Жаҳон | 10:09 / 04.08.2023
11579
17 дақиқада ўқилади

Трамп яна судланмоқда. Бу сафар барчаси анча жиддийми?

Айблов хулосасида собиқ президент бошчилигидаги фитначилар қандай қилиб сайлов натижаларини ўзгартиришга урингани баён этилган.

Ҳукуматга «ёпишиб олиш» бўйича айблов

АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп устидан суд жараёни бошланмоқда. 3 август куни Вашингтон судида собиқ президентга нисбатан 2020 йилги президентлик сайловлари натижаларини бекор қилишга уринишда расман айблов ўқиб эшиттирилди. Трамп айбни тан олмади.

Прокурорлар Трамп судгача ҳибсга олинишини талаб қилмаётганини билдирди. Аммо собиқ президентга иш бўйича фактларни очиқламаслиги кераклиги ва гувоҳлик бериш учун Колумбия округи федерал судига келиши кераклиги билдирилган.

Навбатдаги эшитув 28 августга белгиланган. Ўша куни суд жараёни бошланиш санаси маълум бўлади.

Трамп бу гал сайловда ютқазганидан кейин давлат бошқарувини сақлаб қолишга интилгани учун судланади.

Ишни ўрганаётган махсус прокурор Жек Смит Трампни тўғридан тўғри Капитолийга босқин уюштиришда айблаётган бўлмаса-да, ўз тарафдорлари ёрдамида қандай қилиб Жо Байдендан сайловдаги ғалабани олиб қўйишга уринганини тушунтириб берган.

Капитолий Трамп тарафдорлари томонидан штурм қилиниши. 2021 йил 6 январ
Фото: Global Look Press/Keystone Press Agency/John Nacion

Трамп ва тарафдорларини нимада айблашди? Исёнчиларнинг режаси қанақа эди?

Трампга қарши навбатдаги айблов Катта федерал жюрилар кенгашида тасдиқлаганидан кейин эълон қилинди. Прокурор Смит хулосага тўртта банд бўйича айбловни киритишга муваффақ бўлган:

  • давлатга қарши фитна;
  • расмий жараёнга халақит бериш мақсадидаги фитна;
  • расмий жараёнга халақит беришга уриниш;
  • «ҳуқуққа қарши» фитна.

Биринчи банд бўйича Трамп 5 йилга, кейинги иккита айблов бўйича эса 20 йилгача қамалиши мумкин. «Ҳуқуққа қарши» исён айби исботланса, Трамп бутун умрга қамалади. Собиқ президент инсонларда сайловга ишончсизлик уйғотиш, жамиятда кескин вазият юзага келтириш, ёлғон ва исботланмаган маълумотлар тарқатишда айбланмоқда.

Прокурор Смит айблов хулосасида Трамп ва исми айтилмаган олти шеригининг хатти-ҳаракатларини беш қисмга ажратган.

1) Сайлов тугаши билан президент ва тарафдорлари гўёки сохталаштириш сабаб «тебранувчи» (сайлов натижалари ўзгариб турадиган) штатларни сайлов натижаларини бекор қилишга чақирган.

Прокурор Трампнинг сайловдаги сохталаштириш ҳақида айтган асоссиз гапларини санаган, шунингдек, Трамп гапираётган гаплари ёлғон эканини билиб турганини айтган. Смитга кўра, вице-президент, Адлия вазирлиги раҳбарлари, штаб ходимлари, адвокатлар ва махсус хизмат раҳбарияти Трампга сайловларда сохталаштириш бўлмаганини билдирганди.

Айблов Трамп ёзган твитлар, телефон қўнғироқлари, президент ва шерикларининг учрашувларини таҳлил қилган ҳолда бешта штат – Аризона, Жоржия, Мичиган, Пенсилвания ва Висконсин ҳақида алоҳида ёзган.

