Жамият | 16:41 / 27.07.2023
15772
8 дақиқада ўқилади

«Чаёнгул» – «гул»нинг «чаён»га айланиши ҳақида қисса

Аёлни гулга менгзашади. Аслида бу жудаям чиройли ўхшатиш. Аёлга эътибор, меҳр берилса, нозик кўнглига қаралса, гулдек яшнайди, ўзидан меҳр-муҳаббат ифорини таратади, илиқ самимиятга тўлади. Атрофига, яқинларига кулиб боқади. Агар аксинча бўлса-чи? Меҳр ўрнига қаҳр, ширинсўз ўрнига жеркиш, самимият ўрнига адолатсизлик, садоқат ўрнига хиёнат кўрса-чи?

Фото: Getty Images

Аёл кўнгли чил-чил синиб, қаттиқ тошга айланмайдими? Меҳр истаган қалби аламзадаликка тўлмайдими? Ойдек юзларида хўрланганлик аламининг заҳри қотиб қолмайдими? Айни шундай бўлади. Аёл суянишни истайди. Ўзининг бир мард кишиси бўлишини, бешафқат ҳаётнинг ҳамлаларидан ўша кишиси ҳимоя қилишини истайди. Ундай марди топилмаса, аёл хорлик кўрса, у гул эмас чаёнга айланади, чаёнга!

Ëзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад ўзининг «Чаёнгул» номли қиссасида айнан «гул»нинг «чаён»га айланиш ҳолатини кўрсатиб берган.

Сюжет:

Қуйиқишлоқ номли қишлоқда яшовчи Чаман момонинг икки қизи ва бир ўғли бор. Катта қизи Гулгунни қўшни қишлоққа узатган. 4 ёшли набираси ҳам бор. 20 ёшли ўғли Ёқуб Тошкентда ўқийди. Кенжа қизи Гулшод 10-синф ўқувчиси. 

Гулгун турмушга чиққанига 5 йил бўлибди ҳамки ҳалигача қайнона ва турмуш ўртоғи билан тил топишолмайди. Ўша машъум воқеа содир бўлган кун ҳам аразлаб келиб ўтирганди. Помидор теримига икки дугонаси билан чиқиб кетаётган Гулшод опасидан бугун уйда қолиш-қолмасини сўрайди. Гулгун қолмаслигини айтади. 

Гулшод опаси билан озроқ ўтириш мақсадида икки дугонасини жўнатиб юборади. Аслида Гулгун бутунлайга келганди. Буни эса бироз вақт ўтгач айтади. Опасининг уйларида қолишини билган Гулшод дугоналарининг кетидан шошилади. Йўлни қисқартириш мақсадида сўқмоқдан юради. Кимсасиз сўқмоқ бўйидаги анҳорда Ашур исмли қишлоқ йигити балиқ тутаётган бўлади ва Гулшодни ёрдамга чақиради. Гулшод югуриб пақир олиб боради.

Орада Ашур қизнинг гўзаллигидан кўз узолмай қолади ва нияти бузилади. Қизга ташланиб, тегина бошлайди. Қиз ожизлик қилади. Амаллаб қутулиб кетай деган пайт Ашурнинг ҳали гўдак бўлган укаси Акбар келиб қолади ва акамни уряпти деб ўйлаб Гулшоднинг сочидан тортиб, йиқитади. Машъум ҳодиса содир бўлди...

Уйига додлаб келган Гулшодни кўрган Чаман момо адойи тамом бўлади. Воқеа жойига югуришади. У ерда Ашур, Акбар ва уларнинг дадаси Адҳам муаллим турарди. Аёлларнинг жаҳлини босишга ва бир ечимини топишга уринган муаллим 4-5 кундан кейин совчи юборишга ваъда бериб Гулшодларни уйига жўнатади. 

Бир ҳафта ўтибдики совчидан дарак йўқ. Гулгун ва Чаман момонинг юрагига қўрқув тушади. Орада Ёқуб ҳам Тошкентдан келиб кетади. Аммо унга ҳеч нарса айтишмайди...

Бир куни Гулшод мактабда Акбарга дуч келади. Акбар: «Акам сизга барибир уйланмайди. Ойим рухсат бермади. Акамни тоғамларникига жўнатиб юбордик. Дадам касал ётибди», деб айтади. Гулшод қаттиқ тушкунликка тушади. 

Аммо ўзини қўлга олиб, уйидагилар билан очилиб гаплаша бошлайди. Ўша куни қўшнисининг уйида тўй эди. Дугоналари билан тўйга киришга келишади. Чаман момони ҳам киргазиб юборади. Гулгун эса ўша кеч ишхонасида навбатчиликда эди. 

Онаси ва жиянини тўйга юборган Гулшод молхонага кириб ўзини осади...

