Жаҳон | 08:27 / 15.08.2023
14848
3 дақиқада ўқилади

«СБУ» собиқ генерали Россия фойдасига жосуслик қилгани учун 12 йилга қамалди

Тергов маълумотларига кўра, Украина махсус хизмати генерал-майори Валерий Шайтанов Донбасс бўйича ишлаган «ФСБ» полковнигининг агенти бўлган. У давлатга хиёнат қилиш ва теракт тайёрлашда айбдор деб топилди. 

Фото: censor.net

Киевнинг Шевченко туман суди Украина Хавфсизлик хизмати («СБУ») собиқ ходими генерал-майор Валерий Шайтановни 12 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда 14 август, душанба куни «СБУ» ва Украина Бош прокуратураси матбуот хизматлари маълум қилди

Илгари «А» махсус операциялар марказини бошқарган Шайтанов давлатга хиёнат қилиш, террористик ҳаракатга уриниш, шунингдек, ўқотар қурол, ўқ-дорилар ёки портловчи моддалар билан ноқонуний муомалада бўлишда айбдор деб топилди. Суд қамоқ муддатидан ташқари ишда иштирок этган шахснинг мол-мулкини мусодара қилишни белгилади.

«Бобил» лақабли «ФСБ» агенти

Иш материалларидан маълум бўлишича, Шайтанов «Бобил» тахаллуси остида Россия Федерал хавфсизлик хизмати («ФСБ») полковниги Игор Егоров билан яширин алоқада бўлган. «Элбрус» чақирув белгиси остида ишлаган Егоров 2014 йил ёзида Донбассдаги ҳаракатлар ташкилотчиларидан бири бўлган, дея таъкидлайди «СБУ».

Терговчилар, шунингдек, Шайтанов «аксилтеррорчилик операциялари ҳудудидаги махфий операциялар ва уларда иштирок этган ходимлар, «СБУ» тезкор ходимлари ва аксилразведка ходимлари тўғрисида»ги маълумотларни тўплаган ва Россия томонига топширганлигини аниқлади.

Бундан ташқари, Россия махсус хизматлари кўрсатмаси билан маҳкум «СБУ» собиқ ҳарбийлари орасидан террорчилик ҳаракатини содир этиш учун шахсларни қидирган, дейилади Украина Бош прокуратураси баёнотида. Унинг мақсади «2015 йил февралидан Украина шарқидаги уруш пайтида Жоҳар Дудаев номидаги халқаро тинчликпарварлар батальонига раҳбарлик қилган Чеченистон Ичкерия Республикаси қуролли кучлари майорини» ўлдириш эди.

«СБУ» Шайтановни 2020 йилда қўлга олган

Шайтанов 2020 йил апрель ойида «СБУ» аксилразведкаси томонидан ўтказилган кўп босқичли махсус операция натижасида қўлга олинган эди. Ўшанда у Россия махсус хизматлари кўрсатмаси билан Украина томонида Донбассда жанг қилган чечен қўмондони Адам Осмаевни ўлдиришга тайёргарлик кўргани маълум бўлди.

Мавзуга оид