Масалан, прокурор Смит Трамп Мичигандаги сайлов натижаларини ўзгартиришга урингани ҳақида мана бундай ёзган:

  • сайловдан икки кун ўтиб, 5 ноябр куни Трамп «Детройтда номаълум сабабларга кўра натижалар эълон қилиниши кечиккани, охирги бўлак тонгги соат тўртда олиб борилгани» ҳақида айтган;
  • 20 ноябр куни Трамп Оқ уйда Мичиган парламентининг ҳар икки палатаси раҳбари бўлган республикачилар билан учрашиб, уларга Детройтда овозлар қўшиб ёзилганини айтган. Партиядошлари эса Трампга унинг штатдаги мағлубиятига бу эмас, чиндан қўллов етишмагани сабаб бўлганини айтишган;
  • 1 декабр куни бош прокурор билан учрашувда Трамп яна Мичиганда овозлар сохталаштирилгани ҳақида гапирган. Мулозимлар эса бундай бўлмаганини таъкидлашган;
  • кейинги куни Трамп Мичиганда овозлар сохталаштирилгани ҳақида эълон қилади. «149 772 та овоз қўшиб қўйилган. Менинг Детройтда дўстларим кўп ва улар буни билади. Детройт ёппасига коррупциялашган», деган Трамп;
  • 4 декабр куни «1-шерик» Мичиган парламенти қуйи палатаси спикерига смс юбориб, овозлар қўшиб ёзилгани ҳақидаги гапларни такрорлаб, сайлов натижаларини бекор қилдиришга уринади. 7 декабр куни «1-шерик» штат сенати раҳбарига ҳам ёзган;
  • 14 декабр куни Мичиган парламенти ҳар икки палатаси раҳбари штатда овозлар сохталаштирилмагани бўйича позициясини такрорлайди;
  • 6 январ куни Трамп Детройт ҳақида ёлғонни оммавий чиқишида яна такрорлайди.

2) Еттита штатда исёнчилар Байден ўрнига Трампга овоз берган бўлишини айтган сохта сайловчилар бўлганини тасдиқлаган.

2020 йил декабр ойида президент ва шериклари Конгрессга Трампга овоз берилган бюллетенларни олиб бориши керак бўлган гуруҳлар туза бошлайди. Президент ўз режаси ҳақида республикачилар партияси аппарат бошлиғини ҳам огоҳлантиради. Прокурор айблов хулосасида исёнчилар ўз режасини муҳокама қилган электрон почта ёзишмалари, телефон қўнғироқлари ва хатларни санаб ўтган. Уларнинг ўзи ҳам ғояни «аҳмоқона» деб атаган. Улар Аризонадаги мулозимлар бу давлат тўнтариши экани ҳақида айтганини муҳокама қилган.

Ўз навбатида, республикачилар еттита штатда муқобил сайловчилар гуруҳини тузади. Аммо уларнинг аксари қонун-қоидаларга риоя қилмайди: масалан, Мичиганда сайловчилар келишилган кунда штат Капитолийсида йиғилиши керак эди. Сохта сайловчилар эса маҳаллий республикачилар офиси ертўласида ўтиришади. Улар сенатга юборилган ҳужжатларда бошқа штатлардаги сохта сайловчилар каби барча талаблар бажарилганини айтишади.

3) Исёнчилар сохталаштириш ҳақида иддаолар устидан расмий текширув бошланиши талаби билан Адлия вазирлигига босим ўтказишади.

Прокурор Смит хулосада Трампнинг «4-шерик» билан декабрда ўтказган учрашувини ҳам киритади. Бу учрашув махфий ўтган, мулозим буни раҳбариятидан сир тутган. Ички тартибга кўра бу мумкин эмас. Адлия вазирлигида сиёсий таъсирнинг олдини олиш мақсадида амал қиладиган жиддий протоколлар мавжуд.

Бу учрашувдан кейин «4-шерик» вазирлик раҳбариятини, ҳатто бош прокурорни сайловда сохталаштириш бўлгани, сохта сайловчилар легитимлиги ҳақида расмий хат имзолашга ундай бошлайди. Трампнинг ўзи ҳам телефон суҳбатлари давомида бир неча марта мулозимлардан ёрдам беришни сўраган, акс ҳолда уларни бўшатиб ўз шеригини қўйишига ҳам ишора қилган.

4) Трамп вице-президентдан обрўсидан фойдаланиб сайлов натижаларини ўзгартиришда ёрдам беришни сўрайди.

Республикачи вице-президент Майк Пенс 2021 йил 6 январдаги Конгресс қўшма сессиясида сайлов натижаларини тасдиқлаши керак эди. Исёнчилар эса Пенс сохта сайловчилар бюллетенлари легитимлигини тан олишига умид қилишади.

