Ўзбекистон | 13:59
3002
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда маст ҳолатда машина олиб қочгани айтилган судя лавозимидан озод қилинди

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судяси Рустам Раҳмоновнинг судялик ваколати муддатидан илгари тугатилди. У ёзма аризаси ва Судялар одоби кодекси талаблари бузгани асослари билан лавозимидан озод қилинган.

Маст ҳолда машина олиб қочгани айтилган Миробод туман суди судяси Рустам Раҳмонов лавозимидан озод этилди. Судялар олий кенгаши унга нисбатан ўтказилган хизмат текшируви юзасидан қўшимча ахборот берди.

Маълум қилинишича, Рустам Раҳмоновга нисбатан ўтказилган хизмат текшируви хулосаси Тошкент шаҳар судлари судялари малака ҳайъатида муҳокама қилинган. Қабул қилинган қарорга кўра, у ёзма аризаси ва Судялар одоби кодекси талабларини бузгани асослари билан лавозимидан озод қилинган ҳамда судялик ваколати муддатидан илгари тугатилган.

“Айни жараёнда бошқа судяларининг хатти-ҳаракатлари ҳам ўрганилиб, хизмат текширувининг уларга оид қисми кўриб чиқиш учун тегишли суд судьялари малака ҳайъатига тақдим этилган.

Ҳали якунига етмаган мазкур ҳолат бўйича ижтимоий тармоқларда сиздирилаётган турли мазмундаги хабарларга жавобан эслатиладики, “Судлар тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунларга кўра, кенгаш судяларга нисбатан тўғридан тўғри интизомий чора қўллаш ваколатига эга эмас”, дейилади кенгаш ахборотида.

Қўшимча қилинишича, бундай масала тегишли малака ҳайъатлари ваколатига доир бўлиб, Судялар олий кенгаши томонидан уларнинг (малака ҳайъатларининг) қарорларига нисбатан берилган шикоятлар кўриб чиқилади.

Олдинроқ жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судяси транспорт воситасини олиб қочиш жиноятини содир қилгани, Судялар олий кенгаши унинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказаётгани хабар қилинганди.

Маълумот учун, Рустам Раҳмонов 2024 йилнинг декабрида жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судяси лавозимига яна 10 йил муддатга тайинланганди

Мавзуга оид