Нигерда ҳарбийлар президент ағдарилганини эълон қилди
Нигер президенти Муҳаммад Базум ўз қўриқчилари томонидан қўлга олинган. Ғарбий Африка давлатидан бир-бирига зид бўлган хабарлар келяпти.
Нигер президент гвардияси аскарлари мамлакат раҳбари Муҳаммад Базумни қўлга олди. Исёнчилар пойтахт Ниамейдаги президент саройини блоклаб қўйган. Шу билан бирга, бино ҳудудида вазият тинчлигича қоляпти, отишма кузатилмаган.
Ҳарбийлар миллий телевидение орқали президент Муҳаммад Базума ағдарилгани ҳақида эълон қилди.
Улар шунингдек конституция ва барча давлат институтлари фаолияти тўхтатилгани ҳамда мамлакат чегаралари ёпилганини маълум қилган.
Генерал-полковник Амаду Абдураҳмон тўққиз нафар ҳарбий хизматчи қуршовида турган ҳолда телевидение орқали чиқиш қилди.
«Биз, мудофаа ва хавфсизлик кучлари сиз билган режимга барҳам беришга қарор қилдик. — деган телемурожаатида генерал. — Бу хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашуви ҳамда иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги қониқарсиз бошқарув туфайли бўлди».
Унинг сўзларига кўра, вазирликлар раҳбарлари ўз кундалик вазифаларини бажаришда давом этади.
«Барча ташқи ҳамкорлардан аралашмаслик сўралади, — дея давом этган генерал. — Чегаралар вазият барқарорлашмагунича ёпилади».
26 июл куни Муҳаммад Базум Ниамейдаги қароргоҳида президент гвардияси аскарлари томонидан қамалда қолгани маълум бўлганди. Шу билан бирга, президент офисидагилар республика қуролли кучлари президент гвардияси аскарлари исёнини қўллаб-қувватламаётганини маълум қилганди.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳамда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш исёнчилар томонидан ўз саройида тутиб турилган президент Базумга қўнғироқ қилишган ва уни қўллаб-қувватлашларига ишонтиришган.
Ғарбий Африка мамлакатлари минтақавий иттифоқи (Ecowas) Нигердаги исёнга уриниш ҳақида эълон қилди ва уни кескин қоралади. Бенин президенти Патрис Талон музокарачи сифатида Нигерга йўл олди.
Шунингдек, ўзини Ватан мудофааси бўйича миллий кенгаш деб атаган янги ҳарбий хунта мамлакатда маҳаллий вақт билан соат 22:00 дан 05:00 га қадар комендантлик соати жорий этган.
Jeune Afrique нашрига кўра, Базумнинг президент гвардияси қўмондони генерал Умар Чианини ишдан олиш нияти исёнга сабаб бўлган бўлиши мумкин. Чиани собиқ президент Муҳаммад Иссуфу давридан буён шу лавозимда эди.
Нигер — Ғарбий Африканинг денгизга чиқиш имкони йўқ давлатларидан бири ҳисобланади. Мамлакат аҳолиси — 25 млн киши атрофида, умумий майдони — 1,267 млн кв. км (дунёда 21-ўрин).
Нигер Африкадаги энг қашшоқ ва «тўнтаришларга энг мойил» давлатлардан бири, деб ёзади AFP.
Муҳаммад Базум — 2021 йилги сайловларда ғалаба қозониб, Нигернинг еттинчи президентига айланган. Базум қасамёд қабул қилишидан бироз аввалроқ, 2021 йил мартида Нигерда давлат тўнтаришига уринишининг олди олинганди.
Президент Базум Франциянинг яқин иттифоқчиси саналади. У олдинги президент даврида ИИВ ва ТИВ раҳбари лавозимларида ишлаган.
1960 йилда Франциядан мустақиллик қўлга киритилганидан буён Нигерда тўрт бор давлат тўнтариши амалга оширилган, шунингдек бир неча уриниш муваффақиятсизликка учраган.
Мамлакатда сўнгги давлат тўнтариши 2010 йил февралида рўй берган ва президент Мамаду Танджанинг ағдарилиши билан якунланган.
Нигерда жангарилар ҳам фаол ҳаракатланади. Бундай гуруҳлардан бири мамлакат жануби-ғарбига 2015 йилда қўшни Малидан кириб келган, иккинчиси жануби-шарқда ҳаракатланади, бу гуруҳ базаси эса қўшни Нигериянинг шимоли-шарқида жойлашган.
Мамлакатда ҳам «Ал-Қоида», ҳам ИШИД билан алоқадор гуруҳлар фаолият юритади.
Яқинда қўшни мамлакатлар - Мали ва Буркина-Фасода - жиҳодчилар ташаббуси билан амалга оширилган давлат тўнтаришлари рўй берганди.
Нигердаги воқеалар 27-28 июл кунлари Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган Россия-Африка саммити арафасида ривожланмоқда.
Африка мамлакатларининг кўпчилик етакчилари саммитда қатнашишдан бош тортган.
ТАСС агентлиги ўз манбасига таяниб хабар беришича, Базумнинг саммитга ташрифи режалаштирилмаганди. Агентлик маълумотига кўра, Нигернинг бошқа расмийлари ҳам иштирокчилар рўйхатида йўқ.
«Нигер саммит ишида қатнашмайди, бу сўнгги воқеалар билан боғлиқ эмас», - деган бошқа бир манба РИА Новости агентлигига.
Мавзуга оид
21:35 / 15.10.2024
Мадуро Илон Маскни Венесуэлада давлат тўнтаришига уринишда айблади
20:33 / 18.09.2024
Арманистонда давлат тўнтаришига уринишнинг олди олинди
11:30 / 17.09.2024
Пентагон Нигердан АҚШ кучларини олиб чиқишни якунлади
19:59 / 15.09.2024