Ўзбекистон | 14:52 / 25.11.2023
4493
5 дақиқада ўқилади

“Нигоҳ” – ҳаётга ўзгача нигоҳ билан боқишга ундовчи асар

Баъзан шундай инсонларни учратиб, нега ўзини бунчалик қийнаб яшаркан деб ўйлаб қоламиз. Бундай инсонлар кўзимизга жуда ланч, ҳаётдан хафа, шунчаки нафас олиш учунгина яралгандек туюлади. Аммо аслида улар ўз қобиғига ўралиб олганлардир. Ўзларининг ҳар бир хатти-ҳаракатига керагидан ортиқ эътибор бериб, заруридан зиёд ўйлайди. Оқибатда майда-чуйда икир-чикирларга ўралашиб, ҳаётдан завқ олиш фурсатларини ўтказиб юборишади.

Таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Нигоҳ” қиссаси бош қаҳрамони Бек ҳам айни шундай инсон эди. Токи ҳаётида бир воқеа содир бўлмагунга қадар...

Сюжет:

Бек трамвай ҳайдовчиси бўлиб ишлайди. Тонг қоронғисида кетиб, бутун шаҳар ухлаганда кириб келади. Болалари ҳам кунлаб дадасини кўролмайди. Ҳаёти шу тарзда ўтиб борарди. Бир куни трамвай йўлига чиқиб кетган “Волга”ни уриб юборади. Уриб юбормаслиги ҳам мумкин эди-ю, бир лаҳза унга нимадир бўлди. Қандайдир ғайриихтиёрий куч тормозни босишга изн бермади. 

Шундан сўнг Бекнинг ҳаёти ўзгара бошлади. Унга вақтинчалик таътил беришди. “Волга” эгаси уни жавобгарликка торттирди. Машина ичидаги аёлнинг юраги ёрилгудек бўлиб қўрққанидан касалхонага тушганди. Ўша аёлнинг воқеа содир бўлган лаҳзадаги қўрқинч нигоҳи Бекнинг кўз ўнгида сақланиб турар, тушларига ҳам кириб чиқарди. 

Бек релсдан чиқиб кетган поезддек нима қиларини билмас, кунларини мужмал, чалкаш ўйлар билан ўтказар, автотураргоҳга бориб ҳеч ишни битирмай, ортга суриб қайтар эди. Ҳамкасбларининг қистови билан аёлни кўргани бир марта касалхонага боради. Аёл унга шундай нигоҳ билан боқадики, Бек шу дақиқадан ўз ҳаётига нигоҳ ташлай бошлайди. Аслида у аллақачон “Волга” эгаси билан келишишга уринган, ишни бости-бости қилишга тиришган, аёлнинг олдига ҳам тез-тез бориб хабар олган бўлиши керак эди. Аммо Бек ўзининг ғалати табиати сабаб бу ишларни қилишни хаёлига ҳам келтирмас эди.

Бек ўзини ўзи таҳлил қилиб, сиқилиб юрган кунларининг бирида Ўктам исмли ёшликдаги дўсти келади. У билан лағмонхонага кириб суҳбатлашишади. Суҳбатдан Бек англайдики, аслида ҳаётда инсон Ўктам сингари тиниб-тинчимай, завқ олиб, очилиб яшаши, озгина ҳушёр бўлиши лозим экан. Акс ҳолда ҳаёт одамни поллаттадек пийпалаб ташлаши ҳеч гап эмас экан...

Таҳлил:

Бек ҳаётида содир бўлган воқеалар ва автоҳалокатдан кейин оламга ўзгача нигоҳ билан қарай бошлайди. Бу воқеа яъни бахтсиз ҳодиса Бекнинг ҳаётида бурилиш ясайди. У аввал оддийдек қарайдиган, гоҳида эътибор ҳам бермайдиган нарсалар шундан кейин унинг нигоҳида ўзгача тус олади. Бу қиссада яна инсонларнинг нигоҳларидаги моҳиятлар ҳам айтилади, яъни автоҳалокат чоғида трамвай билан тўқнашган машинадаги аёлнинг нигоҳида худди ўша аёлнинг бутун бир умрини кўрса бўларди. 

Бек ёмон инсон эмасди. У шунчаки ишга муккасидан кетиб, ҳаётда яшаши ҳам кераклигини унутиб қўйганди. Ўз қобиғига ўралиб, атрофдагиларга лоқайд боқадиган, фақат ўз ташвиши билан овора бўлиб анча “майдалашган”ди. Автоҳалокат орқали ҳаёт уни “туртиб” ўзига келтирганди. Ҳаётнинг турткиси беиз кетмади. Бек чиндан ҳам ҳушига келган, энди ўзининг оддий шахс эмас, балки инсон эканини, жамият билан, инсонлар билан узвий боғлиқлигини ва бу боғликликдан ажралиш имконсизлигини, аслида ажралишга ҳожат ҳам йўқлигини тушунади. 

Бепарволик хавфли нарса. Инсон атрофидаги воқеалардан, яқинлари кечмишларидан хабардор бўлиб туриши, эътибор бериши жудаям зарур. Акс ҳолда киши мувозанатни йўқотиб қўйиши, ўзига нисбатан атрофидагилардан ҳам бепарволик ва меҳрсизлик кўриши турган гап. Бу тушунчаларни қаҳрамонимиз ўз вақтида тушуниб етди ва ички зиддиятларига барҳам бериб, аслида қандай яшаш лозимлигини англади.

Асарда автотураргоҳ қоровулига ҳам батафсил тўхтаб ўтилади. Қоровул чол урушда қатнашиб келган, келгунига қадар ота-онаси ўтиб кетган, туғишганлари ота уйларини сотишмоқчи бўлиб туришган эди. Чол бунга қаттиқ қаршилик кўрсатади. Ўзига тегишли улуш ҳисобланган бир парчагина ерни сақлаб қолади. Катта ҳовлининг қолган қисми автотураргоҳ ҳисобига ўтиб кетади.

Қоровул чол орқали ота-она хотираси, урф-одат ва анъаналарга бўлган муносабат кўрсатилган. Анъана ва қадриятлар ҳурмат қилинмаса, бу нарса яхши оқибатларга олиб келмаслиги тасвирланади.

Ҳаёт кўп ҳолатларда бешафқатлиги ҳаммага маълум. Озгина мувозанатни йўқотгудек, руҳий зиддиятларга енгилгудек бўлсак, “бўшлик” қилсак аяб ўтирмаслиги аниқ. Шундай экан, доим дадил, курашувчан, ҳушёр яшашимиз зарур...

Гуласал Қодирова, китобхон

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Мавзуга оид