Ўзбекистон | 11:40 / 14.08.2023
10896
3 дақиқада ўқилади

Ташкилотларга ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тартиби белгиланди

Танлов натижасига кўра, энг юқори балл тўплаган номзод танлов ғолиби ҳисобланади ва у бўш (вакант) иш ўрни мавжуд бўлган тақдирда ишга қабул қилинади.

Ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тўғрисидаги намунавий низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, намунавий низомда ишга қабул қилиш чоғида танловни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда номзодларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш тартиби белгиланган.

Ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш учун ташкилот раҳбарининг буйруғи билан доимий фаолият юритадиган танлов комиссияси ташкил этилади.

Танлов комиссияси таркиби ташкилотнинг ходимлари ва тегишли соҳанинг малакали мутахассислари орасидан камида беш кишидан иборат ва тоқ сонли таркибда шакллантирилади.

Танлов комиссияси томонидан танлов тадбирлари ўтказилишидан камида бир ой олдин ташкилотнинг расмий веб-сайтида бўш (вакант) иш ўринлари бўйича маълумотлар ҳамда танлов ўтказиш жойи ва кунлари, танлов тадбирларида берилиши мумкин бўлган саволларнинг намунавий рўйхати жойлаштирилади.

Номзодлар танлов комиссиясига намунавий низомнинг иловасига мувофиқ шаклдаги ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади. Танлов комиссияси томонидан номзоднинг аризаси келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни ичида унда кўрсатилган маълумотлар ўрганиб чиқилади.

Танловда қатнашиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган номзодларга танлов тадбирлари бошланишидан беш кун олдин танлов тадбирларининг бошланиш вақти ва жойи ҳақида танлов комиссияси томонидан хабар берилади.

Номзоднинг иш тажрибаси ва касбий компетенциясини аниқлаш учун танлов комиссияси томонидан тест, суҳбат ва амалий машғулот синов тадбирларининг барчаси ёки улардан бири ўтказилиши мумкин. Танлов тадбирларини ўтказиш вақтида номзоднинг натижалари (танлов натижалари) баллик тизимда баҳоланади.

Танлов тадбирлари фақат тест синовлари бўйича ўтказилган тақдирда номзоднинг натижалари 100 баллик тизимда баҳоланади. Бунда, тест саволлари 50 тани ва ҳар бир тўғри жавоб 2 баллни ташкил қилади. Танлов тадбирлари фақат суҳбат ва амалий машғулот шаклида ўтказилган тақдирда номзоднинг натижалари 5 баллик тизимда баҳоланади.

Танлов натижасига кўра, энг юқори балл тўплаган номзод танлов ғолиби ҳисобланади ва у бўш (вакант) иш ўрни мавжуд бўлган тақдирда ишга қабул қилинади.

Намунавий низом талаблари ишга қабул қилиш учун танлов ўтказиш тартиби алоҳида қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Мавзуга оид