Жаҳон | 09:50 / 07.08.2023
8082
2 дақиқада ўқилади

Японияда Хиросима атом бомбардимони қурбонлари хотираси ёд этилди

АҚШ Хиросимани атом бомбаси билан бомбардимон қилганининг 78 йиллигига бағишланган маросимда 50 мингга яқин одам қатнашди. Япония ҳукумати дунёни ядровий қуролдан воз кечишга чақирди.

Фото: AP/Kyodo News/picture alliance

Япония 78 йил муқаддам Хиросимага атом бомбаси ташлангани оқибатида қурбон бўлганларни хотирлади. Тинчлик боғида 6 август, якшанба куни фожианинг 78 йиллиги муносабати билан хотира маросими бўлиб ўтди.

Унда 50 мингга яқин киши, жумладан, 100 дан ортиқ давлат ва Европа Иттифоқи вакиллари иштирок этди. Ўтган йилдагидек, Украинадаги уруш фонида Россия ва Беларус дипломатлари таклифнома олмади.

Маҳаллий вақт билан соат 08:15 да (Тошкент вақти билан 04:15) бутун мамлакат бўйлаб бир дақиқалик сукут эълон қилинди, уни ортга ҳисоблаш қўнғироқ садолари остида амалга оширилди. Айнан шу дақиқада 1945 йил 6 августда Америка бомбардимончи самолёти Enola Gay Хиросимага ядровий бомба ташлаган.

«Бутун дунё етакчилари ҳозирда айрим сиёсатчилар томонидан айтилаётган ядровий таҳдидлар ядровий тийиб туриш теорияси нотўғри эканидан дарак беради, - дея маълум қилди Хиросима мэри Кадзуми Мацуи тантанали маросимдаги нутқида - Улар бизни ҳозирги хавфли ҳолатдан идеал дунёга олиб бориш учун дарҳол аниқ қадамларни қўйиши лозим».

Тадбирда ҳам иштирок этган Япония бош вазири Фумио Кисида ўз нутқида шундай деди: «Халқаро бўлинишларнинг чуқурлашиши ва Россиядан келаётган ядро таҳдидлари туфайли ядровий қуролсизланиш йўли янада хавфли бўлиб қолди. Ядро қуролисиз дунё сари интилишда халқаро ҳамжамиятга янги туртки бериш ўта муҳимдир». 

Хиросима 1945 йил 6 августда АҚШ томонидан бомбардимон қилинган. Нагасаки билан биргаликда улар ядро қуролидан жанговар фойдаланилган ягона жойларга айланди. Ҳужум оқибатида Хиросимада 70 000 дан 100 000 гача ва Нагасакида 70 000 киши ҳалок бўлди. Нурланиш касаллигидан вафот этганлар билан бирга ҳалок бўлганлар сони ярим миллиондан ошади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид