Жаҳон | 14:06 / 23.07.2023
32551
9 дақиқада ўқилади

Қизил империянинг «кулранг кардинали». Коммунистик партиянинг бош идеологи ва пропагандачиси ҳақида

Собиқ совет давлати ўзининг қаттиққўл ва билимсиз раҳбарлари билан машҳур. Улар давлатни куч ва ёлғон билан бошқарган. Бироқ совет инсонларида СССР даврини илиқ хотирлаш, қўмсаш кайфияти сақланиб қолган, бу, шубҳасиз, жуда кучли мафкура ва пропаганданинг таъсири. СССРнинг уч Бош котиби даврида мамлакатнинг асосий идеологи ва пропаганда масъули бўлган Михаил Суслов кўпчилик томонидан «кулранг кардинал», яъни соядаги раҳбар дея аталарди.

Камбағал деҳқон ўғли — тақдир туҳфаси

СССРдаги коммунизм-марксизм ғоясининг асосий фигураларидан бири, уч нафар бош котиб — Сталин, Хрушчёв ва Брежнев даврида энг муҳим давлат лавозимларда ишлаган Михаил Суслов 1902 йил Волга дарёси бўйидаги Шаховск қишлоғида, оддий камбағал деҳқон оиласида туғилган.

Мактаб даврида қунт билан билим олган Михаил коммунистик партия зинапояларидан тезлик билан юқорилаган. У 16 ёшидаёқ Камбағаллар қўмитасига аъзо бўлган ва орадан кўп ўтмай Коммунистик партияга қўшилган. Москвадаги қатор университетларда таҳсил олган Михаил илк юқори мансабга 1931 йилда киришган. У шу йили Компартия марказий назорат комиссиясига ўтказилган ва уч йилдан сўнг СССР Халқ Комиссарлари Кенгаши ҳузуридаги Совет назорати комиссиясига ишга кирган.

Қатағон йилларида Суслов ҳам қурбонлар рўйхатига киришига бир бахя қолади. У «душман элементлар ҳокимиятга кириб келишига ёрдам бериш»да айбланган, бироқ ўз сўзларига кўра, Сталиннинг кўмаги билан қутулиб қолган.

Суслов ва Сталин

Иккинчи жаҳон уруши даврида Суслов Компартиянинг Ставропол ўлка қўмитаси биринчи котиби эди, у ҳудудда Германияга қарши партизанлик курашларини ташкиллаштиради. Кейинроқ Болтиқбўйига кўчиб ўтади ва бу ерда «ўрмон биродарлари» ҳаракати билан курашга раҳбарлик қилади.

Сусловнинг ғоявий хислатлари уни СССР Компартияси Марказий Қўмитаси котиби лавозимига олиб келади. Бу жуда катта кўтарилиш эди, чунки ушбу даврда МҚ котиблари сони жами олти нафар бўлиб, улар қаторида Сталин ҳам бор эди.

Суслов шу йили Бутуниттифоқ фалсафий мунозараларида қатнашади ва ўзини ижобий томондан кўрсатади. Шундан сўнг у Георгий Александров ўрнига Компартия МҚнинг пропаганда ва ташвиқот бошқармаси раҳбари этиб тайинланди. Яъни амалда совет давлати мафкураси раҳбарига айланади. У роппа-роса 35 йил давомида партиянинг барча тарғибот ишларига раҳбарлик қилади.

Сусловнинг мансаб пиллапояларидан бу қадар тез юқорилаши унинг камбағал деҳқон оиласида туғилгани, яъни СССРдаги бойлар «ёмон», қашшоқлар «яхши» ғоясига жуда мос тушгани билан боғлиқ. Зеро, СССР «ишчи, деҳқон ва аскарлар» давлати эди. Бундан ташқари, у ўз авлоди учун анча яхши таълим олганди.

Суслов Компартия ва иттифоқдош республикалар раҳбарлари орасида (ўнгдан иккинчи). Иккинчи қатор ўнгдан биринчи Шароф Рашидов

«Кулранг кардинал»

Анча айёр ва эҳтиёткор Суслов 1950-йиллар бошида партияда тобора кўпроқ таъсирга эга бўлиб борган ва уни Сталиннинг яширин вориси, догматик, «марксизмнинг олий руҳонийси» деб аташган. Сталин ўлими олдидан Михаил МҚ президиуми аъзолигига сайланади. Бу Суслов СССРнинг биринчи рақамли шахслари билан тенглашганини англатарди.

Михаил Суслов «кулранг кардинал» тахаллусини айнан шу даврда олади. Унинг рақиблари ёрқин Сталин, Берия ва Хрушчёв шахси фонида, анча «хирароқ» бўлган Суслов шахсини таъкидлаб, ҳокимият курашида унга ҳам эътибор қаратмоқчи бўлади. Ва бу қайсидир маънода амалга ошади. 1953 йил Берия ҳибсга олингач, унинг отувга ҳукм қилинганлар рўйхатида Суслов биринчи рақамли нишонлардан бири бўлгани маълум бўлади.

