Ўзбекистон | 13:34 / 04.08.2023
17492
8 дақиқада ўқилади

“Новостройка”лар муаммоси. Бир марталик эмас, тизимли ечимлар керак

Тошкентда янги қурилаётган кўпқават уйларда ҳали у, ҳали бу шаклдаги муаммоларнинг охири кўринмаяпти. Шаҳарсоз Темур Аҳмедовнинг Kun.uz'га айтишича, бу муаммолар шаҳар бош режасининг йўқлиги ва назорат механизмлари ишламаётгани билан боғлиқ. Давлат назоратни таъминлолмаётган пайтда харидорларнинг ўзи ташаббусни қўлига олиши керак, дейди у.

Охирги вақтларда Ўзбекистон пойтахтида янги кўп қаватли уй-жойлар билан боғлиқ муаммолар кўпайди. Мирзо Улуғбек туманидаги янги уйнинг деворлари ёрилиб, авария ҳолатига келиб қолгани, Яшнободда олдиндан тўлов қилган ва 300 млрд сўм зарар кўрган харидорлар, Яккасаройда қурилиши чўзилаётган яна бир “новостройка” ва ўтган ҳафтада яп-янги уйдаги лифтдан жасади топилган почтачи аёл. Хўш, нима сабаб бундай муаммолар юзага келмоқда?

Янги уйлар қурилиш ва шаҳарсозлик меъёрларига мувофиқ барпо қилиняптими? Харидорлар нима сабаб куйиб қолишяпти? Kun.uz мухбири мавзу атрофидаги саволларни халқаро тоифадаги шаҳарсоз Темур Аҳмедовга берди.

– Дастлаб риторикдек туюлса-да, сўнгги вақтларда нима сабаб айнан эски эмас, янги турар жой мажмуалари билан муаммо юзага келаётгани ҳақида сўрамоқчиман. Бунинг сабаблари нимада деб ўйлайсиз? Ваҳоланки, пойтахтда иккиламчи бозордан хонадон олаётган юртдошларимиз ҳам талайгина.

– Ўзбекистонда яшаётганимга салкам 3,5 йил бўлиб қолди, шу сабабли асосан мана шу вақт давомида кўриб кузатганларим ҳамда АҚШда орттирган тажрибам асосида саволларингизга жавоб бераман. Яқинда таксида кетаётганимда бир ҳайдовчи йигит “квартира” олиш учун пул йиғиб қўйганини, шаҳарсоз эканимни билгач, бу борада унга қандай тавсия бера олишимни сўради. Шунда мен янги турар жойлардан “квартира” олишни маслаҳат бера олмаслигимни, эски уй-жойларнинг хонадонлари анча чидамли эканини айтдим. Харидор қурувчи компанияни яхши билмаса, қурилиш давомида жараённи ўз кўзи билан кўрмаса, қурилишни текшираётган одамларга ишонч йўқ. Шунинг учун ҳам “новостройка”лардан уй олишни тавсия бермаслигимни айтдим.

Тўғри, аслида янги маҳсулот эскисидан яхшироқ бўлиши керак. Аммо қурилишда бу тушунча сал бошқачароқ. Ҳозирда мавжуд бўлган эски биноларга қарасак, улар ер қимирласа ҳам, об-ҳаво шароити қанча ўзгарса ҳам ҳанузгача турибди. Демак бу бинолар сифатли қурилган, шунинг учун йиллаб турибди, қараб турилса, яна 100 йиллаб ҳам тураверади. Мана шу объектларнинг қандай қурилганига қараш керак. Одамларнинг фикрлашини ўзгартириш, уларга маълумот бериш керак, уларнинг ўзи ҳам буларни ўрганиб бориши керак. Уйларни ўрганмасдан туриб ҳам сотиб оладиган одамлар бор. Лекин уларга кўпроқ маълумот бериладиган бўлса, қурувчиларга савол беришни бошлашади. Шунда тадбиркорлар ҳам ҳаракат қилишга мажбур бўлишади. Ҳеч ким бирор нарсани сўрамаса, талаб қилмаса, шунчаки қуриб бериб юбораверишади.

– Сифат масаласига яна ҳам чуқурроқ кирайлик. Албатта, барча янги кўп қаватли уйлар ҳақида фикр билдириш қийин, аммо жойларда қурилиш меъёрларига амал қилинмаётганини мурожаат қилаётган фуқароларнинг норозилигидан ҳам билиш мумкин. Хўш, бу жараёнда қандай хатоликка йўл қўйиляпти деб ўйлайсиз?

