Ўзбекистон | 22:22 / 31.07.2023
51258
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ўқитувчилар маоши: улар камбағаллашмоқда

Ўқитувчилар Люксембургда йилига 104 минг доллар, Германияда эса 85 минг доллар маош олишлари мумкин. Қозоғистонда ўқитувчиларнинг ўртача ойлик даромади 718 долларни ташкил этса, бу миқдор Ўзбекистонда 252 долларга тенг. Ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг маошлари ўсиши бошқа касблар вакилларига қараганда сезиларли даражада секин кетяпти.

Фото: Kun.uz

Ҳар қандай давлатда ривожланишнинг асосий омилларидан бири бу – мамлакатдаги таълим ва илм фанга бўлган эътиборнинг даражаси.

Буни Европа мамлакатлари, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Сингапурнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Шу жиҳатдан, ривожланган давлатларда ўқитувчилик энг юқори ҳақ тўланадиган мутахассисликлардан бири ҳисобланади. Уларнинг давлат ривожи ва тараққиёти учун қўшаётган ҳиссаси муносиб қадрланади.

World оf Statistics таҳлилларига кўра, ўқитувчилар энг кўп маош оладиган давлатлар рейтинги қуйидагича:

1.    Люксембург – 104 845 доллар;

2.    Германия – 85 048 доллар;

3.    Нидерландия –70 899 доллар;

4.    Канада – 70 331 доллар;

5.    Австралия – 68 607 доллар;

6.    АҚШ – 63 531 доллар;

7.    Ирландия – 62 336 доллар;

8.    Дания – 62 300 доллар;

9.    Жанубий Корея – 60 184 доллар;

10.  Австрия – 57 637 доллар;

11. Янги Зеландия – 52 698 доллар;

12. Норвегия – 50 677 доллар;

13. Испания – 50 547 доллар;

14. Япония – 49 355 доллар;

15. Швеция – 49 231 доллар;

16. Словения – 48 203 доллар;

17.  Финландия – 45 771 доллар;

18. Исландия – 45 371 доллар;

19. Португалия – 44 412 доллар;

20. Колумбия – 43 073 доллар.

Ўзбекистонда ўқитувчилар қанча пул топишади?

Ўзбекистонда охирги марта 2023 йилнинг 1 майида бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 7 фоизга оширилганди. Айни пайтда ўқитувчиларнинг лавозими ва малака даражасидан келиб чиқиб олаётган ойликлари миқдори қуйидагича:

Мактаб директори:

  • 3 млн 816 минг 991 сўм (400 ўқувчигача);
  • 4 млн 75 минг 625 сўм (401-880 ўқувчигача);
  • 4 млн 321 минг 742 сўм (881-1600 ўқувчигача);
  • 4 млн 571 минг 684 сўм (1600дан ортиқ).

Директор ўринбосарлари:

  • 3 млн 564 минг 956 сўм (400 ўқувчигача);
  • 3 млн 816 минг 991 сўм (401-880 ўқувчигача);
  • 4 млн 75 минг 625 сўм (881-1600 ўқувчигача);
  • 4 млн 321 минг 742 сўм (1600дан ортиқ).

Мактаб ўқитувчилари:

  • Ўрта махсус маълумотли ўқитувчи – 2 млн 575 минг 884 сўм;
  • Олий маълумотли мутахассис ўқитувчи – 2 млн 755 минг 648 сўм;
  • Иккинчи тоифали ўқитувчи – 3 млн 85 минг 100 сўм;
  • Биринчи тоифали ўқитувчи – 3 млн 437 минг 741 сўм;
  • Олий тоифали ўқитувчи – 3 млн 798 минг 941 сўм.

Йилдан йилга камбағаллашаётган ўқитувчилар

Жорий йилнинг январь-март ойлари якунларига кўра, Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 4 млн 92 минг сўмни ташкил қилган. Бу даврда таълим соҳаси вакилларининг ўртача иш ҳақи 2 млн 930 минг сўм бўлган.

Таълим соҳаси бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбати 71,6 фоиз. Бу кўрсаткич 2022 йилда – 73,5 фоизни, 2021 йилда 78 фоизни ташкил этган. Яъни таълим соҳаси вакиллари йилдан йилга бошқа соҳа вакилларига нисбатан камбағаллашиб бораётганини кузатиш мумкин.

Ўқитувчилар ойлик иш ҳақининг йиллар кесимида ўзгариши:

  • 2019 йил – 1 млн 695 минг сўм;
  • 2020 йил – 2 млн 89 минг сўм;
  • 2021 йил – 2 млн 242 минг сўм;
  • 2022 йил – 2 млн 513 минг сўм;
  • 2023 йил – 2 млн 930 минг сўм.

Агар индивидуал соҳалар ўзаро таққосланса, иш ҳақининг тармоқлар кесимидаги тенгсизлигини аниқроқ кузатиш мумкин.

Жумладан, 2019-2023 йиллар оралиғида молия ва суғурта фаолиятида банд бўлган ходимларнинг ойлик маоши 3 баробарга (3,7 млн сўмдан 11 млн сўмга), ахборот ва алоқа соҳасида 2,7 баробарга (3,4 млн сўмдан 9,3 млн сўмга), ташиш ва сақлаш соҳаси 2,3 баробарга (2,7 млн сўмдан 6,1 млн сўмга) ошган бўлса, бу кўрсаткич таълим соҳасида атиги 1,7 баробарни ташкил этган.

Россия ва Қозоғистон мисолида қиёсий таҳлил

Қозоғистон миллий статистика бюросининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида қўшни республикада ўртача ойлик иш ҳақи 340 минг 636 тенгени (765 доллар) ташкил этган. Ушбу даврда ўқитувчиларнинг ўртача иш ҳақи эса 319 минг 500 тенге (718 доллар) бўлган. Бу мамлакатдаги ўртача иш ҳақининг 94 фоизини ташкил этади.

Росстатнинг қайд этишича, 2023 йил март ойи якунлари бўйича мамлакатдаги номинал ўртача иш ҳақи 71 минг 334 рубль (779 доллар) бўлган. Ўқитувчиларнинг ўртача номинал ойлик даромади эса жорий йилнинг биринчи чорагида 51 минг 772 рублни (564 доллар ёки ўртача иш ҳақининг 73 фоизи) ташкил қилган. Россияда ўқитувчиларнинг даромадлари ҳудудлар кесимида кескин фарқ қилади. Хусусан, Москва шаҳрида бу миқдор 107 минг рублни ташкил қилса, Ингушияда 25 минг 250 рублга (275 доллар) тенг.

Қирғизистонда ўқитувчиларнинг ўртача маоши тахминан 255 долларни, Тожикистонда эса 120 долларни ташкил этади. Туркманистон бўйича маълумотлар мавжуд эмас.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид