Жаҳон | 20:59 / 26.07.2023
17685
2 дақиқада ўқилади

Сингапурда деярли 20 йил ичида биринчи марта аёл киши қатл этилади 

У гиёҳванд моддалар савдосида айбдор деб топилган. Сингапур ушбу жиноятга қарши аёвсиз қонунларга эга. 

Фото: AFP

Сингапурда шу ҳафтада сўнгги 20 йил ичида биринчи марта аёл қатл этилади. У гиёҳванд моддалар савдосида айбдор деб топилган. Бу ҳақда The Guardian хабар берди. 

Саридеви Жамани 2018 йилда сотиш мақсадида 30 граммга яқин героин сақлаганликда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган эди. У бир неча бор ҳукм устидан шикоят қилишга уринган, бироқ аёлнинг барча шикоятлари рад этилган. Аёлнинг яқинлари унинг қатл этилиши кутилаётгани ҳақида аллақачон хабардор қилинган. 

Сингапурда охирги марта аёл 2004 йилда қатл этилган: 36 ёшли Ен Мей Воэн ҳам гиёҳванд моддалар савдосида айбдор деб топилган эди. 

Саридеви Жамани билан бирга 56 ёшли Муҳаммад Азиз бин Ҳусайн ҳам қатл этилади. У тахминан 50 грамм героин савдосида айбланган. 

Нашрнинг таъкидлашича, Сингапур гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун дунёдаги энг муросасиз қонунларга эга давлат ҳисобланади. 

Халқаро ҳамжамият танқидларига қарамай, Сингапур ҳукумати ўлим жазоси шаҳар-давлат хавфсизлигини таъминловчи ва кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланадиган гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларга қарши самарали восита деб ҳисоблайди. 

Сингапурда COVID-19 пандемияси давридаги икки йиллик танаффусдан сўнг, ўлим жазоси қайта тикланганидан кейин камида 13 киши қатл этилди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид