқини ортидан доллар курси кескин кўтарилган эди.

Шу ҳафта Forbes нашри эълон қилган рейтингга кўра, ўзбек сўми муомалага киритилганидан буён АҚШ долларига нисбатан 1657 баробарга қадрсизланган. Бундай натижа билан Ўзбекистон миллий валютаси дунёдаги энг заиф валюталар ўнлигига кирди. Маълум бўлишича, долларга нисбатан номинал қиймати бўйича олганда, сўм дунёдаги энг заиф 10 та валюта орасида 7-ўринда туради.

Маълумот учун, узоқ 1994 йилда, сўм муомалага киритилган кунда республика валюта биржасида 1 АҚШ долларининг қиймати роппа-роса 7 сўмга тенг бўлган. Лекин кўп ўтмай, ҳукумат иқтисодий сиёсатида йўл қўйилган мудҳиш хато сўмнинг катта тезликда қадрсизланишига сабаб бўлган. Бу ҳақда 90-йилларда Марказий банкда иқтисодчи бўлиб ишлаган Комилжон Акрамов сўзлаб берди. У ҳамкасби Беҳзод Ҳошимовнинг 90-йилларда иқтисодий сиёсатдаги қайси хато бурилиш нуқтаси бўлгани ҳақидаги саволига жавоб бераркан, ҳаммаси 1997 йилдаги оғир иқтисодий вазиятда ҳукуматнинг пул босиб чиқаришга қарор қилганидан кейин бошланганини айтди.

“1996 йил қишлоқ хўжалигида қийин йил бўлган. Пахта планлар бажарилмаган, ерлар ҳайдалмай қолиб кетган. […] Ўша пайтда, энди, 1996 йил охири, 1997 йил бошларида ерни ҳайдаш керак, бошқа қилиш керак. Осон ечим – пул босиб чиқариш бўлган. Халқаро валюта жамғармаси бунга қарши бўлган. Лекин ечим керак. Ўша пайтда қишлоқ хўжалигининг иқтисодиётдаги роли жуда катта бўлган.

Марказий банкда аҳоли қўлидаги бўш пул маблағларини жалб қилиш керак деган фикр бўлган. Лекин бу нарса бўлмаган. Охирги ечим шу бўлганки, пул чоп қилинган. Натижада иқтисодиётга катта миқдорда таъминланмаган пул массаси киради ва бу пуллар айланиб-айланиб валюта бозорига кириб келади, валютага талаб ошиб кетади. Бошқа томондан, олтин ва пахта нархларининг пасайиши сабабли валюта тушумлари камайиб кетяпти. Икки томонлама иқтисодий шок келиб чиққан. Натижада конвертацияни ёпишга мажбур бўлишган. Ўша пайтда курснинг пастга тушиб боришига қўйиб бериш ҳам ечим бўларди, ҳа, қийин, аммо тўғрироқ ечим бўларди”, – дейди у.

Комилжон Акрамовнинг айтишича, ўша вақтда Халқаро валюта жамғармасининг бош директори ўринбосари бўлган машҳур макроиқтисодчи Стэнли Фишер Ўзбекистонга келиб, президент Ислом Каримов билан учрашган, лекин унинг ташрифи ҳам улкан хато қарорлар қабул қилинишининг олдини ололмаган. Катта миқдорда пул чоп қилинганидан кейин, Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистондаги барча дастурларини ёпиб, доимий вакилини олиб кетган. Сиёсий элита эса битта хато ортидан бошқа хатоларни қилаверган. Яна пул чоп этилган, нақд пулни чеклаш бошланган, нақд ва нақдсиз пул ўртасида фарқ пайдо бўлган. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ўша вақтларда ёпилган валюта конвертацияси орадан 20 йил ўтиб, 2017 йилга келибгина очилган эди.

Шов-шувли суд ишлари

Ҳафта давомида бир нечта суд жараёнлари жамоатчилик диққат марказида бўлиб турди. Тошкент вилояти апелляция суди синфдошларига нашида ҳаволасини юборган учун 3 йилга қамалган Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. Бу эса яна судлар ва қонунлар устидан танқидларни алатгалатди.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг эътибор қаратишича, Қўқон ва Жиззах шаҳарларида ҳам худди шундай мазмундаги жиноий ишлар судларда кўриб чиқилган ва иккала ҳолатда ҳам судланувчи йигитларга озодликни чеклаш, яъни уй қамоғи жазоси берилган. Тошкент вилоятидаги судялардан фарқли равишда, Қўқон ва Жиззахдаги судялар нима учун бундай турдаги жазо берганини тушунтириб берган.

Жаҳонгир Улуғмуродовнинг ҳимоячилари ҳукм юзасидан энди Олий судга кассация шикояти киритди. Kun.uz'нинг иш тафсилотларидан хабардор манбасига кўра, Олий суд ёш йигитга нисбатан бирмунча енгилроқ жазо тайинлаши мумкин. Бундан ташқари, йил охиригача президент томонидан 2 марта – Мустақиллик ва Конституция байрамлари арафасида афв эълон қилиниши, Улуғмуродов афв этилганлар рўйхатига киритилиши эҳтимолдан холи эмас.

Сешанба куни яна бир шов-шувли суд жараёни ўз ишини бошлади. Шайхонтоҳур тумани судида Telegram'даги Kompromatuzb канали орқали давлат амалдорларига товламачилик қилганликда гумонланаётган тўрт нафар судланувчи устидан биринчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Аввалига очиқ тарзда, журналистлар иштирокида бошланган процесс, айрим судланувчиларнинг илтимосига кўра, ёпиқ кўриладиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, бу иш доирасида Меҳнат вазирлигининг собиқ матбуот котиби Мавжуда Мирзаева, “Ўзбекнефтгаз” компанияси собиқ матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов, Human.uz сайти асосчиси Хуршид Далиев ва фуқаро Аҳмадулло Аҳмаджоновга нисбатан тергов органи томонидан айблов эълон қилинган. Жиноят ишида жами 19 нафар жабрланувчи қайд этилган. Улар орасида собиқ меҳнат вазири Нозим Ҳусанов, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг собиқ директори Афзал Ирматов, Андижон шаҳар ҳокими Ғофуржон Абдураҳмонов ҳам бор.

Пойтахтнинг Миробод туманида 25 июл куни блогер Абдуқодир Мўминов устидан суд жараёни бошланади. Феврал ойи бошида ҳибсга олинган Мўминов товламачилик, фирибгарлик, шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш ва бошқа жиноятларда айбланяпти. Айблов хулосасига кўра, жиноят иши бўйича жабрланувчилар сони 14 нафар бўлиб, уларга судланувчи томонидан жами 900 млн сўм миқдорида моддий зарар етказилган бўлиши мумкин.

Тошкентда, шунингдек, хоразмлик педофил амалдорлар иши юзасидан биринчи суд ажрими қабул қилинди. Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси ишни Хоразм вилояти прокуратурасига юборди. Прокуратура, суднинг талабига асосан, Хоразм вилоят Адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязовга янги айблов бўйича жиноят иши қўзғатиш ва улардан бошқа шахсларни ҳам жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиши керак. Жиноят ишини судда кўриш эса 1 ой муддатга тўхтатилди.

