Ўзбекистон | 18:48 / 14.08.2023
16944
2 дақиқада ўқилади

«Учтомонлама газ иттифоқи бўйича расмий таклиф олмадик» - Қозоғистон Энергетика вазирлиги

 Қозоғистон Энергетика вазирлиги Россия ва Ўзбекистон билан «учтомонлама газ иттифоқини» тузиш бўйича расмий таклиф олмагани, ҳамкорлик иккитомонлама форматда олиб борилаётганини маълум қилди.

Фото: РИА Новости

Қозоғистон Энергетика вазирлиги Россия ва Ўзбекистон билан газ саноати соҳасида ҳамкорлик қандай амалга оширилаётганини баён қилди.

Энергетика вазирлиги расмий вакили Чингиз Илёсов сўзларига кўра, 2022 йил ноябрь ойида газ соҳасида мамлакатлар ўртасида учтомонлама ҳамкорликни шакллантириш ташаббуси Россия томонидан эълон қилинган. Аммо бу борада расмий таклиф бўлмаган.

«[Учтомонлама газ иттифоқи] бўйича на Россия, на Ўзбекистон томонидан расмий таклиф бўлди. Бу давлатлар билан газ соҳасида ҳамкорлик ўзаро манфаатли шериклик асосида иккитомонлама форматда амалга оширилмоқда», деди Илёсов.

Қозоғистон газ транспорт тизими Россия газини Ўзбекистон йўналиши бўйича транзит қилиш учун имкониятга эга эканини ҳисобга олиб, Қозоғистон ҳукумати ва Россиянинг «Газпром» компанияси ўртасида чора-тадбирлар режаси имзоланган. У Россия газини Ўзбекистонга ташиш учун «Марказий Осиё – Марказ» магистраль газ қувурини техник тайёрлашни ўз ичига олади.

«Бугунги кунда Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиш учун «Марказий Осиё - Марказ» газ қувурининг Қозоғистон қисмини техник жиҳатдан тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ишлар 2023 йил 1 октябргача якунланиши режалаштирилган», деди Энергетика вазирлиги вакили.

Аввалроқ, Қозоғистоннинг QazaqGaz компанияси 2023 йил октябрь ойидан бошлаб «Марказий Осиё – Марказ» қувури орқали Россия газини Ўзбекистонга транзит қилишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.

 

Мавзуга оид