Суслов ва Брежнев

Михаилнинг Сталин репрессиялари, унинг ўлимидан кейинги ҳокимият курашларида «жон сақлаб қолиши»га, унинг на қишлоқ хўжалиги, на бошқарув ишларига аралашгани ёрдам берган. У фақат мафкуравий юмушлар билан шуғулланган, совет пропагандасини ривожлантирган, марксизмнинг советча ғояларини ишлаб чиққан. Суслов СССР олий элитасидаги марксизм-коммунизм идеологиясини энг яхши тушунувчи инсон бўлган ва шу боис ҳам ҳар қандай бош котиб даврида ўз таъсирини сақлаб қолган.

Михаил Суслов Хрушчёв даврида гарчи бош котиб билан зиддиятга бормаган бўлса-да, катта қудратга эга бўлмаган. Чунончи, у Сталин ўлимидан сўнг МҚ президиуми таркибидан чиқарилган. Суслов 1956 йилги Венгрия қўзғолони муносабати билан Будапештга борган ва СССР қўшинларининг мамлакатга киритилишини ёқлаган.

«Кулранг кардинал»нинг соядан чиқиши сифатида унинг 1964 йилда Хрушчёвни «тахтдан ағдариш» ишларига раҳбарлик қилгани айтилади. Компартия МҚ пленуми раиси сифатида Суслов Хрушчёв барча лавозимларидан озод этилиши кераклиги ҳақида доклад қилади ва бош котиб истеъфосини уюштиради. Лекин ўзи бош котиблик курсисига ўтирмайди. Бунинг ўрнига СССР МҚ сиёсий бюроси аъзолигига киради.

Суслов Хрушчёвнинг яқин ҳамкорларидан бири бўлишига қарамай унга қарши фитнада муҳим рол ўйнаган

Суслов Хрушчёвдан кейин, Леонид Брежнев даврида ҳақиқий «кулранг кардинал»га айланади. У бош котибни ишонтирган ҳолда ҳар қандай қарорни бекор қилиши мумкин бўлган ва баъзида Брежневнинг ўзи якуний сўзни Михаил Сусловга қолдирган. Демократик централизм тарафдори сифатида Суслов ҳокимият бир киши қўлида жамланишини ёқламаган ва 1970 йил ҳатто Брежневнинг бош котиблик билан бирга ҳукумат бошлиғи лавозимини ҳам эгаллашига қарши чиққан.

Марксизмнинг барча қонунларига амал қилувчи ва тартибни севувчи Суслов жуда қаттиққўл раҳбар бўлган. У Хрушчёвнинг «илиқлик даври»дан сўнг пайдо бўлган интеллигенцияни мамлакатдан қувғин қилишнинг (хусусан, Солженицин ва Сахаровни) ташаббускори, таълим тизимига «илмий коммунизм» пропаганда дарсини киритган инсон эди. Бу фандан ҳатто давлат имтиҳонлари ҳам олинган.

Суслов совет қўшинларининг Афғонистонга киритилиши, Чехословакия инқилоби бостирилиши, Полша инқирозига қарши курашиш бўйича қарорлар қабул қилишда асосий рол ўйнаган. У ёрқин рус миллатчиси эди ҳамда коммунистик давлатлар Россия атрофида бирлашиши керак деб ҳисоблаган.

Суслов Брежневнинг «турғунлик даври» сабабчиларидан бири дея кўрсатилади. Чунки 1960-70 йилларда коммунизм мафкурасида ҳам турғунлик юз берганди. Суслов давлатни бошқарувчи учлик аъзоси (Брежнев, Косигин, Суслов) сифатида ташқи сиёсат билан фаол шуғуллана бошлаган ҳамда пропаганда ва идеология ишларидан узоқлашган.

1970-йилларда Сусловнинг ҳокимияти чексиз эди. У ҳатто КГБ билан бемалол кураша оларди. Масалан, 1970 йилда СССРнинг Канададаги элчихонасининг 17 нафар аъзоси дипломат мақомига тўғри келмайдиган фаолияти учун Канададан чиқариб юборилади. КГБ раҳбари Андропов СССРнинг Канададаги элчиси Александр Яковлевни мамлакат манфаатларини ҳимоя қила олмасликда айблайди ва уни вазифасидан озод этишни илгари суради. Бироқ Суслов бир вақтлар ўз қўлида, пропаганда бошқармасида ишлаган Яколевнинг ёнини олади ва «Ўртоқ Яковлевни КГБ элчи қилиб тайинламаган» дея Андроповни ўз фикридан қайтишга мажбур қилади.

Михаил Суслов мамлакатда йўқ бўлган пайти қабул қилинганлар қарорларни, қайтиб келгач бекор қилдирган. КПСС йиғилишларида республикалар етакчиларини қаттиқ танқид қилган.

Суслов аслида Хрушчёвдан кейин Бош котиб лавозимига ўтириш учун курашиши мумкин эди, лекин у иккинчи раҳбар бўлишни танлаган. Бу пайтда ҳам унда бош котиблик пойгасида қатнашиш учун имкон бор эди. Бироқ Брежневдан сўнг унинг янги етакчи бўлиши аниқ эди, чунки мамлакатнинг ҳар қандай соҳасида Суслов назорати ўрнатилган, қарорлар унинг фикрисиз қабул қилинмас эди.

Аммо Суслов Брежневдан тўққиз ой олдин вафот этади. Унинг вафоти қариб, мамлакат ишларидан деярли узилиб қолган Брежневнинг ворислиги учун курашни бошлаб беради.

Сусловнинг дафн маросими

Суслов Москвага, Кремль ёнидаги мавзолейга дафн қилинади.

Мавзуга оид