Жамият | 21:22 / 08.08.2023
46900
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 17 ёшли қизга ҳужум қилган шахс 10 йилга қамалди

У номусга тегишга суиқасд қилиш моддаси бўйича айбланган.

Фото: Тошкент шаҳри ИИББ

Тошкент шаҳри Миробод туманида 17 ёшли қизга ҳужум қилган шахсга нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар берди.

8 август куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида О.О. (1997 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, ишсиз, муқаддам судланмаган)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланган.

Суд ҳукмига мувофиқ О.О. Жиноят кодексининг 25,118-моддаси (Номусга тегишга суиқасд қилиш) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. У энди жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.

Олий суд биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳри судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилигини маълум қилди.

  • Шу йил апрел ойида интернетда номаълум шахс мактабдан уйига қайтаётган қизнинг орқасидан келиб қучоқлаб олгани, унинг юзидан ўпгач қочиб кетгани акс этган видео тарқалганди. Кўп ўтмай Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати вояга етмаган қизга ташланган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берганди.

Мавзуга оид