Трамп декабр ойи ўрталаридаёқ Пенсга босим ўтказишни бошлаб, ўзаро учрашувларда унга овозларни сохталаштиришгани ҳақида гапириб берган ва шу тариқа «тебранувчи» штатлардаги Байденга берилган овозларни тасдиқламасликни сўраган. Президент ҳатто Адлия вазирлигидагилар унинг қоидабузарлик ҳақида айтганларига қўшилишини айтиб ёлғон гапиради. 1 январ куни Трамп Пенсга қўнғироқ қилиб сайлов натижаларига аралашишдан бош тортгани учун койиган. Смит бу ерда катта эҳтимол Пенснинг ўзи айтган гапларига ишора қилган. Собиқ вице-президентнинг эслашича, Трамп уни «керагидан ортиқ тўғри одам» деб атаган.

Пенс исёнчилар режасига қўшилмагач, Трамп унга оммавий тарзда босим қила бошлайди. У твитлари орқали Пенсни «яхшилаб ўйлаб олиш»га чақиради. Ҳатто Пенс унинг ҳақлигини тан олганини иддао қилади. Трампнинг тарафдорлари Оқ уй олдида йиғилганида президент уларга қарата шундай дейди: «Майк тўғри танлов қилишига умид билдираман».

Доналд Трамп ва Майк Пенс. Фото: Anna Moneymaker / Getty Images

5) Президент ва бошқа исёнчилар Капитолийга босқиндан фойдаланиб конгрессменларни ўз режаларини қўллашга чақиради.

Прокурор Смит Трампни тўўғридан тўғри Капитолийга ҳужумда айбламайди, аммо собиқ президент бунга шароит яратиб бергани, кейинчалик юзага келган хаосдан фойдаланиб қолмоқчи бўлганини айтади. Прокурорга кўра, Трампнинг маслаҳатчилари уни тарафдорларини тинчлантиришга чақирган. Аммо Трамп одамлар айнан «сайлов натижалари сохталаштирилгани»дан норози эканини таъкидлаган.

Трампни ёлғиз қолдиришгач, у твиттердаги саҳифасида «Пенсда қатъият етишмади» деб ёзди. Бир дақиқа ўтиб эса вице-президентни Капитолийдан эвакуация қилишади. Чунки оломон уни осишни талаб қилаётганди.

Конгресс йиғилиши тўхтатиб қўйилади. Бу вақтда Трамп ва «1-шерик» Вакиллар палатаси аъзолари ва сенаторларга қўнғироқ қилиб, жараённи секинлаштиришни сўрайди. Шундай бўлса-да, 7 январ куни соат 03:41 да сайлов натижалари расман тасдиқланади.

Июл ойи ҳолатига кўра 1100 киши Капитолийга босқинда айбланган. Тартибсизликлар вақтида исёнчилардан бири ўққа учиб ҳалок бўлган, яна 4 киши турли сабаблар билан вафот этган.

Трамп ўз устидан очилган ишни совет иттифоқидаги диссидентларга қарши ишга ўхшатди. Унинг фикрича, бу нарсалар қайта сайланишига халақит бера олмайди. Трампнинг адвокатлари бу жараённи сўз эркинлигига ҳужум деб атаган.

Суд иши Трампнинг сайлов кампаниясига қандай таъсир кўрсатади?

Трамп ҳозирда республикачилар партиясининг ягона номзоди бўлиш учун асосий даъвогар. 11 нафар республикачи қатнашаётган сўровларда Трамп 50 фоиздан кўп овоз олиб келмоқда. Унинг ягона кучли рақиби Флорида губернатори Рон Десантис. Аммо бу губернаторнинг рейтинги ойдан ойга тушиб бормоқда. Унинг сайлов кампаниясида бюджет яхши эмас, Десантиснинг ўзи ҳам оммавий чиқишларида нотабиий кўринмоқда.

Трамп устидан очилган суд ишлари ҳозирча унинг рейтингига қандайдир таъсир кўрсатгани йўқ. Апрел ойидаги суд ишидан кейин Трампнинг республикачи вакиллари уни ҳимоя қилишга мажбур бўлишди ҳам. Махфий ҳужжатларни ўз уйида сақлагани бўйича иш эса рейтингга деярли таъсир қилмади.

Аммо ҳозир ҳолат бошқача. Ню-Йорк судида кўрилган ишда Трампга айбловни 50 фоиз одам жиддий қабул қилган бўлса, сайлов натижаларини ўзгартиришга уриниш бўйича айбловни 71 фоиз респондент жиддий деб ҳисоблаган. Трамп даврида вице-президент бўлган Майк Пенснинг ўзи ҳам сайловда иштирок этмоқчи. Пенс «ўзини конституциядан баланд қўйган одам президент бўлмаслиги керак» деди Трампни назарда тутиб. Бу баёнот жиддий қабул қилинмоқда.

Ҳар қанча ғалати эшитилмасин, Трамп учун сайлов кампаниясини олиб боришда пул етишмовчилиги ҳам муаммо бўлиши мумкин. Йил бошида сайлов кампанияси учун тўлов қиладиган ташкилот ҳисобида 18 миллион доллар бўлган. Адвокатларга тўлов қилинганидан кейин эса ўша пулдан 4 миллион доллар қолган. Етмаганига Трамп сайлов кампанияси учун тушган пулларнинг 10 фоизини ҳуқуқий хизматларга сарфлашга мажбур бўлмоқда.

Трампга қарши янги айбловдан кейин унинг штаби ўқувчиларига сўров юборди. Олдинги ишлардан кейин Трампнинг фондига бир неча миллион доллар пул тушганди.

Устидан очилган бир нечта суд эса Трамп учун янги муаммолар келтириб чиқаради. Август ойида Жоржияда унга қарши янги иш очилади. Ню-Йоркда очилган суд иши 2024 йил 25 мартда кўрилиши белгиланган. Бу вақтда айни праймериз қизиган бўлади. Яширилган махфий ҳужжатлар бўйича суд иши Флоридада 2024 йил 20 майга белгиланган. Бу вақтда катта эҳтимол оралиқ сайловлар ўтиб бўлган, лекин Трампнинг номзоди партия съездида тасдиқланмаган бўлади.

Аммо Трампга қарши айбловларнинг бирортаси исботланиб, у қамалса ҳам, бу уни сайланиш ҳуқуқидан маҳрум қила олмайди. АҚШ қонунчилигига кўра, қамоқхонадаги одам ҳам президентликка номзодини қўйиши мумкин.

Сара Смит, BBC мухбири

АҚШ Адлия вазирлиги махсус прокурори Жейк Смитнинг айтишича, 2021 йил 6 январдаги Капитолийга ҳужум ёлғон орқали «аланга олдирилган». Прокурор матбуот анжуманида 45-президент Доналд Трамп тилидан чиққан ёлғонлар ҳақида гапирди.

АҚШ собиқ президентига қарши бу галги 45 саҳифадан иборат айблов хулосасида унинг нохолис одам экани, жуда кўп ёлғон гапиргани айтилган. Хулосада айтилишича, Трамп айтаётганлари ёлғон эканини билган ҳолда гапирган. Шунингдек, сайлов кампанияси давомида кўп марта фирибгарлик қилган.

Хўш, Трампга айблов эълон қилинадими? Иш судгача борган экан бу савол табиийки ўртага чиқади. Аммо ҳозирча Трампнинг айби исботланиб, унга қарши ҳукм чиқарилиши аниқ эмас. Баъзи ҳуқуқшунослар прокурор келтирган фактлар етарли эмас деб ҳисобламоқда. Аммо менинг фикримча, бу Трампга қўйилган энг жиддий айблов ва унинг оқибати собиқ президент учун етарлича салбий бўлиши мумкин.

Энг аҳамиятлиси, бу айбловлар Трамп ҳали президент бўлган вақтидаги фаолияти билан боғлиқ. Масалан, март ойида унга қарши илгари сурилган айбловга кўра, Трамп сайлов олдидан порноактрисса Сторми Дэниелсга жим юриши учун пул берган. Аммо бу айблов Трамп президентликка келгунига қадар бўлган муддат билан боғлиқ. Трамп Мар-а-Лагодаги қароргоҳида махфий ҳужжатларни яширгани билан боғлиқ айблов эса унинг президентликдан кетган вақтига тўғри келади.