– Энг бошига борсак, бу муаммоларнинг ҳаммаси шаҳарнинг бош режаси билан боғланади. Бош режада қайси ҳудудда қандай объект қурилиши белгиланган бўлади. Булар ҳар бир ҳудуд учун алоҳида ёзиб чиқилиши керак. Илгари ССР вақтида кварталлар бўларди, шу кварталлар қурилаётганда у ерда қанча аҳоли бўлиши, қанча дўкон, қанча ижтимоий объектлар бўлиши кўриб чиқилган ва шу тарзда барпо қилинган. Ўша вақтларда ҳар бир кварталнинг алоҳида ва умумий шаҳарнинг бош режаси бўлган. Яъни маълум жойга айнан белгиланган объект қурилиши лозим, бошқа нарса қуришга рухсат берилиши керак эмас. Масалан, дейлик, бош режада ёзилгандек, меҳмонхона қуришга рухсат берилган, лекин у ерга бошқа бино қуриладиган бўлса, у бузилиши керак. Бузилиб, қурувчидан унинг пули ва лицензия олиниши лозим. Кейин эса қонуний жазо билан қоидани бузган тадбиркор маълум йиллар давомида қурувчилик билан шуғуллана олмаслиги керак.

“Бўлар иш бўлди, бино қуриб бўлинди”, деган нарса бўлиши керак эмас. Чунки бош режа нимага бориб тақалади, албатта, ресурсларга. Яъни электр таъминоти, канализация, сув таъминоти ҳисобга олинади. Ҳудуд учун мўлжалланмаган бинони қуриш бу тизимнинг бузилишига олиб келади.

Қоида бузилганда, бинонинг бузилишини талаб қилишмаса, ҳеч нарса ўзгармайди. Ёки жарима сифатида қурилган объект олиб қўйилиши ёки бузилиши лозим. Қурувчи бўлиб, қоидани мен бузаётган бўлсам, менинг қилган ишим бутун шаҳарнинг бош режасига таъсир қилади.

– Қўшиламан, шаҳарда бош режа бўлиши ва ундаги меъёрлар аниқ-тиниқ қилиб белгилаб қўйилиши лозим. Лекин бу жараёнда яна бир жиҳат бор. Яъни дейлик, бош режа мавжуд, тадбиркор унга асосан ҳудудда мўлжалланган объект қурмоқчи, шаҳар ҳокимияти ҳам бунга рухсат берган. Лекин бино сифати учун қурувчининг ўзи қурилиш меъёрларига нима сабаб амал қилмайди?

– Бу ерда ҳам ўзига яраша тизим, қоида ва унинг босқичлари бор. Ишлар мана шу қоидалар асосида олиб борилиши лозим. Масалан, бинонинг қурилиш режаси, концепцияси тузилиб, уни тегишли ташкилотларга тасдиқлатиш керак бўлади. Ҳужжатлар, лойиҳалар экспертизадан ўтгунича бир нечта қадамлардан ўтиши керак бўлади. Мана шу жараёнда ҳар бир қадамдан ўта туриб, ундаги хатолар тўғриланса, сўнгида қурилиш сифатли чиқиши керак. Лекин бизда бир метод бор, ҳамма ишни параллел олиб боришади. Яъни бир томондан лойиҳани қилишади, иккинчи томондан эса қурилишни бошлаб юборишади. Мен АҚШда ундай амалиётни кўрмаганман, Ўзбекистонга келгач кузатдим. Ҳа, биринчидан бу ҳолат мен учун шок бўлди, кейин яна қаерларда шундай қурилиш қилишаётганини ўрганишни бошладим. Аслини олганда, бошқа давлатларда ҳам параллел равишда ишлаш тизими бор экан. Лекин буни қилиш учун қурилиш ташкилот, ҳокимият – ҳаммаси “Швейцария соати” дейди-ку, мана шундай режимда ишлаши керак. Ҳар бир компания яхши ва вақтида ишлаши керак, мана шу вазиятда қурилишни параллел олиб борса бўлади. Қаердадир чала иш қилинса, у хато қолса, тўғриланмаса, йиғилиб-йиғилиб кетаверади. Сўнгида ҳам уни ҳеч ким тўғриламайди.

Бино учун ер ажратилиши билан то у қуриб битказилмагунча, бошиданоқ ҳар бир қадамда шаҳар ҳокимияти, қурилиш вазирлигининг ўз вазифалари бўлади. Мана шу вазифаларни биринчи навбатда улар бажариши керак. Улар қурувчидан сифатни талаб қилиши лозим. Чунки қурувчи тадбиркорни ҳеч ким ёмон демайди, лекин унинг вазифаси – даромад кўриш. Тадбиркорлар учун қоидалар аниқ бўлиши керак. Бу қоидаларга амал қилса, у рағбатлантирилгани, амал қилмаса, чора кўрилгани яхши.

Қоидаларга қараб, жараённи назорат қиладиган ташкилотлар эса мустақил бўлиб, фақат шу билан машғул бўлиши лозим. Аммо афсуски бу ишлар қилинаётгани йўқ.

  • Интервьюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали кўришингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид