Жамият | 11:40 / 09.08.2023
25642
8 дақиқада ўқилади

Жиноятчилик статистикасидаги ўсиш: масъуллар нима дейди?

Аҳоли сони кўпайиши, жиноят содир этиш усулларининг ошиши ва ижтимоий сабаблар натижасида бу рақамлар келиб чиқяпти, дея жиноятчиликка доир рақамларга изоҳ берди Олий суд вакили. ИИВ расмийси халқаро кўрсаткичларга асосан Ўзбекистонда озодликдан маҳрум қилиш жазоси меъёрий ҳолатда эканини айтди.

Олий суд очиқлаган маълумотларга кўра, сўнгги йилларда жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судларида кўрилаётган ишлар, судланувчилар ва озодликдан маҳрум қилинганлар сони ошиб бормоқда. Хусусан, озодликдан маҳрум қилинганлар сони охирги 4 йилда 3 баробарга ошган. Kun.uz Олий суднинг статистик маълумотларидан келиб чиққан саволлар бўйича масъуллар билан суҳбат ташкил қилди.

Меҳмонларимиз – Олий суд судяси Санобар Мамадалиева, Ички ишлар вазирлигининг илмий тадқиқот маркази раҳбари, юридик фанлари доктори, профессор Икром Фозилов ҳамда адвокат Абдумалик Абдуллаев.

— Дастлаб судларда кўриб чиқилаётган ишлар ва иштирокчилар сонига тўхталсак. Нима учун жиноят судларида ишлар сони бунчалик ошиб бормоқда? Жиноятчилик сонининг ошиши нималарга боғлиқ: ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қаттиқроқ ишлаяптими ёки инсонлар жиноятга мойилроқ бўлиб қолганми? Балки ижтимоий аҳвол бунга сабабдир?

Икром Фозилов:

— Судларда жиноий ишларнинг кўриш даражасининг ошиши мамлакатда жиноятчилик ошиб кетаётганини билдирмайди. Жиноятчиликка қарши курашда ўзгаришлар, ислоҳотлар бўляпти ва бу ўз ижобий самарасини бериб, жиноятчилик камайишига эришиляпти. Дейлик, 1991 йилда 88 мингта жиноий иш содир этилган, 2022 йилда 105 200 жиноят содир этилган. 1991 йилда аҳоли сони 20 млн эканини ҳисобга олсак, ҳозирда жиноятчилик камайган.

Жаҳон тажрибасида жиноятчилик даражасини аниқлашда ҳар 100 минг аҳолига нисбатан аниқлаш мавжуд. 1991 йилда 100 минг аҳолига 430 та жиноят тўғри келган бўлса, 2022 йилда 298 та. Энг оғир жиноят бўйича солиштирадиган бўлсак, 2022 йилда мамлакатимизда 365 та қасддан одам ўлдириш жинояти қайд этилган. Халқаро рейтингларга кўра, АҚШ ва Россияда ҳар 100 минг аҳолига 7 та қотиллик тўғри келади, Бразилияда 22 та, Қозоғистонда 3 та, Озарбойжон, Канадада 2 та, Ўзбекистонда эса 1 та.

Ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар кўпроқ ё камроқ ишлаяпти деёлмаймиз. Улар ўз ваколати доирасида иш олиб боришади. Умуман, ислоҳотлар натижасида жиноятчиликка қарши кураш иш услуби ҳам ўзгартирилди.

Ҳозирда жиноятлар аниқланадиган ва олди олинадиган жиноятларга бўлинган. Дейлик, қотиллик, ўғрилик, босқинчилик каби жиноятлар олдини олиш мумкин бўлган жиноятларга киради. Қўшмачилик, наркотик, қурол савдоси кабилар эса аниқланадиган жиноятлар сирасига киради.

Санобар Мамадалиева:

— Аҳоли сони кўпайиши, жиноят содир этиш усулларининг ошиши натижасида бу рақамлар келиб чиқяпти. Бундан ташқари, фуқароларимизда етарли даражада ҳуқуқий билим йўқлиги ҳам таъсир этади. Судларда мен бу нарсани, оқибатларини билмасдим, дейдиганлар етарли.

Ижтимоий сабабларни ҳам бир омил қилиб олиш мумкин. Оиладаги етишмовчилик, зиддиятлар ортидан содир этиладиган қотилликлар бор. Судлар жиноятни малакалашда содир этилиши сабабларига ҳам эътибор қаратади. “Ҳуқуқий билим етарли эмас” дейилади, лекин ҳуқуқий билим ошиши натижасида ҳам жиноятлар сони кўпаймоқда маълум даражада. Яъни фуқаролар ўзларига нисбатан содир этилган кичик жиноятлар юзасидан ҳам судларга ва бошқа органларга мурожаат қиляпти, кўз юмиб қўйиш ҳолатлари камайган.

Абдумалик Абдуллаев:

— Судларда кўрилган ишлар сонига қараб жиноятчиликни белгилаш ҳам бироз нотўғри. Дейлик, қидирувдаги бир шахснинг иши бир неча йилдан кейин кўрилиши мумкин, аризачилар кеч ариза топшириши мумкин.

Кўпроқ оилавий муносабатларда келиб чиққан жиноятлар борасида кўп мурожаат бўлади менга ҳам. Оилалардаги муҳит бузиляпти, ажрашган оилалар фарзандларига етарли тарбия бериш муаммо бўляпти. Ота-оналар ва мактаб ҳамкорлиги йўқ. Бу каби омиллар ҳам сабаб бўлади.

— Озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланганлар сўнгги 4 йилда қарийб 3 баробар ошган. 2019 йилда 6,9 мингдан 2022 йилда 17 мингга ошган. Бу жуда даҳшатли рақамлар эмасми? Нега ҳар йили бу даражада кўп инсонлар қамаляпти?

Санобар Мамадалиева:

— Судланувчининг жинояти, хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб жазо тайинлаш муҳокама қилинади. Бу ҳолатда биринчи навбатда шахсга эътибор берилади, яъни жиноятчиликка потенциали, хулоса чиқаргани кабилар. Агар жамиятдан ажратмасдан тарбиялаш иложи йўқ дейилса, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Фирибгарлик жиноятлари бор. Бундай жиноятда етказилган зарар қопланмаса, сўзсиз озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Қонун талаби шундай. Оғир ва ўта оғир жиноятларда ҳеч қандай истисноларсиз озодликдан маҳрум қилинади.

Икром Фозилов:

— Бу борада қонун доирасида бир қанча енгилликлар ҳам кўзда тутилади. Бир қанча шахсларга енгил жазо бериш, муддатидан олдин озод қилиш каби енгилликлар берилади. Бундан 10 йил олдин қамоқхоналарда 44 мингдан зиёд маҳбус бўлган, 2018 йилда эса 31 мингтани ташкил этган. 2022 йилда эса 27 минг маҳбус бор.

Ҳар бир маҳбус маълум даражада давлат бюджетига юклама беради. Шунинг учун инсонпарварлик институтлари қўлланади. Шунинг учун ҳозирда бизда озодликдан маҳрум қилиш жазоси меъёрий ҳолатда, десак бўлади.

Абдумалик Абдуллаев:

— Қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган айбланувчига судларда ҳам озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши эҳтимоли катта бўлади, шундай ёндашув бор. Жабрланувчилар билан яраштириш масаласи ҳам қийинлашиб боряпти, шу сабаб таъсир қилади жараёнга.

— Эътибор қилган бўлсангиз, статистикага кўра, 2019 йилдан буён ҳар йили 20 мингдан ортиқ шахс муддатидан олдин жазодан шартли озод қилинган, 10 минг атрофидаги судланувчиларнинг жазоси эса енгилроғига алмаштирилади. Бундай ҳолатда жазоланган шахсларни назорат қилиш ва умуман жазонинг муқаррарлиги шубҳа остида қолмайдими? Масалан, кимгадир шартли озодликка чиқиб келаман ёки жазони енгилроғига алмаштириб оламан, деган кайфиятни бермайдими?

Санобар Мамадалиева:

— Муқаддам судланган шахслар иши судда кўрилганда таҳлил этилади. Кўпчилигида маълум сабабларга кўра озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмаган бўлади ва бу вазиятда улар тўғри хулоса чиқармайди. Судлар томонидан тайинланадиган жазоларнинг мақсади қайта тарбиялаш бўлади. Муддатидан илгари озод этиладиганларнинг иши ҳам судларга юборилади ва судлар яхши томонга ўзгаришни кўролса, енгиллик берилади уларга.

Икром Фозилов:

— Шартли озод қилиш институтларининг қўлланиши жиноятчилик даражасига таъсир қиляптими, деган масала бўйича тадқиқотлар бўляпти. Шу кунгача қилинган тадқиқотларга кўра, бу нарса жиноятчиликка салбий таъсир қиляпти. 2022 йилда 90 мингдан ортиқ одам жиноят содир этган бўлса, шулардан 11 минг нафардан кўпроғи муқаддам судланган шахслар ҳисобланади. Бу дегани 13 фоиз (1/9) жиноятларни аввал жиноят содир этганлар амалга оширган.

Бу борада хорижий тажрибалар ўрганилмоқда. Хорижда бу борада махсус комиссиялар фаолият юритади. Бизда ҳам бу борадаги ишларни такомиллаштириш керак ҳали.

Абдумалик Абдуллаев:

— Ҳали такомиллаштирилиши ва ўрганилиши керак бўлган институт бу. Жазони енгиллаштириш худдики жазони ижро этиш муассасанинг ҳуқуқи бўлиб қолгандек, судга тақдимномани айнан улар беради. Инсон омили бор бунда. Такомиллаштиришда шу жиҳатлар ҳам эътиборга олиниши керак.

·       Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Нидо

Мавзуга оид