Бу галги айблов эса жуда жиддий, чунки у Трампнинг бевосита президентлик вақтидаги фаолияти билан боғлиқ. Трамп 2020 йилдаги сайлов натижасини бекор қилишга уринишда айбланмоқда. Айблов хулосасида Трамп президентлик даврида америкаликларни доимий алдаб келгани ҳам айтилган.

Бу галги айблов хулосасида Трампга қарши илгари сурилган аввалги ишларда кўринмаган бандлар ҳам мавжуд. 2021 йил январдаги Капитолийга босқинни ҳамма кўрганди. Махсус прокурор Смит бу босқинда тўғридан тўғри Трампни айблашини айтмаган бўлса-да, унинг чиқишлари ва босқинчиларнинг ҳаракатларида боғлиқлик кўраётганини яширмади.

Баъзи ҳуқуқшунослар Трампга нисбатан илгари сурилаётган бу галги айблов жуда жиддий эканини яна бир сабаб билан изоҳлашган. Уларнинг фикрича, сайловда енгилган Трампнинг ҳаракатлари АҚШ давлатчилиги асоси бўлган ғояларга таҳдид сифатида қаралиши мумкин.

«Сайловчилар томонидан «истеъфога чиқарилган» ҳеч бир АҚШ президенти шаклланган кампания ва ёлғон орқали одамларни қўрқитиш билан ҳукуматда қолишга интилишда айбланмаган. Бунинг оқибатида эса Конгресс ҳоллга ҳужум содир бўлди.

Жим юриш учун пул бериш ва махфий ҳужжатларни яшириш, албатта жиддий нарсалар, аммо тўрт ой ичида Трампга қарши қўзғатилган мана бу учинчи иш энг жиддийси ва у Америка демократиясининг келажагини белгилаб беради», деб ёзади сиёсий таҳлилчи Питер Бейкер New York Times'даги мақоласида.

Махсус прокурор Смит ҳам айблов хулосасида шунга ўхшаш гап ёзган: «Трамп жамиятда чуқур ишончсизлик уйғотди, одамларнинг сайловларга ишончини сўндиришга ҳаракат қилди».

Сайловчилар нима деяпти?

Аммо бу нарсалар сайловчилар учун қанчалик аҳамиятли бўлади? Мен сайловларда Трамп чиндан кўп овоз олгани, Байден фақат фирибгарлик сабаб ғолиб бўлганига ишонадиган кўплаб америкаликлар билан гаплашдим. Трамп тарафдорлари «ёпишиб оладиган» асосий догма мана шу. Аммо бу одамларга Трамп сайловларда ноҳақлик бўлгани ҳақида ҳеч қандай фактга асосланмай гапиргани тушунтириб берилса, нима бўлади? Унинг энг яқин одамлари ютқазганини айтиб туришганини билса, бу сайловчилар нима қилади? Прокурор судда илгари сурадиган айбловлардан кейин ҳам уларнинг Трампга ишончи сақланиб қоладими?

Прокурор Смит суд жараёнини тезроқ ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Бу суд айнан кейинги президентлик сайловлари вақтида ўтиши мумкинлигини билдиради. Трамп эса айни дамда республикачилар орасида президентликка асосий номзод бўлиш учун катта имкониятга эга. Бир сўз билан айтганда америкалик сайловчилар (фақат Трамп тарафдорлари эмас, иккиланаётган республикачилар, партиясизлар, кимга овоз беришни билмай турганлар) Трампнинг «фирибгарлиги, ёлғончилиги, нохолис экани» ҳақида трампчилар уни Оқ уй раҳбарлигига қайтариш кераклиги ҳақида гапириб юрган вақтида эшитишади.

Трамп ҳақида ёзаётганда «мисли кўрилмаган» деган сўзни ишлатиш журналистлар учун одатга айланиб бўлди. Ахир ўтган сайлов натижаларини бекор қилишга уринишда айбланаётган номзод бу борада суд иши кетаётган бир вақтда навбатдаги президентлик сайловида қатнашаётганини яна қандай сўз билан таърифлаш мумкин, деб сўзини якунлаган BBC мухбири Сара Смит.

Мавзуга оид