Жаҳон | 19:54 / 31.07.2023
15146
2 дақиқада ўқилади

Дембеле ва «ПСЖ» ўртасидаги келишув тасдиқланди. «Барса» олдида икки йўл қолди

Усмон Дембеле янги мавсумни Франция чемпионатида бошлаши кутилмоқда.

Фото: Getty Images

Инсайдер Фабрицио Романо хабарига кўра, «ПСЖ» ва Дембеле ўртасида 30 июль, якшанба куни 5 йиллик шартнома имзолангани тасдиқланган.

Франциялик футболчининг агенти Мусса Сиссоко Ла Лигадан Дембеленинг «ПСЖ»га ўтишини тезроқ расмийлаштиришни сўраган. Сабаби, футболчи ва Каталония клуби ўртасидаги келишув шартларига биноан, Дембеленинг клубдан 50 миллион евро товон пули эвазига тарк этиш шарти 31 июль куни соат 23:59гача амал қилади.

«Барселона» олдида икки йўл қолди – 50 миллион евро товон пули таклифини қабул қилиш ёки Дембеле билан бир йилдан кейин эркин агент сифатида хайрлашиш. Каталония клуби президенти Жоан Лапорта «ПСЖ» раҳбариятининг таклифидан норози бўлса-да, футболчининг ўзи Париж клубига кўчиб ўтишни истамоқда.

Қайд этиш жоиз, Дембеле ва «Барса» ўртасидаги ўтган йилги шартномага биноан, 50 миллион евролик товон пулининг фақат ярми клуб ҳисоб рақамига ўтказилади, қолган 25 млн еврога Усмон эгалик қилади.
 
Эслатиб ўтамиз, 26 ёшли вингер 2017 йил «Боруссия»дан «Барса»га 105 млн евро эвазига ўтганди. Томонлар 2022 йилда келишувни 2 йилга узайтирганди.

Мавзуга оид