Қўшимча тергов ўтказиш Бош прокуратурага эмас, Хоразм вилояти прокуратурасига топширилгани терговнинг холис ўтиши юзасидан хавотирларни ҳам юзага чиқаряпти. Чунки ойлар давомида меҳрибонлик уйи қизлари билан жинсий алоқа қилиб келган бу икки амалдорнинг оғир жазодан қутулиб қолишида Хоразмдаги прокуратура органларининг ҳам ҳиссаси бор. Улар суднинг жиноятчиларга жуда енгил жазо тайинланган ҳукмига рози бўлиб, апелляцияга шикоят киритмаган эди. Эслатиб ўтамиз, Машарипов ва Курязовга нисбатан ҳозирга қадар бирор эҳтиёт чорраси қўллангани йўқ.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Нью-Йоркнинг Бруклин туманида 15 ёшли самарқандлик йигит отиб ўлдирилди. Фаридун Мавлонов икки гуруҳ йигитлар ўртасидаги жанжал қурбони бўлди. Улар орани очиқ қилиб олиш учун учрашган пайтда йигитлардан бири, 17 ёшли ўсмир ёнидан тўппонча чиқариб, дуч келган томонга қарата 7 марта ўқ узган, улардан Фаридунга келиб теккан. Жаноза маросимига Нью-Йорк шаҳри мэри Эрик Адамс ҳам келиб, унинг яқинларига таъзия изҳор қилди.

Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига расмий ташрифи давомида Умра амалларини бажарди. “Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги биринчи саммитда қатнашган президент, икки минтақа ўртасида дўстлик ва ўзаро боғлиқлик тўғрисида битим қабул қилиш, эркин савдо ҳудуди ва визасиз туристик макон яратишни таклиф қилди. Бу форматдаги иккинчи саммит Самарқандда ўтказилади.

Тошкентда яна битта кўп қаватли уйнинг тепасида қурилиш қилингани маълум бўлди. Шайхонтоҳур тумани Лабзак кўчасидаги 10 қаватли янги уйнинг 10-қаватида яшайдиган фуқаролар уйининг томига қўшимча бино қуришга қарор қилган. Қурилиш инспекцияси фуқаролардан ноқонуний қурилмаларни бузишни талаб қилди. Аввалроқ шунга ўхшаш ҳолат Янгиҳаёт туманида ҳам аниқланган эди.

Бош вазир Абдулла Арипов Тошкентда янги уйга пул тўлаб алданган фуқаролар билан учрашди. У мингдан ортиқ фуқаронинг муаммоси бўлган бу ҳолат президент назоратида турганини айтиб, масалани қонуний ҳал қилиб беришга ваъда берди. Ҳукумат комиссияси хулосасидан гаровга қўйилган квартираларни қурувчининг бошқа квартираларига алмаштириш, уйлар қурилишини бошқа қурувчини жалб қилган ҳолда охирига етказиш ва бошқа таклифлар ўрин олган.

Ўзбекистонда жиноятчилик даражаси кескин ўсяпти. Олий суд эълон қилган статистик рақамларга қараганда, охирги 4 йилда судларда кўриб чиқилган жиноят ишлари ва судланувчилар сони 2 баробарга, озодликдан маҳрум қилинганлар сони эса 3 баробарга ошган. Фикримизча, бу даражадаги кескин ўсишнинг сабаблари юзасидан асосли тушунтиришлар берилиши мақсадга мувофиқ бўларди.

ЙПХ ходимлари ҳайдовчиларга кўчма радарлар орқали қонунни бузган ҳолда жарималар ёзаётгани маълум бўлди. Kun.uz'нинг аниқлашича, Олий суд камида битта ҳолатда кўчма радардан келган жаримани бекор қилган. Бунга сабаб, қонунчиликка кўра, ЙПХ ходими ҳайдовчига нисбатан баённома тузиш учун кўчма радардаги тезлик кўрсаткичини унга кўрсатиши керак. Амалда эса, ЙПХ инспекторлари уч оёқли мослама ёки “Nexia-3” автомобилига ўрнатилган радардаги кўрсаткични деярли ҳеч бир ҳолатда ҳайдовчиларга кўрсатмайди. Ҳайдовчилар радарга тушганини жарима қоғозини олган пайтдагина билади. Олий суднинг қарори бошқа ҳайдовчиларда ҳам жаримани бекор қилишни сўраб арз қилиш имконияти борлигини кўрсатади.

Мавзуга оид