16 та туман-шаҳар ҳокимларининг 1-ўринбосарлари лавозимидан олинди
Бу ҳудудларда камбағаллик даражаси юқорилигича қолаётгани айтилди. Шунингдек, оилавий тадбиркорликка ажратилган кредитларнинг муаммолига айлангани ва мақсадсиз сарфлангани сабаб банк тизимидаги 7 нафар раҳбар бўшатилади, 15 та туман-шаҳардаги банкларнинг раҳбарларини тўлиқ янгилаш масаласида кўриб чиқилади.
Президент Шавкат Мирзиёев, кўплаб шароитлар яратиб берилганига қарамасдан, камбағаллик даражаси юқорилигича қолаётган туманларни санаб ўтди.
Бундай ҳолат – Бекобод, Бўка, Қўшкўпир, Шаҳрихон, Қонликўл, Тахтакўпир, Чимбой, Мирзаобод, Боғот, Улуғнор, Хўжайли ва Шуманай туманларида кузатилмоқда.
Тадбиркорлик соҳасида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича Мирзачўл, Дўстлик, Тўрақўрғон туманлари ва Наманган шаҳрида ишлар суст ташкил этилган.
Шу муносабат билан Бекобод, Бўка, Қўшкўпир, Шаҳрихон, Қонликўл, Тахтакўпир, Чимбой, Мирзаобод, Боғот, Улуғнор, Хўжайли, Шуманай, Мирзачўл, Дўстлик, Тўрақўрғон туманлари ва Наманган шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари лавозимидан озод этилди.
Ишдан олинган амалдорлар:
- Наманган шаҳар ҳокими биринчи ўринбосари Рустам Исоқов;
- Тўрақўрғон тумани ҳокими молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Элёржон Исматуллаев;
- Мирзачўл тумани ҳокими молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Жаҳонгир Лапасов;
- Шуманай тумани ҳокими биринчи ўринбосари Аскарбай Калжанов;
- Хўжайли тумани ҳокими иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Куатбек Кудайбергенов;
- Боғот тумани ҳокими биринчи ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи Қаҳрамон Ражабов;
- Чимбой тумани ҳокими иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Азамат Молдахметов;
- Тахтакўпир тумани ҳокими молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Даулетбай Жанабаев;
- Қонликўл тумани ҳокими молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Фарҳод Холмуратов;
- Шаҳрихон тумани ҳокими молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Раҳматилло Раззақов;
- Қўшкўпир тумани ҳокими молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Санжарбек Ўразметов;
- Бўка тумани ҳокими молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шерали Ярбеков;
- Бекобод тумани ҳокими молия-иқтисод ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Сирожиддин Бекназаров;
- Улуғнор тумани ҳокими молия иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ҳусанбой Раҳимов.
“Биз маҳалладаги ишсиз аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, бизнесини бошлаши учун ҳар йили ўнлаб триллион сўмлик кредит ва субсидиялар ажратаяпмиз. Лекин, уларнинг самарадорлигини баҳолайдиган тизим йўқ”, – деди Президент.
Мисол учун, сўнгги уч йилда 300 минг ишсиз аҳоли касбга ўқитилган бўлса-да, уларнинг атиги 45 фоизи доимий иш билан таъминланган. Ваҳоланки, бу ишларга қарийб 1 триллион сўм бюджет маблағлари йўналтирилган.
Шунингдек, жами 17 та мономарказда IT, агротехнологиялар, дизайнер, электрон тижорат, логистика, реклама иши, маркетинг каби юқори даромадли замонавий касбларга, хорижий тилларга ўқитиш улуши 5 фоизга ҳам етмайди.
Ажратилаётган субсидиялар эгаларига етиб бормаётгани бўйича ҳам аҳолида эътирозлар кўплиги таъкидланди.
Маҳалла раислари ва ҳоким ёрдамчилари бандлик, ёшлар ва аёллар жамғармалари орқали берилаётган субсидиялар, оилавий кредитлар ҳисобидан меҳнат қуроллари ва тадбиркорлик учун зарур маҳсулотларни харид қилиш тизимидан норози.
Маблағлар аҳолига тўғридан тўғри берилмасдан, Маҳаллабай ва Ёшлар агентликлари ҳамда Марказий банкнинг маркетплейслари орқали тендерларда ғолиб бўлган таъминотчиларга ўтказиб берилади.
Яъни, аҳолида танлов йўқ, агентлик ёки банкнинг электрон платформаларидаги сотувчилар нимани қанча нархда таклиф қилса, аҳоли шуни олишга мажбур. Аҳолида танлаш имконияти етмаганидай, таклиф қилинаётган маҳсулот ва хизматлар бозордан 20-25 фоиз қиммат.
Бош прокуратура, Ҳисоб палатасига имтиёзли маблағлар ҳисобидан аҳолига маҳсулот ва хизматлар тақдим қилаётган маркетплейслар фаолияти шаффофлигини текшириш топширилди.
Йиғилишда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида муаммоли кредитлар улуши 19 фоиздан 16 фоизга пасайгани, 6,5 мингдан зиёд маҳаллада муаммоли қарздорлик қолмагани таъкидланди. Лекин, ҳалигача қарийб 3 триллион сўмлик кредитлар қайтмаган.
Банклар кесимида энг кўп муаммоли кредитлар Халқ банки, «Микрокредитбанк» ва «Агробанк» ҳиссасига тўғри келади. Айниқса, Андижон, Наманган, Фарғона, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида ишлар аҳволи қониқарсиз.
Бундан ташқари, ҳудудларда ўтказилган ўрганишларда 2,5 мингта ҳолатда 68 миллиард сўм кредитлар мақсадсиз сарфлангани аниқланган.
Шу муносабат билан:
— Фарғона ва Сирдарё вилоятлари Марказий банк раҳбарларини, Халқ банкининг Наманган ва Сурхондарё, «Агробанк»нинг Андижон ва Фарғона ҳамда «Микрокредитбанк»нинг Тошкент вилоятлари раҳбарларини лавозимидан озод этиш;
— муддати ўтган қарздорлик юқори 15 та туман ва шаҳар банклари раҳбарларини тўлиқ янгилаш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилди.
Мавзуга оид
17:04 / 15.11.2024
Уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратиш тартиби ўзгарди
14:34 / 30.10.2024
2025 йилда қайси йўналишга қанча субсидия ажратилади?
15:50 / 05.10.2024
Томчилаб суғориш тизимини ўрнатганлик учун ҳар бир гектарга 16 млн сўм субсидия ажратилади
10:27 / 14.09.2024