Энди судга даъво қилишга кеч бўлганини айтишади. Экспертизага эртароқ олиб келинмаганини иддао қилишади. 10 кун олиб ўтирганлари учун ҳеч нарсани исбот қилиб бўлмас эмиш. Ашурни сўроқ қилиб кўришади. Бунданам иш чиқмайди. Бу орада Гулгун аламидан тамом бўлади. Тергов маҳкамасига танда қўяди. Охирги эшитган жавоби эса: «Ўлган ўлди. Кетган кетди. Энди фойдаси йўқ. Ўн кун олиб ўтирмасдан олиб келиш керак эди. Қонун гумонланувчилар тарафида» деган гаплар бўлади. 

Эрдан ёлчимаган, Ашурдан, Адҳам муаллимдан аламзада бўлиб турган, укаси Ёқубдан ҳам умид узган Гулгуннинг тўлиб турган сабр косасига терговчининг бу гапи сўнгги томчи бўлади. У дунёдаги барча эркаклардан нафратланиб қарғанади. Нафрат-у аламлардан ақлини йўқотган аёл пичоқни олади-ю тўғри Ашурникига боради. Бақир-чақир қилади. Аксига олиб ўша кун катталардан ҳеч ким бўлмайди уйда. 

Гулгун уй ичида кимнингдир беркиниб ўтирганини кўради. Беркиниб ўтирган Ашурлигини кўргач ўлжасига ташланган йиртқичдек ҳамла қилади. Ўлжасининг дуч келган жойига пичоқ уради. Бу орада ўзининг ҳам томирлари кесилиб кетади. Ҳушини йўқотаётган Гулгун ғира-ширада шуни англайдики, ёнида қонга беланиб ётган жонсиз тана Ашурники эмас, Акбарники эди...

Таҳлил:

Гулшод ва Ашур ўртасида содир бўлган кўнгилсиз ҳодиса бошдан-оёқ тасодифлар асосида юзага келганди. Бу тасодифларнинг боши Гулгунга, охири эса Акбарга бориб тақаларди. 

Агар Гулгун синглисига ёлғон гапирмаганда, кетаман демаганида Гулшод ўртоқларидан ажралиб қолмасди. Сўқмоқдан юриб Ашурга йўлиқмасди. Ашур ҳам анҳорга атайлаб балиқ тутиш учун келмаганди. Йўқолиб қолган таначасини излаб юрганди. Ўша пайт анҳорда балиқ шалоплаб қолиб, Ашурнинг эътиборини тортади. Гулшод Акбар келиб, акасига ёрдам бермаганда қочиб кетоларди. Афсус, ундай бўлмади. Хуллас, ҳаммаси тақдирнинг сценарийси асосида тасодифлар занжирига боғланган эди. 

Баъзан истамаган, кутмаган ҳолатимизда хато ишга қўл урамиз. Зарар кўрамиз, афсусланамиз. Шундай ҳатоликларимиз борки, ундан нафақат ўзимиз, балки атрофимиздагилар ҳам жабрланади. Гоҳида биздан ҳам кўп жабр тортишлари-да мумкин. Ашур ва Гулшод воқеасида ҳам айни шу ҳолат кузатилни.

Айбни қилган Ашур, жабрини тортган уч бегуноҳ жон бўлди. Асосий доирада Ашур билан Гулшод бўлса, асар сўнгида бу доирадан четдаги Акбар ва Гулгун ҳам нобуд бўлишди. Ҳаммаси биргина ўйланмай қилинган хато оқибати эди. 

Биз ўзбекларда «Одамлар нима дейди, шарманда бўламиз. Ғунажин кўзини сузмаса, буқа ипини узмайди», каби тушунчалар мавжуд. Айни шу тушунчалар сабаб қанчадан қанча Гулшодлар нобуд бўляпти, тили қисиқ яшаяпти. Агар одамларни гапидан қўрқилмаганда, шарманда бўламиз дейилмаганда вақтида ички ишларга мурожаат қилинарди. Айбдор жазоланарди. Барча кўнгилсизликларнинг олди олинарди. Аммо ундай қилинмади. Аҳмоқона андишаларга амал қилинди. Оқибат нима бўлди?!

Нега зиғирчаям айбсиз бўлган, аксинча, номуси топталган Гулшод шарманда бўлиши керак эди? Аҳир у ўзи истамади-ку. Қаршилик кўрсатди-ку! Қачонгача Ашур сингари нафс бандалари осон қутулиб қолиши керак? Нега доим аёл киши айбдор бўлиши шарт ҳар қандай ҳолатда? Бу адолатсизлик эмасми?!

Айнан шу фикрлар Гулгунни қутуртирганди. Унга алам қилганди. У бутун эркаклар борасида қўлни ювиб қўлтиққа урганди. Ҳеч кимга ишонмай, суянмай қўйгани учун ҳам қўлига пичоқ олди. Бу ҳаракати орқали фақат Ашурга эмас, бутун дунё эркакларига, шу билан бирга, халқимизнинг бемаъни ва зарарли тушунчаларига, аёлни айбли сановчи стереотипларига очган жанги эди. 

Аёл катта куч. Унинг ичида шер ухлайди. Гулгун эса гул эди. Аммо ҳаёт, одамлар, умуман, жамият уни гулдан чаёнга айланишга мажбур қилганди…

Гуласал Қодирова

Мавзуга оид